Нуробод туризм, экология ва инвестициялар уйғунлашган тараққиёт марказига айланмоқда

Нуробод туманида ҳудудий ривожланишнинг янги босқичини бошлаб берувчи муҳим халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда Европа Иттифоқи ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги вакиллари, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ходими Д.Омонов, Нуробод тумани ҳокими Махсуд Бўронов, “Infocapital group” компанияси эксперти Баҳодир Ҳусанов, лойиҳа менежери Азамат Салаев, шунингдек мутасадди ташкилотлар вакиллари, экспертлар ва жамоатчилик фаоллари иштирок этди.

Давра суҳбати Нуробод туманининг истиқболдаги тараққиёт йўналишларини белгилаб берувчи учта йирик мастер режа тақдимотига бағишланди. Улар Нуробод тумани маркази, Нурбулоқ курорт шаҳарчаси ҳамда Ҳазрати Довуд зиёратгоҳи ҳудудларини замонавий, барқарор ва инсон манфаатларига йўналтирилган тарзда ривожлантиришни назарда тутади.

Таъкидланганидек, ушбу мастер режалар Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 12 августдаги 497-сон қарори асосида ишлаб чиқилган бўлиб, Европа Иттифоқи, Адлия вазирлиги ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда давлат хизматлари кўрсатишни янада такомиллаштириш” қўшма лойиҳаси доирасида амалга оширилди. Лойиҳалар  “Infocapital group” компанияси билан ҳамкорликда тайёрланди.

Давра суҳбатида қайд этилганидек, мастер режаларнинг бош мақсади — Нуробод туманининг иқтисодий салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, замонавий инфратузилма яратиш, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш ҳамда аҳолининг яшаш сифатини оширишдан иборат.

Хусусан, Нуробод тумани маркази бўйича ишлаб чиқилган концепцияда ҳудудни замонавий маъмурий ва сервис марказига айлантириш, пиёдалар ва велосипед ҳаракати учун қулай инфратузилма яратиш, кўл атрофида кенг жамоат ва дам олиш ҳудудларини ташкил этиш, яшил майдонларни кенгайтириш ҳамда экологик барқарорликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Нурбулоқ курорт шаҳарчаси бўйича мастер режа эса ҳудудни замонавий соғломлаштириш ва тиббий туризм марказига айлантиришни кўзда тутади. Режага кўра, санаторий ва соғломлаштириш масканлари ягона тизим асосида ривожлантирилиб, пиёда ва велосипед йўлаклари, яшил ҳудудлар, терапевтик ландшафтлар ва экологик хавфсизлик чораларини кучайтириш режалаштирилган.

Ҳазрати Довуд зиёратгоҳи бўйича ишлаб чиқилган мастер режада ҳудудни замонавий зиёрат ва экотуризм марказига айлантириш мақсад қилинган. Унда зиёратчилар учун қулай инфратузилма яратиш, экологик маршрутлар, глампинг ҳудудлари, панорама майдонлари, пиёда йўлаклари ва табиий ландшафтни асрашга қаратилган ечимлар ўрин олган.

Давра суҳбати давомида мутахассислар ва экспертлар мастер режаларнинг иқтисодий трансформация, инвестиция жалб қилиш, экологик муҳофаза, туризм салоҳиятини ошириш ва янги иш ўринлари яратишдаги аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтди.

Мазкур мастер режалар Нуробод туманининг келгусидаги барқарор тараққиёти учун муҳим стратегик ҳужжат бўлиб хизмат қилади. Энг муҳими, улар инсон манфаатлари, экологик барқарорлик ва замонавий шаҳарсозлик тамойилларини уйғунлаштирган ҳолда ҳудуднинг янги қиёфасини яратишга хизмат қилади.