Қатағон қурбони: “Германия жосуси” деб туҳмат қилинган олимнинг аянчли қисмати

Тарихга “Катта қирғин” номи билан кирган 1937-1938 йиллардаги қатағон даврида совет давлатининг жазо қуролига айланган НКВД домига аҳолининг барча қатламлари вакиллари тортила бошлади. Улар сафида самарқандлик ўнлаб муаллимлар, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, талабалар, техникум тингловчилари бор эди.

Ўзбекистон давлат университети (ҳозирги Шароф Рашидов номидаги СамДУ) физика-математика факультетининг инглиз ва немис тили ўқитувчиси, доцент Иван Василевич Блок ҳам ана шундайлардан бири бўлди.

И.Блок 1881 йилда Москвада, инглиз миллатига мансуб инженер оиласида туғилди. Онаси Германияда туғилган немис аёли эди. У ўрта маълумотни Германияда ва қисман Москвада олган. 1903 йилда Москва университетининг ҳуқуқшунослик факультетини битирган. Шундан кейин ушбу факультетнинг савдо ҳуқуқи кафедрасида ишга қолдирилди. Кейинчалик оилавий аҳволи туфайли университетдаги фаолиятини тўхтатиб, отасининг чет эллардан маҳсулот олиб келиш билан шуғулланувчи фирмасида ишлай бошлади. 1906-1915 йилларда шу фирмани бошқарди. Савдони, талаб ва эҳтиёж, умуман, халқ хўжалиги иқтисодиётини пухта эгаллади. Биринчи жаҳон уруши йилларида армия сафига чақирилди. Прапоршиклар мактабини битиргач, ҳаракатдаги қўшинлар сафида рота командири, полк командирининг ёрдамчиси вазифаларида хизмат қилди. 1917 йил инқилобидан кейин ҳарбий хизматни тарк этиб, Россия ўрмончилик бош бошқармасида ташкилий бўлим раҳбари бўлиб ишлади. 1919 йилдан қизил армия сафига сафарбар этилди. Унинг билими, ҳарбий тажрибасини ҳисобга олиб, Туркистонга юборилган дивизиялардан бирига алоқа батальони командири этиб тайинлашди.

1921 йилда ҳарбий хизматдан бўшатилди. Шундан кейин Туркистон иқтисодий кенгашида савдо бўлими бошлиғи ва бошқа вазифаларда хизмат қилди. 1925-1930 йилларда ЎзССР Савдо халқ комиссарлигининг ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатчиси эди. 1928 йилда ЎзССР Халқ комиссарлари кенгашинингҳуқуқий комиссияси маслаҳатчиси этиб тайинланди. 1928 йилдан Самарқанд шаҳар ҳуқуқий маслаҳатчилар кенгашининг раиси ҳам эди.

1930 йилда ЎзССР расмий идоралари Тошкент шаҳрига кўчирилгач, Самарқандда қолиб, бу ердаги институтларда инглиз ва немис тилларидан дарс бера бошлади.

Иван Василевич 1933 йилдан бошлаб Ўзбекистон давлат университетида (ҳозирги СамДУ) немис тилидан физика-математика факультети талабаларига дарс ўтди. Унинг касбдошлари билан бўлган суҳбатларида айтган фикрлари И.Блокнинг нафақат немис ва инглиз тилларини пухта билиши, балки жамиятда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни ҳам чуқур таҳлил қилиш қобилиятига эга эканлигини кўрсатарди. Албатта, ўз фикрларини бундай эркин баён этадиган кишилар НКВД эътиборидан четда қолиши мумкин эмасди. Шу сабабли 1929 йилдан бошлаб (балки ундан ҳам олдинроқ) мунтазам равишда НКВД хуфялари унинг қадамини кузатишгани қуйидаги маълумотлардан кўриниб турибди.

Москваликлақабли НКВД хуфияси берган хабарлардан:

1929 йил 13 декабрь: ЎзССР Савдо халқ комиссарлиги маслаҳатчиси Иван Василевич Блок у билан 13/XIIда бўлган суҳбатда мамлакат бошидан кечираётган озиқ-овқат тақчиллиги ҳақида шундай деди: Ишнинг бу тахлитда йўлга қўйилиши, ҳукуматнинг қишлоқ хўжалиги бўйича берган кўрсатмалари ва олиб бораётган сиёсати озиқ-овқат бозорида шундай вазиятнинг юзага келишига сабаб бўлди. Келгуси йили Иттифоқ бўйича озиқ-овқат масаласи бундан-да оғир кечади ва мураккаблашади”.

