Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида Самарқанддан кимлар иштирок этади?

Ўзбекистоннинг шахмат бўйича биринчи чемпионати 1930 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказилган. 1973 йил охирларида ушбу шаҳарда фаолият бошлаган шахмат мактаби эса узоқ йиллар давомида республикада ягона бўлиб келган.

Ана шу мактабдан Шуҳрат Сафин, Тоҳир Воҳидов, Жаҳонгир Воҳидов, Иброҳим Ҳамроқулов, Жўрабек Ҳамроқулов, Алексей Барсов, Марат Жумаев каби гроссмейстерлар етишиб чиққан.
Сўнгги йилларда Самарқандда шахматнинг блиц ва рапид йўналишлари бўйича VI жаҳон чемпионати, IIII “Women’s Chess Championship” ҳамда “Grand Swiss 2025” халқаро турнирлари юқори савияда ўтказилди. Шахматчиларимиз эришаётган ютуқлар ва мавжуд салоҳиятдан келиб чиққан ҳолда 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ҳам Ўзбекистонга, хусусан, Самарқандга ишониб топширилди.

Шу йилнинг 10-18-сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида имконияти чекланган шахматчилар ўртасидаги III Бутунжаҳон пара-шахмат олимпиадаси, 15–29 сентябрь кунлари эса 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ўтказилади. Олимпиадада 45 га яқин мамлакат терма жамоаларидан 600 нафар шахматчи иштирок этиши кутилмоқда. Мезбон мамлакат сифатида Ўзбекистон эркаклар ва аёллар ўртасида учтадан жамоа билан қатнашади.

Давлатимиз раҳбарининг “2026 йил Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига комплекс тайёргарлик кўриш ҳамда шахматни оммавий ҳаракатга айлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Самарқанд шаҳрида мусобақага қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

– Мусобақанинг асосий баҳслари “Ипак йўли” халқаро туристик марказида ўтказилади, – дейди вилоят шахмат федерацияси ижрочи директори Илҳом Эргашев. – Турнирни юқори савияда ташкил этиш мақсадида ташкилий қўмита тузилиб, ФИДЕ билан ҳамкорликда йўл харитаси ишлаб чиқилди. Делегациялар, ҳакамлар ва иштирокчилар учун логистика ҳамда хавфсизлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, Самарқанддаги спорт иншоотлари халқаро талабларга мослаштирилиб, замонавий электрон шахмат доскалари, рақамли трансляция тизимлари, супер компьютерлар ва бошқа техник воситалар билан жиҳозлаш ишлари якуний босқичда. Нуфузли мусобақаларнинг олимпиада дастурида вилоятимиздан миллий терма жамоа сафида гроссмейстер Жаҳонгир Воҳидов, халқаро тоифадаги шахматчи қизлар Афруза Ҳамдамова, Гулдона Каримова, Маржона Маликова, Озода Шаҳзодова ҳамда Шоҳина Аҳмедова, III Бутунжаҳон пара-шахмат олимпиадаси дастурида эса Илҳом Ғуломов, Амрилло Абдуллаев ва Илҳом Эргашев юртимиз шарафини ҳимоя қилиши кутилмоқда.

Ушбу мусобақа мамлакатимиз спортидаги энг катта воқеалардан бири ҳисобланади. Олимпиада орқали нафақат Ўзбекистон шахмати, балки Самарқанднинг бой тарихи, сайёҳлик салоҳияти ва замонавий инфратузилмаси бутун дунёга намойиш этилади. Шу билан бирга, келгуси авлод шахматчиларини тарбиялашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Дарвоқе, олимпиада доирасида ФИДЕ Бош Ассамблеяси йиғилиши ва ташкилот президентлигига сайловлар ҳам Самарқандда ўтказилади.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.