“Катта террор”да қатағон қилинган Самарқанд жадидлари

Самарқандда кўплаб жадидлар авлодлари майдонга келиб, улар ватан озодлиги, мустақиллиги йўлида қаҳрамонона кураш жабҳаларида қурбон бўлган.

Қуйида 1937-1938 йиллардаги “катта террор” сиёсатида қатағон қилинган самарқандликларни эсга олиб ўтишни лозим кўрдик.

Салоҳиддин Сулаймонов 1888 йилда туғилган, Самарқанд шаҳридан, собиқ савдогар, аксилинқилобий «Миллий иттиҳод» ташкилоти аъзоси, босмачилик иштирокчиси. 1923 йили Афғонистонга қочиб кетган, 1933 йили қайтиб келган, аксилинқилобий фаолияти учун жавобгарликка тортилган. Аҳоли орасида очарчилик тўғрисида миш-мишлар тарқатганликда, монархик тузумни мақтаганликда айбланган. 5770-сонли иш бўйича Салоҳиддин Сулаймонов 10 йил меҳнат тузатув лагерига ҳукм қилинган, жазо муддати 1937 йил 12 сентябрдан ҳисобланган.

Қори Зикр Ҳамидбоев 1870 йилда туғилган, Самарқанд шаҳридан, собиқ савдогар, 1923 йили аксилинқилобий фаолияти учун 2 йил қамоққа ҳукм этилган, аксилинқилобий «Миллий иттиҳод» ташкилотининг аъзоси, ВКП(б)нинг собиқ аъзоси, 1933 йили партиядан ўчирилган, босмачилик кўмакчиси, ҳибсга олинган вақтда аниқ машғулоти бўлмаган. Аҳоли орасида партия ва ҳукумат тадбирларига қарши қаратилган аксилинқилобий тарғибот олиб борганликда айбланган. 1379-сонли иш бўйича Қори Зикр Ҳамидбоев 10 йил меҳнат тузатув лагерига ҳукм қилинган, жазо муддати 1937 йил 19 августдан ҳисобланган.

Мирза Хол Каримов 1891 йилда туғилган, Самарқанд шаҳридан, собиқ савдогар, 1920 йили ВКП(б) сафидан чиқарилган, аксилинқилобий «Миллий иттиҳод» ташкилотининг аъзоси, террорчилар гуруҳига кирган, ижроқўм раисини ўлдиришда иштирок этган, ҳибсга олинган вақтда омбор мудири бўлган. Аҳоли орасида аксилинқилобий миллатчилик тарғиботи олиб борганликда айбланган. 5765-сонли иш бўйича Мирза Хол Каримов отувга ҳукм қилинган.

Мажид Зокирий ‒ 1897 йилда Самарқанд шаҳрида туғилган, «Миллий иттиҳод» аксилинқилобий ташкилотнинг фаол аъзоси, «18 лар гуруҳи» иштирокчиси эканлиги учун 1934 йили ВКП(б) сафидан чиқарилган, қамоққа олиниши вақтида Ургут райони маориф бўлими бошлиғи бўлган.

Зокирий «Миллий иттиҳод» аксилинқилобий ташкилоти Самарқанд филиали раҳбарларидан бири колхозчилар орасида доимий равишда аксилинқилобий троцкийча тарғибот олиб борганликда, колхозларда очарчилик тўғрисида аксилинқилобий иғвогарлик, туҳмат қилганликда, аксилинқилобий троцкийчиларнинг отилишига ҳамдардлик билдирганликда айбланиб, шахсий мулклари мусодара этилиб, ўзи отувга ҳукм қилинган.

Ҳазратқул Раҳмонқулов ЎзССР ИИХК (Ички ишлар халқ комиссарлиги) Самарқанд секторининг 1417-иши бўйича айбланган. У 1889 йили Жомбой райони Жомбой қишлоғида туғилган, руҳоний, домланинг ўғли, фош қилинмай қолган қулоқ, аксилинқилобий «Миллий иттиҳод» ташкилотининг Самарқанддаги ташкилотчиси, раҳбари Ўринхўжаев (Мирзахўжа – Р.Ш.) аввалда босмачилар тўдасида бўлганнинг яқин дўсти, ҳибсга олинган пайтда колхоз аъзоси бўлган.

Аксилинқилобий ташкилот топшириғи билан кўнгилли отрядга қўшилганликда, бу ерда 6 жангчи ва улар билан бирга босмачилар тўдаси билан бирга қочиб кетганликда, колхозчилар орасида доимий равишда аксилинқилобий, миллатчилик тарғиботини олиб борганликда, миллий адоватни кучайтирганликда айбланиб 8 йил меҳнат тузатув лагерига ҳукм этилган, муддат 1937 йил 18 августдан ҳисобланган.

Рустамбек Шамсутдинов,

тарих фанлари доктори, профессор, Марказий Осиё фан, маданият ва санъат академияси академиги.

(Давоми бор).