Ўзбекистон ЮНЕСКОнинг Буюк ипак йўли дастури билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО ҳузуридаги доимий ваколатхонаси Ташкилот бош қароргоҳида ўтказилган Буюк ипак йўли дастурининг йиғилишида иштирок этди.

Тадбирда, шунингдек, ЮНЕСКО бош директорининг ижтимоий ва гуманитар фанлар бўйича ўринбосари Габриэла Рамос, Қозоғистон, Хитой, Озарбайжон, Уммон, Мўғулистон, Яман ва бошқа давлатларнинг мазкур ташкилот ҳузуридаги доимий ваколатхоналари раҳбарлари ва ходимлари қатнашди.

ЮНЕСКО раҳбари ўринбосари Габриэла Рамос Буюк ипак йўли дастурининг фаолияти юзасидан ҳисобот тақдим этиб, яқин истиқболдаги режалар билан ўртоқлашди дея хабар бермоқда "Дунё" АА.

Тақдимотда дастур доирасида ҳозирда амалга оширилаётган "Буюк ипак йўли ёшлар нигоҳларида" фотосуратлар танлови, "Буюк ипак йўли ёшлар тадқиқот гранти", "Буюк ипак йўли дастури учун масъул шахсларнинг халқаро тармоғи" ва "Буюк ипак йўлида маданий алмашинувларнинг тематик тўплами" ташаббуслари ҳақида маълумот берилди.

ЮНЕСКО бош директори ўринбосари Буюк ипак йўли дастурининг бошқа халқаро ташаббусларни амалга оширишдаги иштирокига ҳам эътибор бериб, бу борада Ўзбекистон билан ҳамкорликдаги лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратди.

Хусусан, ЮНЕСКО Буюк ипак йўли дастури билан ҳамкорликда 2021 йил 14-15 сентябрь кунлари Хива шаҳрида ташкил этилган "Марказий Осиё – жаҳон цивилизациялари чорраҳасида" халқаро маданият форуми ва 2023 йил 4-8 сентябрь кунлари ЮНЕСКО бош қароргоҳида улуғ аллома Абу Райҳон Беруний ҳаёти ва ижодига бағишлаб ўтказилган халқаро кўргазма ҳамда концерт дастурига юқори баҳо берди.

Мазкур ҳамкорликнинг мантиқий давоми сифатида ҳозирда Сунъий идрок соҳасида одоб-ахлоқни тарғиб этиш орқали илмий мулоқотни рағбатлантириш бўйича Абу Райҳон Беруний номидаги ЮНЕСКО-Ўзбекистон халқаро мукофотини таъсис этиш борасида тегишли ишлар олиб борилаётганлигини маълум қилди.

2025 йилда ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясига тарихан Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган Самарқанд шаҳри мезбонлик қилишини инобатга олиниб, анжуман доирасида ҳамкорликда мазкур дастур фаолиятига бағишланган қўшимча тадбир (сайд-ивент) ташкил этиш таклиф этилди.

Йиғилишда сўзга чиққан давлатлар вакиллари томонидан Буюк ипак йўли дастурининг фаолиятига ижобий баҳо берилиб, унга кенг жамоатчиликни жалб қилиш ва натижаларини намойиш қилиш бўйича фаолиятни янада жадаллаштириш лозимлиги таъкидланди.

Доимий ваколатхона Ўзбекистон томонидан Буюк ипак йўлида жойлашган давлатлар билан ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга катта аҳамият берилаётганлигини, шунингдек, келгусида ҳам мазкур дастурда фаол иштирок этишга тайёрлик билдирилди.

Ўзбекистон дастур доирасидаги "Буюк ипак йўли ёшлар нигоҳларида" фотосуратлар танлови, "Буюк ипак йўли ёшлар тадқиқот гранти", "Буюк ипак йўли дастури учун масъул шахсларнинг халқаро тармоғи" ва "Буюк ипак йўлида маданий алмашинувларнинг тематик тўплами" ташаббусларини амалга ошириш бўйича ўзаро ҳамкорликни янада жадаллаштириш, хусусан, уларда республика вакиллари иштирокини кенгайтиришдан манфаатдор эканлиги таъкидланди.

Йиғилиш иштирокчиларига 2025 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясига тайёргарлик бўйича республикада амалга оширилаётган амалий саъй-ҳаракатлар ҳақида батафсил маълум берилди. Бўлажак анжуман доирасида ЮНЕСКОнинг Буюк ипак йўли дастури томонидан қўшимча тадбир ўтказишда барча зарурий кўмак кўрсатилиши маълум қилинди.

ЮНЕСКОнинг Буюк ипак йўли дастурига мазкур қадимий савдо, илм-фан ва маданий алмашув тармоғининг бой тариҳи ва умумий меросини ўрганиш, турли маданиятларнинг ўзаро таъсирини тадқиқ этиш мақсадида 1988 йилда асос солинган.

Буюк ипак йўли дастури доирасида ушбу тарихий тармоқ бўйлаб шаклланган келган ҳамкорлик алоқаларни рақамли муҳитда қайта тиклаш ва кенгайтириш бўйича ташаббуслар амалга ошириб келинмоқда. 2023 йил 6 апрелда ушбу дастурнинг 35 йиллиги ЮНЕСКО бош қароргоҳида кенг нишонланган эди.