1930 йил 4 апрель:И.В.Блок қишлоқ жойларида гўшт маҳсулотларини тайёрлашни ошириш учун Давлат банки зудлик билан матлубот идораларини молиялаштириши, маблағ билан таъминлашни кучайтириши лозим. Пулга одамлардан мол сотиб олиб, уларни чорвани кўпайтиришга рағбатлантириш керак. Гўшт захираларини оширишнинг асосий манбаи шудир, деди”.

“...Расмий тадқиқотлар тугаб, хулосалар умумлаштирилгач, Блок ҳозирги пайтда ҳукумат олиб бораётган сиёсат ҳеч қандай ижобий натижа бермайди (одамлардан чорва молларининг мажбуран олинишимуаллиф). Масаланинг бундай қўйилиши қишлоқдаги хонадонлар ихтиёридаги чорва моллари сўйиб юборилишига, оқибатда озиқ-овқат тақчиллиги юзага келишига сабаб бўлади, деган фикрни айтди”.

1930 йил 18 апрель: “Блок (суҳбат чоғида) ҳозир ўтказилаётган коллективлаштириш мажбуран амалга оширилаётир. Унинг ҳам катта қисми фақат қоғозда бажарилмоқда. Тузилаётган колхозларга асосан қашшоқ, ҳеч нарсаси йўқ деҳқонлар қорин тўйдириш ниятида аъзо бўлишаётир. Бундай жамоа хўжалигига кирган ўртаҳол деҳқонлар саноқли. Улар ҳам якка хўжаликларга ўтказилаётган тазйиқ натижасида шунга мажбур бўлишмоқда. Деҳқон хўжаликларига бундай муносабат яхшилик билан тугамайди. Бу шаҳар билан қишлоқ ўртасидаги муносабатни янада кескинлаштиради. Чорва молларини оммавий равишда сўйилиб кетишига, оқибатда шаҳарларда очлик юзага келишига сабаб бўлади, деди”.

“Бўйдоқ” лақабли НКВД хуфяси берган маълумотдан:

1936 йил 20 ноябрь: “ЎзДУда (ҳозирги СамДУ) немис миллатига мансуб И.В.Блок исмли киши инглиз тилидан дарс беради. Ўтган йили дарсларнинг бирида Блок талабаларга Германияни мақтаб гапирган... Ўқитувчи Блок Германия маданиятини жуда кўкларга кўтарган. СССРдаги мавжуд тартибларни камситган. Талаба Сулдин бу ҳақда физика-математика факультети декани Р.Малинга айтганда у “Талабаларнинг ўқитувчи ҳақида бундай гапларни тарқатиши уларнинг маданиятсизлигидан келиб чиқади, деган”.

Учқунлақабли хуфя берган маълумотдан:

1936 йил 7 декабрь: “...Совет фабрикаларида тайёрланаётган сифатсиз шойи, сатин каби газламаларни маҳсулот эмас, қандайдир англашилмовчилик, десак тўғри бўлади, деди Блок”.

Тўртинчи курс талабаларига дарс ўтаётган пайтда шундай гапларни айтган эди: “Агар Германияда кимдир сигарета чекиб кўчага ёки хиёбонга ташласа, жаримага тортилади”... У Германиядаги ҳар бир соҳадаги тартиб ва аниқликни Совет иттифоқидаги аҳволга таққослашга интилади”.

“...Факультет комсомол ташкилоти котиби Бузруков бундай ҳоллар ҳақида факультет раҳбарлари Малин ва Мўминовга айтганда, улар талабага танбеҳ бериб, ёшикатта илмий ходим ҳақида бундай гапларни айтиш ноўрин, дейишган”.

“Бўйдоқ” лақабли хуфя берган маълумотдан:

1937 йил 25 март: “Блок дарсларда қирқ фоиз вақтини ҳар хил ҳазил латифаларни айтишга бағишлайди... У талабаларга инглиз, немисча мақоллар орқали тилни ўргатишга уринади. Манба (яъни, ўзини айтмоқчи - муаллиф) талабаларнинг дафтарларида инглиз, немисча ўнлаб мақол, топишмоқларни кўрди...”.

