Қатағон қурбонлари: Истат Усмонов тақдири

1937 йил 7 октябрь куни Хоразм вилоят НКВДси бошлиғи Калмиков қуйидаги мазмундаги телеграммани олди:

“Телеграмма

1937 й. 7 октябрь, Тошкент шаҳри.

Шовот тумани милицияси тезкор вакили Усмонов Истатни ҳибсга олинг. Уни махсус қўриқчилар билан Тошкент қамоқхонасига юборинг. Прокурор Рейхрудер томонидан санкция берилган.

ЎзССР НКВД ишчи-деҳқон милиция бошқармаси бошлиғи Романов”.

1937 йилнинг 9 октябрь куни НКВДнинг Хоразм округ милицияси бошлиғи Останов Романовга телеграмма орқали топшириқ бажарилганини маълум қилади.

Шу тариқа 1908 йилда Самарқандда туғилган ва 1927 йилдан буён милиция сафида хизмат қилаётган Истат Усмонов уни ҳибсга олиш ҳақидаги ордерда ёзилганидек, “1936 йилда Тошкентдаги 3-милиция мактаби курсанти пайтида аксилинқилобий “Миллий Иттиҳод” ташкилотининг фаол аъзолари Рўзи Юсупов, Нарзиқул Иброҳимов ва бошқалар билан яқин алоқа ўрнатиб, курсантлар орасида миллатчилик йўналишида тарғибот олиб борган”, деган айб билан жавобгарликка тортилган эди.

Шундан кейин НКВД ходимлари одатий усулни қўллаб, унинг “аксилинқилобий” фаолиятини фош этувчи ҳужжатларни тўплашга киришдилар. Биринчилар қатори бундай маълумотларни илгари Истат Усмонов ишлаган Самарқанд шаҳар 3-милиция бўлими бошлиғи тақдим этди. Ушбу маълумотномадан айрим кўчирмалар:

“Самарқанд шаҳар, Сўзангарон қисмидаги 1-Ёмини гузарида Павранга исмли босмачиликда шубҳаланилган шахс яшарди. Уни 1934 йилда 4-бўлим тезкор вакили Қаюмов қўлга олган ва Усмоновга тергов олиб боришни топширган. Усмонов эса Павранга билан биродар бўлиб қолиб, уни бутунлай озод қилиб юборган”.

“Қўштамғали қишлоқ кенгашидаги колхозлардан биридан чорва моллари ўғирланган. Унда шубҳаланиб ушланган кишиларга нисбатан ҳам Усмонов чора кўрмаган”.

Лекин ана шу ҳужжатлар тагида бошқа изоҳ ҳам мавжуд эди. Унда айтилишича, босмачиликда айбланган Парванга исмли шахс 1934 йилда Тошкентда суд қилиниб, отиб ташланган. Колхоз чорвасини ўғирлашда гумон қилинганлар ҳам судга тортилиб, бири ўлимга, қолганлари турли муддатга қамоқ жазосига ҳукм этилган. Лекин текшириш олиб бораётган НКВД ходимларини асосан Истат Усмонов фаолиятидаги салбий жиҳатларни топиш қизиқтирарди. Оқибатда бундай кичик ҳарфлар билан ёзилган изоҳларга эътибор қилинмади. Унинг на Самарқандда, на Шовотда ишлаган даврда ўғрилар, қароқчилар ва бошқа шу каби шахслар билан курашдаги бирор-бир ижобий иши тилга олинмади. У ҳақда НКВД тўплаган маълумотлар ва ҳужжатлар билан танишган кишида Истат Усмонов милицияга ишга кирган 1927 йилдан буён фақат бузғунчилик ва бошқа салбий ишлар билан шуғулланган экан, деган фикр уйғониши муқаррар эди. НКВДга фақат шу керак бўлган.

