Чучук сув керак, аммо унинг кўплиги Арктикада ҳалокатли иқлимни келтириб чиқаради
Вашингтон университети, Лос-Аламос миллий лабораторияси ҳамда Миллий океан ва атмосфера бошқармаси олимлари сўнгги йигирма йил ичида Шимолий Муз океанидаги чучук сув миқдори 40 фоизга ошганлигини аниқлади. Атлантика океанига чучук сувнинг кириб келиши глобал иқлимга фалокатли таъсир кўрсатиши мумкин.
Олимларнинг фикрига кўра, чучук сув тўпланиши Арктика музларининг эришидан келиб чиққан. Айни вақтда чучук сув шўр сув узра жойлашиб, ўзига хос сув гумбазини ҳосил қилган ҳолда Бофорт денгизи шамоллари томонидан ушлаб турилибди. Агар шамол тинса, чучук сув шимолий Атлантика, жумладан Лабрадор денгизига кириб боради. Бу, ўз навбатида, Атлантика океанидаги катта оқимлар, шунингдек совуқ ва илиқ сув айланишига таъсир қилади.
Тадқиқотчилар хулосаси Бофорт денгизида 1983-1995 йилларда чучук сув тарқалиши кузатилган океан айланиши моделяциясига асосланган. Маълум бўлишича, тоза сувнинг катта қисми Канаданинг Арктика архипелаги орқали Лабрадорга етиб келган. Ушбу ҳодиса давомида Лабрадорнинг шўрлиги мингга 0,2-0,4 қисмга камайди.
Ҳозирги кунда Бофорт денгизидаги чучук сув ҳажми ўтган галгидан икки баравар кўп ва 23 минг куб/километрни ташкил қилмоқда. Бундай чучук сув «бомба»сининг Атлантика океанига аниқ таъсирини олдиндан айтиб бўлмаса-да, аммо олимлар бутун Шимолий ярим шар иқлимига катта таъсир қилади, деб ҳисоблашади.
Г.Холдорова тайёрлади.