ЎзССР Ички ишлар вазирлигида Республика НКВДси раҳбари Дереник Апресян бошчилигида 1938 йил 18 февралда тезкор йиғилиш ўтказилди. НКВДнинг вилоят бошқармалари бошлиқлари иштирокидаги ушбу йиғилиш ёпиқ тарзда уюштирилди. Унда бир масала, яънихалқ душмани”, “чет эл жосуситамғаси билан ҳибсга олинганлар, уларни тергов қилиш, нега бундай айб қўйилиб қамалганлар сони камлиги муҳокама қилинганди.

ЎзССР НКВДси раҳбари Д.Апресяннинг бу йиғилишдаги чиқишидан айрим парчалар:

“...Бизга маълум тоифадаги кишиларни ҳибсга олиш, қамаш учун кенг имкониятлар яратилган... ...Самарқандда яшаётган греклар, латишлар, поляклар, немислар камми? Биз улардан нечтасини қамаганмиз?..

...Ҳибсга олинганларга қаттиқроқ босим ўтказиш лозим. Агар уларга бу ердан чиқиб кетиш имкони йўқлигини билдирсак, терговни янада изчил олиб борсак, ўзларининг аксилинқилобий-қўпорувчилик, жосуслик фаолияти ҳақида гапиришга мажбур эканлигини сезишига, ишимизда муваффақиятлар ҳозиргидан кўра кўпроқ бўлишига аминман...”.

Йиғилишдан сўнгхалқ душмани”, “аксилинқилобчитамғаси билан ҳибсга олинган ўзбеклар қатори бундан 15-20 йил илгари Самарқандга келиб, турғун бўлиб қолган немис, поляк, грек, уйғур ва бошқа миллат вакиллари ҳам “чет эл жосусисифатида қамоққа тиқила бошланди. Илгаридан доимий равишда НКВД кузатувида юрган СамДУ доценти И.Блок ҳам уларнинг саъй-ҳаракати билан шундай кишилардан бирига айланди.

Уни 1938 йил 31 мартда ҳибсга олишди. И.Блок НКВДнинг Самарқанд сектори томонидан олиб борилган сўроқлардан шуни англадики, уни Германия фойдасига ишловчи жосус сифатида айблашаётган экан. Сўроқлар 1939 йил сентябрь ойига қадар давом этди. Улар қай даражада кечганини И.Блокнинг 1939 йил 4 июлда берган кўрсатмаларидан ҳам билса бўлади: “1938 йил 9 апрелда Самарқанд вилояти давлат хавфсизлик бошқармасида ўтказилган сўроқда берган жавобларим бутунлай нотўғри. Чунки бу сўроқ далолатномаларини Смирнов ва Смолников деган терговчиларнинг жисмоний тазйиқлари остида имзолаганман. Мен Германия фойдасига жосуслик қилган, деб кўрсатган кишилар аслида мавжуд эмас. Уларнинг исми-шарифини ўзим тўқиганман”.

Самарқанд милициясининг фуқаролар тураржой манзиллари ҳақида маълумот берувчи бюросинин гдалолатномасидан:Мустаханов, Ниёзов, Соммервилл, Розенберг, Фридолин ва рўйхатда келтирилган бошқа кишилар кўрсатилган манзилларда ҳеч қачон туришмаган. Улар умуман Самарқандда яшаган эмаслар”.

И.Блокнинг кўрсатмаларидан: “...Баъзи бир ҳамкасбларим ҳақида ёлғон кўрсатма беришга мени вилоят давлат хавфсизлик бошқармаси бошлиғи ўринбосари Смирнов уриб, мажбур қилди. У бошқа НКВД ходимлари билан мени икки кеча-кундуз тик оёқда ушлаб, тинимсиз жисмоний тазйиқ ўтказар эди. Шунингдек, Смолников ҳам сўроқларда мунтазам равишда қўлини ишга соларди... Тинимсиз берилган жисмоний азоблар туфайли қилмаган ишимни қилдим, деб тан олишга ва ҳамкасбларимга нисбатан туҳмат гапларни айтишга мажбур эдим... Бу одамлар билан юзлаштириш давомида гуёки айбларимни тан олганим ҳақида тузилган барча далолатномалар терговчилар томонидан ёзилиб, тазйиқлар остида менга имзолатилган...”.