Агар шундай бўлса, нега 19 ёшда милицияга оддий ходим бўлиб ўтган йигит хизмат пиллапояларидан кўтарилиб, Самарқандда ўз соҳаси бўйича яхшигина нуфузга эга бўлган. Охир-оқибат уни Тошкентдаги милиция раҳбар ходимларини тайёрлаш икки йиллик курсларига ўқишга юборишган.

 Истат Усмоновни милиция мактаби курсантларига ўзининг ноўрин мулоҳазалари билан салбий таъсир кўрсатганликда ҳам айблашган эди. Бунинг сабаби, у ўқиш ва хизмат ташвишлари билан банд пайтида хотини қаттиқ касал бўлиб қолди. Уй-жойи йўқлиги, турли хонадонларга кўчиб юриш муолажага муҳтож аёлининг аҳволини янада оғирлаштирди. У мактаб раҳбариятига ҳам руҳий, ҳам иқтисодий қийин аҳволга тушиб қолганини айтиб, аёлини даволашда ёрдам сўрайди. Лекин керакли кўмакни ололмайди. Оқибатда хотини вафот этади. Шундан кейин мактабнинг айрим курсантлари ва ходимлари олдида милиция раҳбарияти ҳақида салбий фикрларни билдиради. Булар милиция мактаби бошлиқлари томонидан ҳисобга олинган ва унинг номи “қора рўйхат”га битиб қўйилганди. Бу гап-сўзлар НКВДнинг ишчи-деҳқон милицияси бош бошқармаси раҳбари, капитан Романовнинг ҳам қулоғига етиб борганди.

Усмонов билан бир пайтда милиция мактаби тингловчиси Эшонхўжаевнинг судда берган кўрсатмасидан: “Менга шу нарса маълумки, ишчи-деҳқон милицияси бошқармаси бошлиғи, капитан Романов милиция мактаби курсантларига кимлар салбий таъсир кўрсатаётганини аниқлаш ва бундайларнинг етакчиси деб билган Истат Усмонов ортидан алоҳида назорат ўрнатиш ҳақида топшириқ берган эди”.

Мана, нима учун ишчи-деҳқон милицияси бошқармасида ишлаган Р.Юсупов ва милиция мактаби ўқитувчиси ҳамда таржимони Н.Иброҳимов “Миллий Иттиҳод” ташкилотига мансубликда айбланиб, қамоққа олиниши биланоқ капитан Романов Хоразмга телеграмма йўллаб, И.Усмоновни ҳам ҳибсга олишга буйруқ беради? Чунки улар самарқандлик ҳамюртлар сифатида бир-икки учрашганидан хабардор эди-да. Унинг учун Истат Усмоновни аксилинқилобий фаолиятда айблаш ва суднинг қора курсисига ўтказишнинг энг мақбул йўли топилганди.

Унга “Миллий Иттиҳод” ташкилоти аъзоси бўлгани, ўқиш давомида аксилинқилобий-миллатчилик фаолиятини олиб борганлиги, шунингдек, “Миллий истиқлол” ташкилотига аъзолиги ҳам айб қилиб қўйилган эди. Буларни ҳеч бўлмаганда қисман исботлаш учун НКВД ўз қўлидаги барча имкониятларни ишга солди. Аввало, унинг ўша пайтда аксилинқилобий-миллатчилик фаолиятида айбланиб ҳибсга олинган Рўзи Юсупов ва бошқалар билан яқин алоқада бўлганлигига оид далиллар изланди. Шу мақсадда Р.Юсупов ва у билан учрашган, бирга ишлаган қатор кишилар ҳам жавобгарликка тортилиб, бирин-кетин тергов қилина бошланди. Уларнинг тергов жараёнларида берган жавоблари билан танишар эканмиз, Рўзи Юсупов ва Нарзиқул Иброҳимов шахси нега хавфсизлик органлари эътиборини бунчалик тортганлигини англаб етгандай бўламиз.

