Бобомнинг айби - буюк бўлгани эди
Ёшим 84 да. Мен туғилган 1937 йилнинг декабрида бобом - маърифатпарвар олим, журналист, таржимон Саидризо Ализода сиёсий чақув натижасида ҳибсга олинади. 8 йил Самарқанд-Тошкент-Тоболск-Владимир турмаларида ўтириб, 1945 йил 24 декабрда касаллик туфайли вафот этади.
Бобом вафот этган йилда эсимни таниган эдим. Шундан буён қатағон қилинганлар ҳақида ўйласам, этим жунжикиб кетади. 2001 йил - Ўзбекистонда Қатағон қурбонларини ёд этиш куни, деб белгилангандан буён ҳар йили бобом хотираси учун нимадир топаман, изланаман.
***
... 1957 йилда ҳарбий хизматдан келгач, икки йил олий ўқув юртига ўқишга кириш учун ҳаракат қилдим. Аммо омадим келмади. 1959 йилда Озарбайжонга, Бокуда яшайдиган тоғамникига йўл олдим.
Иброҳим тоғамникида 20-25 кун туриб, Каспий денгизида нефть-газ қазийдиган денгизда нефть ва газ излаш билан шуғулланадиган “ГРК в море” корхонасига оддий ишчи бўлиб ишга кирдим. Шу билан бирга Боку давлат университетининг геология факультетига ҳужжат топширдим. Мени 1-курсга қабул қилишди.
Каспий денгизида 10 йилга яқин вақт меҳнат қилдим. Маошим яхши, чунки денгизда нефть-газ қазиб чиқарадиган ишчиларга яхши ойлик тўлар эди. Шу муҳитда ишлаб юрган эдим, бир куни Самарқанддан хат олдим. Хатни раҳматли отам ёзган эканлар.
“Ўғлим, мени қатағон ва уруш йилларида тортган азоб-уқубатларим яна қўзғаган, мазам йўқ, бобонг ҳам шу совуқдан туберкулёз бўлиб, Владимир турмасида 58 ёшда вафот этган эди... Агар имконинг бўлса, ватанга қайт”.
Хатни ўқиб, эртагаёқ Самарқандга отланишим кераклигини англадим. Ҳужжат ва кийим-кечакларимни йиғиштирар эканман, негадир бобом Саидризо Ализоданинг суратларда кўрганим - сиймоси кўз ўнгимда намоён бўлди ва отам кўп такрорлайдиган гапи ёдимга тушди: «1938 йилни бошида отамни Самарқанддан Сибирга жўнатишган. Бу ҳақда бизга бир қоғозчада ёзиб, турмадан озод бўлганлар орқали бериб юборган. Қоғозда “Мени НКВД ходимлари Россиянинг қамоқхоналарига юборяпти, менга телпак ва пахталик шим ҳамда йўлга бироз ейишга егулик олиб келинглар”, деб ёзган эканлар. Эртаси куни раҳматли онам билан Шарофатбегим аммам айтган нарсаларни турмага олиб борганлар – онам 40 кунлик чақалоқ мени ҳам кўтариб борган.
Бобомни турма дарвозаси ёнига икки нафар милиция ходими, етаклаб олиб келади. Шунда дарвоза тирқишидан бобом “Фарҳоджоннинг кичик бармоқчасини менга узатинг, келин”, дейдилар. Онам бармоғимни узатганда бобом ўпиб кўзларига суртиб йиғлаганлар ва онамга “Келин, шу неварамни авайлаб катта қилинглар, замонлар ўтиб рўшнолик келади. Ўшанда шу неварам ҳақиқатни дунёга чиқаради” деб кўзёш қилган эканлар.
Бу гапни онам менга кўп айтар эдилар. Бокуга бораётганимда отам ҳам шкафдан бир оқ қоғоз чиқариб берган эдилар. Қоғозни ўқисам, “Отам ва икки амаким бегуноҳ қамалган, буларни туҳматчилар қаматган”, деб ёзилган эди.
Ўша кундан юрагимда бу номардларга нафрат тоши осилган эди. Бокудан Самарқандга қайтгандан кейин Тошкентга бориб, «Су-11 Промбурвод» номли трестга ишга кирдим ва бобомни оқлаш, пок номини юзага чиқариш, халқ учун қилган амалий ва ижодий ишларини кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола қилиш учун ҳаракатга тушдим. Аллоҳга беҳисоб шукур, йиллар давомида бу эзгу мақсадимга эришдим. Бугунги кунда бобом – Саидризо Ализода номи халқ учун қадрли. Таълим, тарбия, журналистика йўналишлари бўйича қолдирган мероси оммага наф беряпти.
Дарвоқе, мен ушбу хотираларни қоғозга тушираётган бугун тонгда Президентимиз Шаҳидлар хотираси хиёбонига ташриф буюрди. Шавкат Мирзиёев бу ерда “Катта салоҳиятга эга етакчилар, олимлар, адиблар, шифокорлар, ўқитувчилар қатағон қилинган. Улар халқимизнинг энг сара вакиллари эди. Мустабид тузумга миллат кўзини очадиган, унга ўзлигини танитадиган зиёли инсонлар керак эмас эди. Уларнинг айби - буюк бўлгани”, деди.
Фарҳод Ализода.