Ўзбекистон олтин-валюта захиралари 71 миллиард долларга яқинлашди
Мамлакатимизнинг олтин-валюта захиралари 2026 йил 1 май ҳолатига кўра, 70,9 млрд долларгача кўпайди. Бу ҳақда Марказий банк маълумотларида келтирилган.
Захирамизнинг қарийб 87 фоизини ташкил этувчи олтин нархининг қимматлашуви захиралар ўсишининг асосий омили бўлди. Жаҳон бозорида нархлар ошгани фонида олтин захираси қиймати 743,6 миллион долларга ошиб, 61,6 миллиард долларга етди. Валюта захиралари қисми ҳам 1,15 миллиард долларга кўпайиб, 8,7 миллиард долларга етди.
Захиралардаги олтиннинг физик ҳажми 13,4 млн троя унсиядан 13,3 млн троя унсиягача камайган. Бу эса апрель ойида олтин сотилган бўлиши мумкинлигини англатади.
Қимматли қоғозлар ҳажми эса бироз ошиб, 1,55 миллиард долларни ташкил этди.
Март ойида захиралар ҳажми 8,1 млрд долларга (10,5 фоизга) қисқариб, 68,99 млрд долларни ташкил этганди. Бунга ўша ойда олтин нархининг 5174 доллардан 4553 долларгача тушиши жиддий таъсир қилганди.
Ўзбекистонда иккита йирик корхона — Навоий ва Олмалиқ кон металлургия комбинатлари олтин қазиб олади. Марказий банк улардан олтинларни сотиб олувчи ягона харидор ва эксклюзив ҳуқуқ эгаси ҳисобланади. Ўтган йили Навоий кон металлургия комбинатининг ўзи 98,1 тонна олтин қазиб олган. Бунинг умумий қиймати 135,6 триллион сўмни (11,3 миллиард доллар) ташкил этган. Март ойида Ўзбекистон олтин захиралари ҳажми бўйича дунёда 14-ўринни эгаллагади.
Охирги йилларда мамлакат экспорти тушумларининг қарийб учдан бир қисми олтин сотувидан келмоқда. Жумладан, 2025 йилда республика тарихда кузатилмаган юқори қиймат — 9,9 миллиард долларлик олтин экспорт қилинди. Бу мамлакат жами йиллик экспорт қийматининг 29,3 фоизига тенг.