Истат Усмонов (1937 йил октябрда ҳибсга олинган):

- Мен ҳеч ким билан советларга қарши фикр билдириб гаплашмаганман. Рўзи Юсуповнинг хонадонида Иброҳимов билан бирга бўлганман. У ерда палов тайёрланган экан. Тушликдан сўнг мен бу хонадондан тезда кетдим. Чунки ишим бор эди. Кейинчалик мен Иброҳимовдан Юсупов кимлигини сўрадим. Шунда у Юсуповнинг Самарқанддан эканлигини ва ўз вақтида юқори амалларда ишлаганлигини айтди. Юсуповнинг уйида неча марта бўлганлигимни эслолмайман. Баъзан уникида буюмларимни қолдириб кетар эдим.

Тўлаган Миразизов:

– 1931 йилдан ишчи-деҳқон милицияси бошқармасига қарашли 3-милиция мактабида таржимон бўлиб ишлаган чоғимда Иброҳимов билан советларга қарши мавзуларда суҳбатлашмаганман. Милиция мактаби раҳбарияти менинг ўқишни давом эттиришимга ва шу билан бир пайтда ўқитувчилик ҳам қилишимга рухсат бермади. Иқтисодий аҳволим оғир эди. Буларнинг барчаси мени ғазабимни келтирарди. Иброҳимов билан ана шулар ҳақида гаплашганман.

Қаҳҳор Азизов:

- Мен Иброҳимовни яхши билмайман. У билан уч марта учрашганман ва бир гал меҳмонда бўлганман. Биринчи марта уни 1930 йилда Самарқандда учратганман. 1936 йилда Тошкентда мен икки нафар самарқандлик ҳамшаҳаримни учратдим. Улар мени тушликка таклиф қилишди. Биз биргаликда Нарзиқул Иброҳимовникига келдик. У ерда Юсупов ва яна бир неча киши бор экан. Тайёрланган ошни еб бўлгандан кейин мен уйга кетдим. Юсупов ва Иброҳимовнинг аксилинқилобий фаолияти ҳақида ҳеч нарса билмайман. Мен ҳеч қандай аксилинқилобий-миллатчилик ташкилоти сафида бўлмаганман ва совет ҳокимиятига қарши суҳбатларда иштирок этмаганман.

Камкор Умаров:

– 1933 йилдан ишчи-деҳқон милицияси сафида хизмат қилганман. Ҳибсга олингунча Самарқанддаги 4-милиция бўлими бошлиғининг ёрдамчиси бўлиб ишлаганман. Р.Юсупов, Н.Иброҳимов ҳақида шуни айтишим мумкинки, мен уларнинг аксилинқилобий ташкилот аъзоси эканлигини умуман билмаганман.

 Ота Ёқубов:

– 1931 йилдан ишчи-деҳқон милицияси сафида хизмат қилганман. Айбланаётган Иброҳимовни, шунингдек, Истат Усмоновни ҳам 1935 йил охирларидан биламан. Юсуповни мен кўрганим ҳам йўқ ва танимайман ҳам. Ҳеч қачон аксилинқилобий ташкилот аъзоси бўлган эмасман. Миллатчилик руҳидаги суҳбатларда қатнашмаганман...

Истат Усмоновни жиноий жавобгарликка тортишдан асосий мақсад юқорида номлари келтирилган Рўзи Юсупов ва Нарзиқул Иброҳимовнинг “Миллий Иттиҳод” ташкилоти аъзоси сифатида кўпроқ кишиларни унинг сафига жалб этишга интилганлигини кўрсатиш эди. Шу сабабли уларнинг бирга ўтириб ош ейиши ҳам ана шу мақсадга йўналтирилган йиғилиш, деб талқин қилинди. У пайтлар НКВД учун бу ҳол одат тусини олган. Масалан, бир киши аксилинқилобий фаолиятда айбланса, албатта уни таниган, бирга ишлаган кишилардан бир нечтаси унинг ҳаммаслагига айлантирилар ва ўнлаб баҳоналар билан айбланувчининг сафдоши ёки қўллаб-қувватловчиси тариқасида жавобгарликка тортилар эди. Истат Усмонов ва яна бир нечта милиция мактаби ходимлари бошига шундай кунлар тушганди...

