Ихтисослаштирилган мактаблар: билим, иқтидор ва маҳорат бирлашган маскан
Республика Президентининг 2022 йил 14 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш тўғрисида”ги фармони билан бошланган тарихий ислоҳотлар бугун Самарқандда ўз мевасини бермоқда.
Ўша йили вилоятда 15 та ихтисослаштирилган мактаб ўз фаолиятини бошлаган бўлса, бугунги кунга келиб Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимида 1 та Президент мактаби, 1 та Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб Самарқанд филиали, 1 та Муҳандислик мактаби ҳамда туман ва шаҳарларда 19 та ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатлари фаолият юритмоқда.
Ихтисослаштирилган мактабларга айнан иқтидорли, билимли болаларнинг танлаб олинаётгани ва уларга маҳоратли ўқитувчиларнинг дарс бераётгани аҳамиятлидир. Бугун нафақат ота-оналар, балки ўқувчиларнинг ўзлари ҳам ихтисослаштирилган мактабда ўқишга ҳаракат қиляпти. Ҳар йили бундай мактабларга кириш имтиҳонларида талабгорларнинг ҳаддан зиёд кўплиги фикримизнинг исботидир.
Аслида ихтисослаштирилган мактаблар ривожланган мамлакатлар тажрибасидан амалиётга жорий этилди. Бугун билимга чанқоқ болалар айнан шаҳарга қатнаб ўқиши шарт эмас. Ҳар бир туман (шаҳар)да ихтисослаштирилган мактаб ёки мактаб-интернатлар бор. Уларда меҳнат қилаётган ўқитувчилар ҳам уч босқичли саралаш имтиҳонидан танлаб олинган бўлиб, ҳар бири ўз билимини болаларга мукаммал бера олади.
Ўқувчиларга ихтисослаштирилган мактабларда тушликкача дарс ўтилади, тушликдан кейин қўшимча дарслар, тўгараклар, спорт машғулотлари ташкил қилинади. Ҳатто уйга вазифани ҳам ўқувчилар мактабнинг ўзида тайёрлашади. Иқтидорли, аълочи ўқувчиларнинг бир мактабда ўқиши ва уларга билимли ва маҳоратли ўқитувчиларнинг дарс бериши албатта яхши самара беряпти.
Факт ва рақамларга тўхталадиган бўлсак, 2023-2024 ўқув йилида ўз фаолиятини бошлаган Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг Самарқанд филиалида бугун 382 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Бу йил мактабнинг илк битирувчилари 19 нафар бўлиб, уларда 73 та миллий сертификат, 8 та IELTS, 7 та SAT сертификатлари мавжуд. Шуниси қувонарлики, битирувчиларнинг 5 нафари барча фанлардан сертификат олган.
Ушбу мактаб битирувчилари дунёнинг 22 дан ортиқ TOP хорижий университетларига қабул қилиниб, жами 2 898 400 АҚШ доллари миқдоридаги грантларни қўлга киритди. Масалан, Дамирбек Камолиддинов 1 218 000 АҚШ долларилик грант, Акобир Раҳмонов 796 400 АҚШ долларилик грант, Бакир Эгамбердиев 753 000 АҚШ долларилик грант, Асила Акбарова 131 000 АҚШ долларилик грант соҳиблари бўлишди.
Мазкур мактабнинг ютуқлари ҳақиқатда мақтовга лойиқ. Бу йил мактаб жамоаси STEM олимпиадасида 13 та совринли ўринни қўлга киритиб, вилоятда 1-ўринни эгаллади. Шунингдек, ўқувчилар халқаро олимпиадаларда ҳам иштирок этяпти. Масалан, Фариза Мирзаёрова II Очиқ Халқаро география олимпиадасида бронза медалига лойиқ деб топилди.
Бундан ташқари, мактаб ўқувчилари “Рақамли авлод қизлари”, “Robo Coding”, “Ихтирочиликка қадам” ва “Турон” театр жамоалари танловларида вилоят ҳамда республика босқичларида юқори натижаларга эришди.
Туман (шаҳар)лардаги ихтисослаштирилган мактаблар ҳам яхши натижалар кўрсатяпти. Масалан, Самарқанд шаҳар 1-сон ихтисослаштирилган мактаб-интернати битирувчиларининг ҳаммасида камида битта миллий ёки халқаро сертификат мавжуд. Ўқувчилар SAT сертификати бўйича 1520 баллгача, IELTS ва CEFR дан 14 та юқори даражали сертификатлар олишди.
Уларнинг 4 нафари максимал 189 балл билан муддатидан олдин талаба бўлди. Шунингдек, 9-синф ўқувчиси Ҳабибабегим Маҳмудова Италиянинг H-FARM International IB School мактабига 100 фоизлик грант ютиб олди.
Паст Дарғом туман 2-сон ихтисослаштирилган мактабнинг 12 нафар битирувчисидан 9 нафари максимал 189 балл тўплади ва муддатидан олдин талабалик бахтига сазовор бўлди. Битирувчилар томонидан хорижий университетларга 280 минг АҚШ доллари миқдорида грант қўлга киритилди. Шунингдек, ўқувчилар WMI халқаро математика олимпиадасида 1 та олтин ва 2 та кумуш медалга лойиқ деб топилди.
Ургут туман ихтисослаштирилган мактабнинг барча 11 нафар битирувчиси 189 балл билан муддатидан олдин талабаликка тавсия этилди. Хорижий университетлардан 260 минг АҚШ доллари миқдорида грант олинди.
Каттақўрғон шаҳар ихтисослаштирилган мактаби ўқувчилари 477 та, педагоглари эса 51 та миллий ва халқаро сертификатларни қўлга киритди. 4 нафар битирувчи 189 балл билан муддатидан олдин талабаликка тавсия этилди.
Бундай мисолларни яна давом эттириш мумкин. Қолган туманлардаги ихтисослаштирилган мактаблар ҳам яхши натижаларга эришмоқда. Мактаб битирувчиларининг деярли барчаси фанлардан миллий ва халқаро сертификатларни қўлга киритмоқда.
Ватанимиз мустақилликка эришганидан сўнг мактаб таълимида амалга оширилган ислоҳотлардан бири ихтисослаштирилган мактабларнинг очилиши бўлди. Бундай мактаблар туман ва шаҳарларда янгидан қурилди, замонавий жиҳозланди ва ўқув жараёни халқаро таълим дастурлари асосида ишлаб чиқилган замонавий дарсликлар асосида олиб борилмоқда. Ихтисослаштирилган мактабларга кириш имтиҳонлари аниқ ва табиий фанлар, хорижий тиллар ҳамда мантиқий фикрлаш бўйича бўлиб, ушбу фанлар ўқув жараёнида чуқурлаштириб ўқитилади. Мақсад ўқувчилар нафақат Ватанда, балки хорижда ҳам ўқишини давом эттира олиши ва мамлакат ривожига ҳисса қўшадиган мутахассислар бўлиб етишишига замин яратишдир.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.