Иқтидорли шахматчилар етишиб чиқишига замин яратилди

Самарқанд азалдан илм-фан, маърифат ва заковат бешиги сифатида танилган муқаддас замин ҳисобланади. Бу тупроқдан етишиб чиққан алломалар, шоирлар ва олимлар қаторида бугунги кунда дунё саҳнасида юртимиз байроғини баланд кўтараётган спортчилар, айниқса, шахматчилар муносиб ўрин эгалламоқда.

Ана шундай иқтидорли ёшлардан бири – гроссмейстер Жавоҳир Синдоров бўлиб, унинг илдизлари Қўшработ туманига бориб тақалади. Айтишларича, у машҳур бахши Эргаш Жуманбулбул ўғли авлодидан бўлиб, бу ҳолат Самарқанд заминида истеъдод ва зеҳн авлоддан-авлодга ўтиб келаётганини тасдиқлайди.

Бугун Самарқанд нафақат тарихий ёдгорликлари, балки интеллектуал салоҳияти билан ҳам дунё эътиборини тортмоқда. Хусусан, шахмат соҳасида эришилаётган ютуқлар, янги чемпионларнинг етишиб чиқиши бу заминнинг имкониятлари беқиёс эканини кўрсатади. Жумладан, Жаҳонгир Воҳидов ва Афруза Ҳамдамова каби шахмат усталари айнан шу муҳитда камол топган.

Сўнгги йилларда ҳудудда ёшлар учун замонавий шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 5,4 гектар майдонда барпо этилган янги ёшлар боғи бу борада муҳим қадам бўлди. Ушбу ҳудудда маданий мерос объектлари қайта тикланиб, ёшлар учун тўгараклар ва ўқув марказлари ташкил этилди.

Мазкур боғ ҳудудида Самарқанд вилояти шахмат федерацияси учун кенг имкониятлар яратилди. Янги бинода юз ўринли шахмат клуби ташкил қилиниб, икки катта зал, ўқув хоналари, замонавий компьютер ва электрон доскалар билан жиҳозланган машғулот хоналари, шунингдек, мураббийлар ва музей учун алоҳида хоналар барпо этилди.

– Бу бизнинг орзуимиздагидан ҳам яхши жой бўлди, – дейди вилоят шахмат федерацияси ижрочи директори Илҳом Эргашев. – Шу пайтгача вилоят Ёшлар марказидаги биттагина хонада фаолият олиб борардик ва у ерда клуб ташкил этиш ёки тўрт-бешта ёшни тўплаб мусобақа ўтказиш ҳақида ўйлаш қийин эди. Вилоят ҳокими, шахмат федерацияси раисининг эътибори, республика федерациямизнинг қўллаб-қувватлаши туфайли бугун мана шундай катта бинога, замонавий шароит ва имкониятларга эга бўлдик. Бу ерда юз ўринли иккита зал, иккита ўқув хонаси, замонавий компьютер ва электрон доскага эга машғулот хонаси, музей учун ва мураббийлар учун хоналар мавжуд.

Аҳамиятлиси, бу ерда ёшлар учун илҳом манбаи сифатида Жаҳонгир Воҳидов ва Афруза Ҳамдамова номидаги махсус хоналар ташкил этилди. Бу эса келажак чемпионларига кучли мотивация бағишлайди.

Бугун клубда ўнлаб ёшлар мунтазам машғулотлар ўтказмоқда. Уларга малакали мураббийлар, жумладан, халқаро тажрибага эга гроссмейстер Алексей Барсов сабоқ бермоқда. Унинг Самарқандга келиб фаолият юритиши яратилган шароитларнинг юқори даражасидан далолат беради.
Айни пайтда вилоятдаги спорт мактаблари ва ўқув марказларида ўндан ортиқ шахмат клублари фаолият юритиб, қарийб 300 нафар ёшни қамраб олган. Бу эса келажакда янада кўплаб иқтидорли шахматчилар етишиб чиқишига замин яратади.

Шу билан бирга, ҳудуд олдида муҳим вазифа турибди – 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига тайёргарлик кўриш. Бу нуфузли мусобақа нафақат Самарқанд, балки Ўзбекистон шахматининг салоҳиятини намоён этиш учун катта имконият.

Қисқаси, Самарқанд – бу нафақат бой тарих, балки келажакни яратаётган замин. Бу ерда амалга оширилаётган ҳар бир ташаббус, айниқса, ёшларнинг интеллектуал ривожига қаратилган ишлар эртанги куннинг мустаҳкам пойдеворини яратади.

Тўлқин СИДДИҚОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ.