Кўришдаги тўсиқлар илм йўлига тўсиқ эмас: Кўзи ожиз ва заиф кўрувчи талабгорлар учун махсус имтиҳон
Чет тилини билиш бугунги кунда таълим олиш, касбий ривожланиш ва янги имкониятлар эшигини очувчи муҳим кўникмалардан бирига айланиб бормоқда. Бу имкониятлардан кўзи ожиз ва заиф кўрувчи фуқаролар ҳам тенг фойдаланиши учун уларга мос шароитларни яратиш муҳим аҳамият касб этади.
Шу мақсадда Республика Президентининг 2024 йил 21 февралдаги ПФ-37-сон фармонига мувофиқ, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан мазкур тоифадаги талабгорлар учун чет тилини билиш даражасини аниқлашга мўлжалланган махсус тест синовлари формати ишлаб чиқилди. Айни кунларда ушбу имтиҳонлар Самарқанд вилоятида ҳам ташкил этилмоқда.
Имтиҳонда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган кўзи ожиз талабгорлар иштирок этмоқда. Тест синовлари Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Самарқанд вилояти бўлимининг биносида махсус ишлаб чиқилган дастур орқали электрон шаклда ўтказилмоқда. Имтиҳон жараёнида кўзи ожиз талабгорларнинг имкониятлари инобатга олиниб, уларнинг чет тилини билиш даражаси тинглаб тушуниш ва гапириш кўникмалари асосида баҳоланмоқда. Тест синовларидан муваффақиятли ўтган талабгорларга CEFR талаблари асосида B1, B2 ҳамда C1 даражадаги сертификатлар бериляпти.Маълумот учун, жорий йилнинг февраль ва апрель ойларида бўлиб ўтган имтиҳонларда республика бўйича 187 нафар, шундан Самарқанд вилоятидан 26 нафар кўзи ожиз талабгор иштирок этган. Бугунги кунга қадар республика бўйича 138 нафар, вилоятимиздан эса 18 нафар ногиронлиги бўлган талабгор чет тилини билиш даражаси бўйича сертификатни қўлга киритган.
Яратилган бундай имкониятлар кўзи ожиз ва заиф кўрувчи талабгорларнинг билим ва салоҳиятини намоён этиши учун муҳим қадамдир. Зеро, таълим ва билим олишдаги имкониятлар қанчалик кенг бўлса, жамиятда ҳар бир инсоннинг ўз иқтидорини рўёбга чиқариши учун шунчалик мустаҳкам замин яратилади.