1938 йил 16 майда Ўзбекистон ССР Чегара ва ички қўшинлари ҳарбий трибунали унинг ишини кўриб чиқа бошлади. Трибунал мажлисида ҳатто бош айбланувчилардан бўлган Н.Иброҳимовнинг И.Усмонов ҳақидаги кўрсатмалари ҳам инобатга олинмади. Мана, унинг айтганлари: “Усмоновни Юсуповникидаги ошга мен таклиф қилдим ва милиция мактаби курсанти сифатида таништирдим. Ўзбекча одат бўйича меҳмонга айтилганда бир ўзи эмас, бирорта таниш-билиши билан боради. Бундан ташқари, мен Усмоновни ҳеч қандай ташкилотга жалб этган эмасман ва бу ҳақда ўйлаганим ҳам йўқ”.

 Лекин ҳарбий трибуналда ўтирганларни бундай кўрсатмалар қизиқтирмасди. 1938 йил 17 майда унга нисбатан ашаддий аксилинқилобчи ва миллатчи сифатида ўлим жазосини тайинлаш ҳақида ҳукм чиқарди. Кейинчалик унинг Москвага ёзган шикояти асосида СССР Олий судининг ҳарбий коллегияси уларнинг бу ҳукмини бекор қилиб, И.Усмоновга ўн йил қамоқ жазосини белгилади.

Унинг жиноий иши ҳужжатлари орасида Тошкент ҳибсхонаси бошлиғининг СССР шимолида жойлашган Каргапол лагерлар бошқармаси бошлиғига ёзган хати ҳам сақланиб қолган. Унда И.Усмонов жазони ўташ учун уларнинг ихтиёрига юборилаётгани айтилган.

...Орадан йиллар ўтди. Унинг ҳали ҳаёт бўлган 75 ёшли онаси Саломат Усмонова Сталиннинг ўлимидан сўнг, 1937-1938 йилларда “халқ душмани”, “аксилинқилобчи” тамғаси билан қамалганларнинг тирик қолганлари қайтаётганлигини эшитиб, 1956 йилдан бошлаб турли идораларга ўғлининг қисматини аниқлашда ёрдам беришларини сўраб мурожаат қилади.

1956 йил 10 апрелда Москвага, СССР Бош ҳарбий прокурори номига қуйидаги хатни битади: “Менга 1908 йилда туғилган ўғлим Истат Усмоновнинг тақдири ҳақида хабар беришингизни илтимос қиламан. Ўғлим 1937 йилда ҳибсга олинган эди. Кейин унга 10 йил қамоқ жазоси беришган. Ўша пайтлар Хоразм вилояти Шовот тумани милициясида ишлаётган эди. Охирги хатни ундан 1941 йилда олган эдим. Шундан буён хат-хабар йўқ. Ўғлимнинг бор ёки йўқлиги ҳақида хабар беришингизни ўтиниб сўрайман”.

Шундан кейин бу хат Туркистон ҳарбий прокуратурасига юборилади. Уларнинг сўровлари туфайли 1958 йил август ойида ниҳоят Истат Усмоновнинг кейинги тақдирига аниқлик киритилади.

Жавоб хати ҳам И.Усмоновга тегишли ҳужжатлар орасида сақланиб қолган экан: “Сизнинг сўровномангизга жавобан шуни маълум қиламизки, маҳбус И.Усмонов 1943 йил 26 ноябрда Архангелск вилояти Ерсево станциясидаги қамоқхонада вафот этган”.

Бу мудҳиш жавоб ўша пайтлар Самарқанд шаҳри Ғаллаорол кўчаси, 1-тор кўча, 7-уйда яшаган онаси Саломат Усмонованинг қўлига текканми-йўқми, бизга қоронғу...

 Музаффар Муқимов,

 СамДУ тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси вилоят музейи директори.