Самарқанд ва Дубровник шаҳарлари биродарлашади
Юртимизга ташриф буюрган Хорватия парламентининг конституция, регламент ва сиёсий тизим қўмитаси аъзоларидан иборат делегация бугун Самарқандда бўлди.
Самарқанд шаҳар ҳокими Фазлиддин Умаров билан учрашувда Хорватия парламенти вакиллари Самарқанд ва Дубровник шаҳарлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш истиқболларини муҳокама қилдилар.
– Мазкур ташриф Ўзбекистон ва Хорватия ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилгани билан аҳамиятли, – дейди Хорватиянинг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Рефик Шабанович. – Ўзбекистон парламенти ва ҳукумати вакиллари билан учрашувларда Тошкентда Хорватия элчихонасини, Самарқанд шаҳрида эса мамлакатимиз консуллигини очиш ҳақида сўз борди. Шунингдек, муносабатларимизни Самарқанд ва Дубровник шаҳарларини биродар шаҳарлар сифатида боғлаш орқали яна ҳам мустаҳкамлаш кўзда тутилган. Дубровник ҳам Самарқанд каби туризм шаҳри ҳисобланади. Бу шаҳарда 40 мингдан зиёд аҳоли яшаса-да йилига қарийб тўрт миллион сайёҳни қабул қилади ва туризм бўйича юқори тажрибага эга. Ўйлайманки, бу борадаги ҳамкорлик икки шаҳар учун ҳам манфаатли бўлади.
Хорватия парламенти вакиллари транспорт, фармацевтика, алоқа ва IT йўналишларида ҳам ҳамкорликни йўлга қўйиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашдилар.
– Самарқанд шаҳрига келадиган сайёҳлар сонини 2030 йилга қадар 10 миллион нафарга етказишни мақсад қилган эканмиз Дубровник билан бу борада ҳамкорлик бизга қўл келиши мумкин, – деди Самарқанд шаҳар ҳокими Ф.Умаров. – Шаҳримизда инфратузилмани модернизация қилиш, хизмат кўрсатиш сифатини халқаро стандартлар даражасига олиб чиқиш, ноёб тарихий колоритни глобал миқиёсда тарғиб этишда хорват дўстларимиз тажрибасини ўргансак, ҳамкорликда ишласак, фойдадан холи бўлмайди.
Ташриф дастури доирасида делегация аъзолари Самарқанддаги тарихий- маданий ёдгорликлар, диққатга сазовор масканларни томоша қилди.