Қатағон қурбони бўлган ватандошларимизнинг номи тикланади, улар ҳақида китоблар чоп этилади

Ёшларни ота-боболаримиз хотирасига ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларнинг жасорати ва ибратли фаолиятини тарғиб этиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Президентимизнинг “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши билан қатағон қурбонларининг номларини тиклаш ва хотирасини абадийлаштириш бўйича жойларда “Йўл харитаси” тузилди. Унга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан олим ва мутахассислардан иборат илмий ишчи гуруҳлар ташкил этилди. Хусусан, Самарқанд вилоятида ҳам 35 нафар олим ва мутахассислардан иборат ишчи гуруҳ тузилди.

Илмий-ишчи гуруҳга давлат музейи ҳамда ҳудудлардаги олий таълим муассасаларидаги музейлар, вазирлик ва идораларнинг идоравий архивларидан фойдаланиш имконияти яратилди.

Шунингдек, улар қатағон қурбони бўлган юртдошларимизнинг авлодлари ва яқинлари, ўша давр воқеаларини чуқур биладиган кишиларнинг хотираларини ёзиб олиб, оилавий архив ва кутубхоналарда сақланаётган тарихий материалларни, ноёб суратларни тўплайди.

Бундан ташқари, илмий-ишчи гуруҳ шаҳид бўлган юртдошларимиз номини абадийлаштириш ва келгуси авлодларга етказиш мақсадида ҳудудлар кесимида улар ҳақидаги кўп жилдлик “Қатағон қурбонлари” хотира китобларини нашрга тайёрлайди.