​"Ўша масхарабоз менман!"

Университетнинг иккинчи курсида ўқиётганимизда бир устоз дарс бергани кирди. Бир қараганда ўзгачароқ кўринади. Бироз ғалати...

Лекин талабчан. Дарсига икки дақиқа кечиккандик, киритмади. Жаҳлимиз чиқди. Ҳатто замдеканни ҳам етаклаб келдик. “Йўқ, кейинги парага кирасизлар”, деганча эшикни ёпиб қўйди. “Шунақаям қўпол одам бўладими?”, деб ранжигандик ҳатто. Домланинг фани жуда қизиқ, турли методикалар, тестлар... Дарсни зўр ўтарди. Феъл-атвори эса буткул бошқача...

Орадан бир ой ўтиб, устозимиз ҳаёти ҳақида эшитиб, анчайин гарангсиб қолдим. Рост. Унинг ёлғизгина ўғли шу университет аудиториясида кутилмаганда жон берганди. Юрак хуружидан. Устоз йигирмага тўлган навқирон ўғлини ўзи дарс ўтаётган аудиторияда йўқотган экан.

Телевидениеда ишлайдиган бир аёл бор. Роса самимий, беғараз ёрдам берадиган, меҳрибон инсон. Назаримда, шу аёлда камлик йўқдек туюларди. Ўғил қизи бор, моддий аҳволи ҳавас қилгудек, ўзи машҳур. Лекин кеча суҳбатлашганимизда опанинг қалб тубида ётган оғриқлар чиқиб кела бошлади. Ичида шунча дарди бор, деб ўйламагандим...

Қайсидир сайтда ўқигандим... Университетлардан бирида дарс берадиган устозлардан бири доимо аёллар соатини тақар эди. Талабалар турли мажлисларда ўзаро уни ҳар хил илмоқли сўзлар билан масхара қилишар эди. Охири улардан бири сўрашга журъат қилди:

- Устоз! Нега аёллар соатини тақасиз?

Устоз деди:

- Бу соат вафот этган қизимнинг соати!

Ҳамкасбларимиздан бири доимо шўх-шодон қиёфада юради. Унинг позитив кайфияти юқумли, албатта сизнинг лабингизга ҳам табассум югуради.

Ҳеч ким унинг кўзёшини ё хафа бўлганини кўрмаган ҳисоб. Бироқ маълум бўлишича, эри қамоқда, икки боласи билан ёлғиз қолган экан. Вақт ўтиб, эри қайтиб келганида ҳаёти ҳақида сўзлаб берди.

Инсонлар тоққа ўхшашади. Салобатда эмас, кўпгина қисми яширинлигида. Айтишларича, тоғларнинг тўртдан уч қисми ер остида бўлар экан. Биз инсонларнинг ҳам ошкор қилганимиздан яширганларимиз кўпроқ.

Ҳа... инсон қалби худди ғор каби жуда кўплаб аламларни, ситамларни, дардларни ўз ичига ютиб яшайверади. Биз тоғнинг чўққисига, ён- атрофига назар ташлаб, ўз баҳоимизни берамиз. Аслида эса тоғ остидаги ғорнинг ичида нималар борлигидан бехабармиз. Ҳар биримизнинг оғриғимиз, қалбимиз тубида ётган қайғуларимиз бор. Уларни ошкор қилсак, балки бошқалар кўзёш тўкишлари мумкин. Аммо сўзлашдан кўра ютиш афзал... Сабр лозим. Чунки инсонларнинг сизга шафқат нигоҳи билан боқишлари ундан ҳам оғриқли.

Бу ҳаёт шафқатсиз курашдан иборатдир. Ҳар қанақанги табассумли юз ортида у инсонлардан яшириб юрадиган катта ғусса бўлади.

Кўпгина кулгилар ортида кўз ёшлар яширинган...

Кунлардан бирида шифокорнинг ҳузурига бир аёл кирди. У жисмидаги оғриқ ва руҳидаги тушкунликдан шикоят қилди. Узоқ текширувдан сўнг аён бўлдики, унинг танасида ҳеч қандай дард йўқ экан. Дард унинг руҳида экан. Шифокор унга деди:

- Сизнинг муаммонгиз руҳийдир. Сиз кўпроқ дам олинг. Китоб ўқинг, сафар қилинг, янги дўстлар орттиринг. Сизга бир маслаҳатим бор. Шаҳримизда бир масхарабоз бор. Исми Карлина. У инсонларни кулдиравериб, дардларини унуттириб юборади. Унинг томошаларига боришни тавсия қиламан сизга.

Шунда бемор йиғлаб туриб деди:

- Доктор! Ўша масхарабоз Карлина менман!

Хулоса эса ўзингиздан.

Саида АЗИЗ.