Ажал оғуси ёки бир инсон тақдири, оила изтироби ва оғриқли сабоқ

Четдан қараганда, Жавлон Худойназаровнинг (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳаёти бошқа тенгқурлариникидан деярли фарқ қилмайди. Мактабни тугатиб, олий таълим даргоҳида таҳсил олган, сўнг нуфузли муассасада ишлаган, оила қурган. Кейинчалик эса, савдо-сотиқ билан шуғулланган.

Аммо кейинчалик нимадир бўлдию, Ж. Худойназаров тўғри йўлдан адашди, кутилмаганда, гиёҳвандлик моддасини истеъмол қила бошлади; аввалига оз-оздан, сўнг эса, бутунлай ружу қўйди. Бу иллат домига тушгач, табиийки, ҳаёти буткул издан чиқди. Аниқроқ айтганда, у гиёҳвандфуришлар билан алоқага киришди, алоқа савдога, савдо эса, оғир жиноятга етаклади.

Ўтган йилнинг сентябрь ойида Ж. Худойназаров терговда шахсига аниқлик киритиш имкони бўлмаган “Аъзам” исмли шахс билан кўп миқдордаги “героин” гиёҳвандлик воситасини Хоразм вилоятининг Тўрткўл туманига олиб бориш ва кейинчалик бошқа шахсларга ўтказишни режалаштиради.
Албатта, бу текинга эмас, балки бир кило “героин” гиёҳвандлик моддасини 1 500 АҚШ доллари эвазига манзилга етказишга рози бўлади.

Хуфя режага асосан, 15 сентябрь куни у гиёҳвандлик воситасини Ургут туманидаги яшаш хонадонига олиб келиб, яшириб қўяди. Эртаси куни эса, ўзининг бошқарувидаги “Gentra” русумли автомашина юкхонасига яшириб, Хоразм томон йўл олади.

Аммо йўлда унинг гиёҳвандликка ружу қўйгани панд беради, аниқроғи, у чидолмай гиёҳванд моддадан истеъмол қилади ва табиийки, оғу таъсирига тушади. Шу боис ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан ўтказилаётган тадбир чоғида у қочишга уринади ва оқибатда “Дамас” автомашинаси билан тўқнашиб кетади. Унинг автомашинасидан ашёвий далил сифатида олинган “героин” гиёҳвандлик моддасининг соф оғирлиги 981,47 граммни ташкил қилади.

Дастлабки тергов жараёнида у қилмишидан пушаймон эканини билдириб, ариза билан мурожаат қилади ва Самарқанд шаҳридаги хонадонида ҳам гиёҳвандлик воситаларини сақлаб келаётганига иқрор бўлади. Ҳақиқатан ҳам, унинг хонадони кўздан кечирилганда, соф оғирлиги 1,9 грамм “опий” ва 0,5 грамм “марихуана” топилди.
Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказининг наркология хизмати бўйича Самарқанд вилояти филиали хулосасига кўра, М. Худойназаров гиёҳвандлик дардига чалинган ва у мажбурий даволанишга муҳтож.

Бу ҳолат ўз навбатида, гиёҳвандликнинг икки томонлама фожиали оқибатини кўрсатади.
Яъни, биринчидан, судланувчи оғу таъсирида жиноят содир этди.
Иккинчидан, унинг ўзи ҳам даволанишга муҳтож ҳолатга тушган. Бошқача айтганда, гиёҳвандлик воситаси инсонни фақат жиноий қилмишга етакламай, балки уни иродаси заиф кимсага ҳам айлантириб қўйган.
Судланувчининг қарамоғида кекса ота-онаси, турмуш ўртоғи ва бир нафар вояга етмаган фарзанди борлиги ўқувчини ўйлантириши табиий. Чунки гиёҳвандлик ва унга боғлиқ жиноятлар фақат судланувчининг шахсий муаммоси эмас, балки бу иллатнинг оқибати оиласига ҳам оғир юк бўлиб тушади.

Албатта, ҳаётда ҳар қандай жиноий қилмиш жазосиз қолмайди. Шу маънода, дастлабки тергов органи томонидан Ж. Худойназаровнинг жиноий ҳаракатлари Жиноят кодексининг 273-моддаси 2-қисми ҳамда 273-моддаси 5-қисми билан малакаланди.
Судда эса, иш ҳолатлари батафсил таҳлил қилинди: ажал оғуси манзилга етказилиши режалаштирилган бўлса-да, судланувчи ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра, жиноий ҳаракатини охирига етказа олмаган. Шу сабабли суд унинг ҳаракатини Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисмидан ушбу кодекснинг 25,273-моддаси 5-қисмига, яъни жиноят содир этишга суиқасд сифатида қайта малакалади.

Суд ҳайъати Конституциямиз ва амалдаги қонунлар талабларидан келиб чиқиб, судланувчига нисбатан қилмишига яраша қонуний ва адолатли жазо тайинлади. У 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Шунингдек, судланувчига Жиноят кодексининг 96-моддасига кўра, жазони ўташ давомида гиёҳвандликдан мажбурий даволаниш чоралари белгиланди.

Биз юқорида гиёҳвандлик иллатининг бир инсон ҳаётида қолдирган аянчли излари ҳақида баён қилдик. Зотан, бу иллат соғлом турмуш тарзини пароканда қилиши билан ўта хавфлидир. Демак, бу иллатга қарши кураш, соғлом турмуш тарзи, оилалар тинчлик-хотиржамлигини асраб-авайлаш ҳар биримиз учун масъулиятли вазифадир.

Бекзод ЖУМАБОЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Нарпай тумани суди раиси,
Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,
журналист