Эронлик мутахассислар боғ парваришидаги эътиборли жиҳатларни кўрсатди
Эронлик боғбонлар иштирокида қишки тинч даврда боғни комплекс парвариш қилиш ва ундан самарали усуллари бўйича мастер-класс ўтказилди.
Вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси томонидан Самарқанд туманидаги “Аъзам Азамат Агро” фермер хўжалигида ташкил этилган пресс‑турда хорижий мутахассислар асосий эътиборни дарахтларни тўғри шаклга келтиришга қаратишди. Мутахассисларнинг билдиришича, куз‑қишда, дарахт вегетациядан чиқмаган вақтда ўтказиладиган шакл бериш ишлари дарахт орасида ҳаво айланиши ва қуёш нурининг ўзлаштиришини яхшилайди, касалланган ёки жуда эски шохларни барвақт олиб ташлаш касаллик тарқалишини қисқартиради.
Кесиш турлари - шакл бериш мақсадга мувофиқ қўлланилиб, кесиш бурчаклари ва кесма сатҳларига эътибор қаратиш, ҳар бир кесишдан олдин ва кейин асбобларни дезинфекция қилиш, кесилган дарахтлар ичида зарарланган шох-шаббалар, яъни зарарланган материаллар бўлса ёқиш ёки бошқа хавфсиз усулда йўқ қилиш зарурлиги бўйича ҳам маълумотлар берилди.
Боғ қатор ораларини ишлов беришда тупроқнинг физик ҳолатига эътибор берилиб, ички қатламларни бузмасдан юмшоқ механик ёки қўл ишловлари, мулчалаш орқали намликни сақлаш ва эрозиянинг олдини олиш муҳим. Томчилатиб суғориш тизимини сақлаш ёки янгилаш сувни тежаш ва илдиз фаолиятини яхшилашга хизмат қилади, қатор орасида иш олиб борганда илдизга зарар етказмаслик шарт. Тўқсонбости экинлар тупроққа органик модда ва азотни киритиб, азот фиксацияси ва тупроқ биологиясини яхшилаши мумкин.
Ҳосилдорликни ошириш учун сифатли кўчат ва уруғдан фойдаланиш, навларни маҳаллий тизимга мослаштириш, кўчатларни карантиндан ўтказиш ва тупроқ профилактикаси устуворлиги лозим. Зараркунандалар ва касалликларга қарши интеграцияланган ёндашув - доимий мониторинг, биологик ва кимёвий препаратларни навбат билан қўллаш ва карантин чораларини қатъий бажариш - мавжуд зарарни камайтириш ҳамда резистентлик юзага чиқишининг олдини олишга хизмат қилади.
Тадбирда мутахассислар ОАВ вакиллари ҳамда маҳаллий соғибкорларга босқичма‑босқич шакл бериш схемалари, асбоблар ва қисқача кесиш қоидалари, қатор орасида қандай ишлов қилиш кераклиги ва тўқсонбости экинлар экиб, ердан қўшимча даромад олиш мумкинлиги бўйича маълумотлар беришди. Пресс‑турга йиғилган маҳаллий фермерлар ўз навбатида дарахтларга шакл беришда янги технологияларни ўрганиш, тажриба алмашиш ва мастер‑класслар орқали янги кўникмаларни шаклланишига имкон берса ажабмас. Бундай кўргазмаларни давом эттириш, тизимли ўқувлар ва режали мониторинг орқали амалий кўникмаларни мустаҳкамлаш зарурлиги ҳам таъкидланди. Бошқарма ва фермерлар ўртасидаги доимий ҳамкорлик, кўргазма майдончалари ва назорат ишлари орқали мазкур тавсияларни жорий этиш маҳаллий боғдорчилик ҳосилдорлиги ва иқтисодий самарадорлигини сезиларли даражада оширишга хизмат қилади.
Бахтигул Ғаниева,
вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ахборот хизмати раҳбари.