Кадастр ходимлари хатловда нега режадан ортда қолмоқда?
2025 йилда вилоят бўйича 4528 ҳолатда 754,26 гектар ер майдони турли мақсадларда фойдаланиш учун ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган.
Ўша фуқароларга тушунтириш ва ёзма кўрсатмалардан сўнг 1133 ҳолатда (12,1 фоиз) 91,61 гектар майдондаги қонунбузилишлар ихтиёрий бартараф этилиб, дастлабки ҳолатига келтирилди.
Кўрилган таъсир чоралари натижасида 403 ҳолатда 202,1 гектар ер майдони туман ҳокимликлари захирасига қайтарилди.
Вилоят матбуот уйида кадастр агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Фозил Худойқулов ва Давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармаси бошлиғи Равшан Ҳотамов иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида шу каби ҳолатлар ва кадастр соҳасидаги ишлар тўғрисида маълумот берилди.
Ҳозир кадастр соҳасида кўпчиликни қизиқтираётган жараён “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонуни асосида жойлардаги хатлов жараёнларининг бориши бўлмоқда. Бу борада масъулларнинг маълумотларига кўра, 2025 йилда вилоятдаги 179 маҳаллада 96081 та кўчмас мулк хатлов йўли билан техник инвентаризациядан ўтказилиб, УЗКАД дастурига киритилган. Мазкур қонун доирасида халқ депутатлари вилоят Кенгаши томонидан хатлов бошланган (2024 йил 8 нояябр)дан буён бугунгача 4696 нафар фуқаронинг уй-жойлари ва ер участкасига бўлган эгалик ҳуқуқи эътироф этилди ва бугунгача 941 таси кадастр идорасидан давлат рўйхатидан ўтказилди.
- Кадастр агентлиги томонидан тасдиқланган режа-жадвалга асосан вилоятимизнинг туман-шаҳарларида жорий йилда 231 та маҳаллада 147 минг 747 та та кўчмас мулк объекти хатлов йўли билан техник инвентаризациядан ўтказиш режалаштирилган, - дейди Р.Ҳотамов. – Бунинг учун Давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармаси ва бошқарманинг туман-шаҳар филиалларида 300 дан ортиқ ходим сафарбар қилинган. Бир кунда ўртача 710 та хонадонга кириб, ер участкаси ва бино-иншоотлари ўлчаниб, уларнинг электрон харитаси яратилмоқда.
Бу жараёнларни тезлаштириш масаласида фуқаролардан хатлов нега секин кетмоқда, хатлов жадвалидаги узилишларга нима сабаб, каби саволлар кўп учрайди. Бу хатловнинг режадан ортда қолаётгани, белгиланган муддатларда мутахассисларнинг хонадонга келмаётгани туфайли шундай мурожаатлар келиб тушмоқда.
Мазкур хатлов ишларида белгиланган режадан ортда қолиниши хатлов жараёнида мулк эгаси, хонадон соҳиби уйда бўлмаслиги, айрим ҳолатларда эса хатлов ишларини бажариш учун кадастр ходимларини уйга киритмаслик ва шу каби ҳолатлар сабаб бўлмоқда. Бу эса ўз навбатида кадастр ходимлари бир уйга бир неча маротаба такрор боришига, кўп вақт йўқотишига ва оқибатда режа-жадвалда кечикишларни юзага келтирмоқда. Талабга кўра, бир маҳаллада хатлов ишларини тўлиқ якунламасдан бошқа маҳаллада хатлов ишларини бошлаш мумкин эмас.
- Шу муносабат билан аҳолидан хатлов ишларида фаоллик кўрсатишларини, кадастр ходимлари билан ҳамкорлик қилишларини ва хатлов ишларини тез, сифатли ва самарали ташкил этишда қўллаб-қувватлашларини сўраб қоламиз, - деди матбуот анжуманида Р.Ҳотамов.
Ўктам Худойбердиев.