Ўзбекистоннинг мактабгача таълим соҳасидаги ислоҳотлари эътироф этилди

Самарқанд шаҳрида ЮНEСКО Бош конференциясининг 43-сессияси доирасида “Мустаҳкам мажбурият ва минтақавий ҳамкорлик орқали мактабгача таълимни ривожлантириш” мавзуида тадбир ташкил этилди.

Унда Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги мутасаддилари, ЮНЕСКОнинг таълим соҳаси бўйича масъуллари ва Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда ЮНИCEФ вакиллари иштирок этди.

Дастлаб мамлакатимизда мактабгача ва мактаб таълими тизимидаги ислоҳотлар ҳақида видеоролик намойиш этилди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова, ЮНЕСКО Бош директорининг таълим бўйича ўринбосари Стефания Жаннини бугунги кунда болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш борасида амалга оширилаётган ишлар, бу борада ЮНЕСКО ташаббус ва лойиҳаларининг аҳамияти ҳақида сўз юритдилар. Мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини замонавий, инклюзив ва инновацион муҳит асосида ташкил этиш йўлида тизимли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Тарбиячиларнинг малакасини ошириш, ота-оналар билан ҳамкорликни кучайтириш, таълим жараёнига рақамли технологияларни жорий этиш орқали сифат янги босқичга кўтарилмоқда.

Статистик маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 3-7 ёшли болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш кўрсаткичи 2022 йилда 71,8 фоизни ташкил этган бўлса, 2025 йилга келиб 77 фоизга етказилди.
Тадбир давомида ЮНEСКО шафелигида Тошкент шаҳрида ташкил этилаётган Мактабгача таълимни ривожлантириш бўйича II тоифали минтақавий марказ ҳақида ҳам маълумот берилди.

- Бу марказ Ўзбекистоннинг сўнгги йиллардаги ташаббуслари ва саъй-ҳаракатларининг мантиқий давоми бўлиб, мамлакатимиз ва бутун минтақамиз учун янги масъулият ва янги имкониятларни очади, - деди Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова. - Марказнинг асосий вазифаси - эрта болалик таълими соҳасида минтақавий етакчиликни ривожлантириш, билим ва тажриба алмашувини йўлга қўйиш, илмий тадқиқот ва сиёсат таҳлилларини чуқурлаштиришдир.

Марказнинг яратилиши - Ўзбекистоннинг ЮНEСКО билан кўп йиллик ишончли ҳамкорлиги ва эрта таълимни ривожлантириш бўйича глобал саъй-ҳаракатлардаги етакчилигини янада мустаҳкамлайди.
У халқаро ҳамжамият учун очиқ платформа бўлади - тажриба, инновация ва илмий янгиликларни баҳам кўриш майдонидир. Шу орқали Тошкент шаҳри эрта болалик таълими бўйича Марказий Осиёнинг илмий ва таълимий марказига айланади.

Анжуман давомида соҳа масъуллари, маҳаллий ва халқаро экспертлар томонидан мамлакатимизда мактабгача таълимни ривожлантириш борасидаги ишлар таҳлил қилиниб, уни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар билдирилди.