Самарқандда Ўзбекистон ва Сербия ижро органлари ўртасидаги тажрибалар муҳокама қилинди
Сербия Республикаси Оммавий ижрочилари палатаси Директорлар кенгаши раиси Вуядин Масникоса бошчилигидаги делегация Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди.
Дастлаб делегация аъзолари Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармасининг туманлараро ҳамда Самарқанд шаҳар ва Жомбой туман бўлимлари фаолияти билан танишиб, ижро соҳасида жорий этилаётган янгиликлар юзасидан фикр алмашдилар.
Хусусан, ижро ҳужжатларини электрон шаклда бериш, юбориш ва тақдим этиш тартибининг жорий этилгани, шунингдек, соҳада замонавий технологияларга асосланган янги механизмларни амалиётга татбиқ этиш борасида олиб борилаётган ишлар делегация аъзоларида катта қизиқиш уйғотди.
Меҳмонлар томонидан Ўзбекистонда сўнгги йилларда мажбурий ижро соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида эришилаётган ютуқлар юқори баҳоланди. Шунингдек, икки идора ўртасидаги ҳамкорлик амалий хусусиятга эга экани таъкидланиб, Ҳамкорлик дастури доирасида келгусидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Делегация аъзоларига Ўзбекистонда ижро ишларини юритиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, тизим самарадорлиги, очиқлиги ва технологик қулайлигини ошириш, фуқаролар ҳамда юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун қулай шароитлар яратиш борасидаги ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорлик юқори даражада йўлга қўйилганини, мулоқот конструктив руҳда кечганини ва шериклик муносабатларини янада ривожлантиришдан ўзаро манфаатдор эканликларини қайд этдилар.
Меморандумнинг имзоланиши ҳамкорликни институционаллаштириш, тажриба алмашинувини кенгайтириш ҳамда икки мамлакат мажбурий ижро органлари фаолиятига илғор тажрибаларни жорий этиш йўлидаги муҳим қадам экани таъкидланди.