«46-FIDE шахмат Олимпиадаси: Бошқа ҳеч бир оқшомга ўхшамайдиган кеча»

Ҳозиргача мен кўплаб очилиш ва ёпилиш маросимларида қатнашганман. Хусусан, Гран-при мусобақалари, бир нечта Жаҳон кубоклари ва Олимпиадалар, ҳатто «Барселона-1992» Олимпия ўйинларининг очилиш ва ёпилиш маросимларида ҳам бўлганман. Бироқ уларнинг ҳеч бири кеча оқшом Самарқандда шахмат ҳамжамияти гувоҳи бўлган ажойиб томошага яқин ҳам кела олмайди.

Ипак йўли канали бўйида жойлашган "Боқий шаҳар" амфитеатри 46-шахмат Олимпиадасининг очилиш маросими учун ажойиб макон бўлди. Тадбирда икки мингдан ортиқ томошабин иштирок этди.
Очиқ ҳаводаги майдон мазкур тадбир учун шахмат, мусиқа ва Ўзбекистоннинг бой маданий меросини мужассам этган саҳнага айлантирилди. Бу ҳақиқатан ҳам ажойиб шоу бўлди.
Қарийб икки соат давомида томошабинлар ҳарбийлар, рақс жамоалари, опера, миллий либосдаги ўзбек қизлари томонидан безатилган саватларда ширинликлар тарқатилиши каби таассуротли чиқишлардан баҳраманд бўлишди.

Саҳналаштирилган томошада 100 дан ортиқ созанда ҳамда 200 дан зиёд раққос ва хонандалар иштирок этиб, ўзбек маданиятининг бойлиги ва ранг-баранглигини намойиш этган шоуни тақдим этишди. Оқшомнинг энг интизорлик билан кутилган лаҳзаларидан бири эртанги биринчи турда қайси жамоалар биринчи доскада оқ ва қора доналарда ўйнашини аниқлаб берувчи анъанавий қуръа ташлаш маросими бўлди.

Қуръа ташлаш жараёни тўққизинчи жаҳон чемпиони Чжу Чэнь ҳамда ўзбек шахмати афсонаси, FIDE собиқ жаҳон чемпиони Рустам Қосимжоновга берилди. Икки меҳмон анъанавий қутилардан иккала рангли доналарни танлаб олишди: Оқ доналар аёллар ўртасидаги энг юқори рейтингга эга жамоага, Қора доналар эса очиқ бўлимдаги энг юқори рейтингли жамоага насиб этди.

Тунги осмонни шахмат доналари тасвири ва ранг-баранг чироқлар билан тўлдирган муҳташам 3D визуал картинг ва дронлар шоуси томошабинларда алоҳида таассурот қолдирди. Шоунинг якунида эса шўх поп қўшиғи ва рақслар юзлаб шахматчиларни саҳнага чорлади ва улар устида мушаклар чақнаган бир пайтда ҳамма биргаликда оммавий байрамни нишонлади. Бу оқшомни якунлаш учун энг муносиб ва унутилмас усул бўлди.

Майкл А.Раҳал,
Халқаро шахмат федерацияси (FIDE)
 матбуот котиби.