Самарқандда яна бир янги лойиҳа
Самарқанд шаҳрининг бир нечта ҳудудида йўллар таъмирланиб, кўчалар ва яшил масканлар замонавий қиёфа касб этмоқда.
Бу ишлар Абу-Даби тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан “Самарқанд шаҳрида сув таъминоти тизимлари ва йўл тармоқларини модернизация қилиш” лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда.
Жумладан, Ҳабиб Абдуллаев кўчасининг 650 метрлик қисмига уч қатламли мустаҳкам асфальт қопламаси ётқизилди. Пиёдалар йўлаклари ва замонавий тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди.
Шу билан бирга Самарқанд давлат техника университетига ёндош Мирзо Улуғбек боғида ҳам ободонлаштириш ишлари бажарилди. Яшил майдонлар барпо этилиб, замонавий суғориш тизимлари ўрнатилди.
Соя-салқин сайр йўлаклари, болалар ўйингоҳи ва спорт майдончалари эса боғни аҳоли ва ёшлар учун янада қулай масканга айлантирмоқда.