Кейин терговчи Бойбеков ҳам бу ишга қўшилди. У Смирнов ва Смолников каби И.Блокдан “Германия жосусиэканлигини тан олишни, ўзининг ҳамкорлари рўйхатини янада кенгайтиришни талаб қиларди. НКВД ходимлари томонидан Блокка нисбатан тўқилган“ жиноий ишбутунлай асоссиз эканлиги, унга тазйиқлар, жисмоний азоблашлар орқали қўл қўйдирилган сўроқ далолатномалари, у ерда келтирилган исм-шарифлар ҳеч қачон Самарқандда яшамаганлиги, сохталиги кўриниб турса-да, бу ҳақда ёзган шикоятлари эътиборсиз қолдирилди.

Хотини Нина Никоноровна эрининг айбсизлигини, туҳматга қолганини баён қилиб, юқори ташкилотларга шикоятлар ёзди. Бу ҳол НКВДчиларнинг ғазабини қўзғарди, албатта. Терговчи Смолников шу даражага бордики, уни ҳовлисидан ҳайдаб чиқариб, ўзи кириб олди. Смирнов, Смолников, Бойбеков каби НКВД ходимлари СамДУ талабаларига рус тилидан дарс берадиган Нина Никоноровна Блокни ҳам “Германия жосусининг хотини”, эрининг фаолиятини яширган, унга кўмаклашган, деган айблар билан ҳибсга олдилар. Аёлнинг бошига эриники каби ситамлар тушди.

Лекин Иван Василевич Блок ўзининг ва аёлининг гуноҳсизлигини билдириш, исботлаш учун кў пинтилди. СССР, ЎзССР прокурори номига шикоят аризалари йўллади.

1939 йилда НКВДнинг Самарқанд вилояти бошқармаси ходимлари Смирнов ва Смолниковнинг терговларни олиб бориш жараёнида катта хатоларга йўл қўйганлиги, баъзи жиноий ишларни сохталаштиргани фош бўлиб, ҳибсга олинди. Улар тергов олиб борган кўплаб жиноий ишлар қайта кўрилди. Лекин И.Блокнинг аризалари эътиборсиз қолаётган эди. Давлат хавфсизлик хизмати архивида сақланаётган, 88 йил аввал очилган бужиноий ишсаҳифаларини варақлар эканман, бир ҳол диққатимни тортди. Унинг текшириб, хулоса бериш учун Самарқандга юборилган иккита аризаси ҳам бир кишининг, яъни Блокни тергов қилишда қатнашган ўша Бойбековнинг қўлига тушяпти. 1939 йил 19 сентябрда Бойбеков НКВДнинг Самарқанд вилояти бошқармасида катта терговчи сифатида Блокнинг иши бўйичаайбини енгиллаштирувчи ҳолатлар йўқ”, дея хулоса беряпти. Орадан бир йил ўтиб, энди вилоят прокурорининг махсус ишлар бўйича ёрдамчиси бўлиб хизмат қилаётган ўша Бойбеков И.Блокнинг СССР прокуратурасидан юборилган аризасига ҳам салбий фикр билдиради. Ахир унинг ўзи СамДУнинг бу ўқитувчилари бошига тушган кўргуликларнинг сабабчиларидан бири бўлса, яна қандай хулоса бериши мумкин эди? Агар И.Блок тазйиқлар остида бу далолатномаларни имзолаганини кўрсатса, НКВД терговчилари Смирнов ва Смолников каби жавобгарликка тортилиши турган гап бўларди.

СамДУнинг 27 нафар профессор-ўқитувчилари, талабаларнинг И.Блокни ёқлаб ёзган мурожаатлари ҳам эътиборсиз қолди. Ҳатто улардан бирортаси на НКВДга, на прокуратурага чақирилиб гаплашилмаган. Охир-оқибат И.Блок “Германия жосусисифатида 10 йил муддатга концлагерга қамоқ жазосига ҳукм қилинди...

Архив ҳужжатларида уларнинг кейинги тақдири ҳақида ҳеч қандай маълумот топилмади. Фақат 1990 йил 10 февралда Туркистон ҳарбий прокуратурасиунинг ишини қайта кўриб, айбсизлиги учун ҳаракатдан тўхтатганлиги ҳақидаги далолатнома сақланиб қолган.

Музаффар Муқимов,

СамДУ тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси вилоят музейи директори.