Нурободда дарсликлар тарқатилиши билан боғлиқ воқеадан сўнг мактаб директори лавозимидан озод қилинди, синф раҳбари ишдан бўшатилди

Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.

"Жорий йилнинг 5 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда Нуробод туманидаги 1-сон умумий ўрта таълим мактабида мактаб ўқувчилари ва уларнинг ота-оналарига қўпол равишда дарсликлар ва машқ дафтарлари тарқатилганлиги акс этган видеолавҳалар тарқалди.

Ҳолатни ўрганиш бўйича Нуробод тумани халқ таълими бўлими томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, ўрганиш ишлари олиб борилди.

Ўрганишлар давомида тумандаги 1-сон умумий ўрта таълим мактабининг 4-синф ўқувчиларига синф раҳбари мактаб дарсликлари ва машқ дафтарларини қўпол тарзда, ўқитувчи этикаси ва одоб-ахлоқ қоидаларига зид равишда, синфдан ташқари ҳолатда тарқатганлиги маълум бўлди.

Ўқитувчига хос бўлмаган хислатда хатти-ҳаракат қилганлиги сабабли мактабнинг 4-"д" синф раҳбари билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.

Мактаб дарсликлари ва машқ дафтарларини тарқатилиш жараёнини назоратга олмаганлиги ва масъулиятсизликка йўл қўйганлиги сабабли мактаб директори ҳам эгаллаб турган лавозимидан озод қилинганлигини маълум қиламиз", дейилади ҳокимлик хабарида.