Фильтрланмаган сув зарарлими?
Ҳар куни крандан ичадиган сувимиз аслида организмга зиён келтирадими? Кран суви таркибидаги хлор, оғир металлар ва бактериялар инсон саломатлигига қандай таъсир қилади? Мутахассисларнинг сўнгги текширувлари шуни кўрсатдики, ҳар йили фильтрланмаган сув сабаб юзлаб касалликлар қайд этилмоқда.
Эҳтимол, сиз сувни қайнатиб ичиб, хотиржам юрган бўлишингиз мумкин. Бироқ сувни қайнатиш уни хавфсиз қилмайди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, кран сувидаги кўзга кўринмас аралашмалар аста-секин организмга тўпланиб, жиддий касалликларга олиб келиши мумкин.
Фильтрланган сув – бу турли хил фильтрлар (тозалагичлар) ёрдамида зарарли аралашмалардан, хлордан, оғир металлардан ва бактериялардан тозалаб олинган ичимлик сувидир. Кран сувидан фарқли ўлароқ, у инсон саломатлиги учун хавфсиз ва фойдали ҳисобланади. Фильтрланган сувнинг сифати тозалаш тизимига ва фильтрларни ўз вақтида алмаштириб туришга бевосита боғлиқ. Эскирган ёки ифлосланган фильтр сувни тозаламайди, балки уни янада ёмонлаштириши мумкин.
Фильтрланган сувнинг афзалликлари нимадан иборат?
· Зарарли моддалардан тозалайди: Фильтрлар сувни хлор, оғир металлар (масалан, қўрғошин, симоб), пестицидлар ва бошқа зарарли кимёвий бирикмалардан тозалайди. Баъзи замонавий фильтрлар, масалан, тескари осмос технологиясига асосланганлари, сувни 99,7% гача тозалай олади.
· Таъми ва ҳидини яхшилайди: Фильтрланган сув хлор ва бошқа аралашмаларнинг ёқимсиз таъми ва ҳидидан холи бўлади. Натижада, ундан тайёрланган чой ёки кофенинг таъми янада бой ва ёрқинроқ бўлади.
· Фойдали минералларни сақлайди: Яхши фильтрланган сув зарарли моддалардан тозаланган бўлиб, организм учун зарур бўлган фойдали минералларни (масалан, калий, магний) сақлаб қолади ва организмни шу элементлар билан бойитиши мумкин.
· Саломатликка ижобий таъсир кўрсатади: Тоза сув истеъмоли организмдаги физиологик жараёнларни нормаллаштиришга ёрдам беради. Тадқиқотлар давомида фильтрланган сув қон босимини пасайтириши ва яллиғланиш жараёнларини камайтириши мумкинлиги аниқланган.
· Қайнатилган сувга нисбатан бир қатор устунликлари бор: Сувни қайнатиш бактериялардан тозаласа-да, фойдали минералларни йўқотади ва хлор билан зарарли бирикмалар ҳосил қилиши мумкин. Фильтрланган сув бу камчиликлардан холи бўлиб, кўп мутахассислар томонидан кундалик фойдаланиш учун тавсия этилади.
Уй шароитида сувни тозалашнинг асосий усуллари
Сувни тозалашнинг энг кенг тарқалган ва самарали усуллари қуйидагилардир:
· Фильтрлаш: Сув фильтрловчи материал (масалан, фаоллаштирилган кўмир, қум, керамика) орқали ўтказилиб, ундаги аралашмалар, ҳид ва таъмлар тозаланади.
· Қуёш нури билан тозалаш: Сувни шаффоф идишга солиб, кун бўйи қуёшда қолдириш орқали ультрабинафша нурлари микроорганизмларни зарарсизлантиради.
Фильтрланган сув бу саломатликка зарарли моддалардан холи, таъми яхшиланган ва организм учун фойдали минералларга бой бўлган ичимлик сувидир. Сувни фильтрлаш уни кран суви ва қайнатилган сувга нисбатан афзалроқ ҳолатга айлантиради.
Фируза САИДОВА,
Самарқанд давлат тиббиёт университети
патологик физиология кафедраси ассистенти.