Масъулият - туғма хусусият эмас, балки тарбия маҳсули
Кейинги йиллар болаларда масъулиятсизлик ортяпти. Бир пайтлар ота-онанинг сўзи икки қилинмасди. Бугунги ёшлар эса кичик вазифаларни ҳам дакки бермасангиз бажармай қўйди. “Кейин қиламан”, “улгураман”, деган баҳоналар одатга айланди. Бу ҳаёт тарзимизнинг нотўғри шаклланаётганидан далолат.
Аввало, болалар технологиялар ичида яшаяпти. Телефон, планшет ва компьютер уларнинг доимий ҳамроҳига айланди. Айнан шу гаджетлар болаларда масъулиятсиз ҳиссини уйғотмоқда. Бола виртуал дунёдаги каби биргина тугмани босиш билан ҳал бўлади, деб ўйлайди. Вақт, меҳнат, интизом ва изчиллик каби қадриятлар эса ортга сурилади.
Иккинчидан, кўплаб ота-оналар фарзандига ортиқча енгиллик яратишга ҳаракат қилади. “Мен қилиб қўя қолай”, “болам чарчамасин”, қабилида иш тутиб, уни кичик вазифалардан озод қилиши ҳам масъулиятнинг пасайишига сабаб бўлади. Аслида, бола айнан шундай оддий ишларни бажариб, ҳаётга тайёрланиши керак. Идиш ювиш, хонани йиғиштириш, дарсни ўз вақтида бажариш каби кундалик вазифалар унинг шахсияти ривожланишида муҳим рол ўйнайди.
Қолаверса, рағбат ва талаб ўртасидаги мувозанат йўқолиб бормоқда. Айрим болалар ҳар қандай кичик иш учун ҳам мақтов кутади. Талаб етарли бўлмаса ёки меҳнат қадрланмаса, масъулият ҳам заифлашади.
Хўш, нима қилиш керак? Аввало, болада “вазифа–натижа” муносабатини шакллантириш зарур. Яъни, ҳар бир ишнинг эвазида муайян натижа бўлишини бола ҳис қилсин. Кундалик вазифалар рўйхатини бирга тузиш ва бажарилган ишларга кичик рағбат бериш яхши самара беради. Фарзандга болалигидан бошлаб уй вазифаларини топшириш керак. Бу унинг машаққатга чидамли, ўз ишига эгалик қилувчи ва “мен ҳам оилам учун масъулман”, деган туйғуни шакллантиради.
Боланинг экран олдида ўтказадиган вақтини чеклаш ва уни фойдали фаолиятлар билан алмаштириш жуда муҳим. Реал ҳаётдаги ҳаракат, меҳнат, спорт ва ижодий машғулотлар масъулиятни тиклайди. Ота-онанинг ўзи болага ибрат бўлиши керак. Бола гапдан кўра амалдаги ҳаракатни яхши қабул қилади. Агар ота-она вазифасини вақтида бажарса, ваъдасига вафо қилса, тартибли бўлса, фарзанд ҳам шунга ўрганади.
Масъулият - туғма хусусият эмас, балки тарбия орқали шаклланадиган сифат. Фарзандимизни ҳаётга тайёрламоқчи бўлсак, уни вазифалардан қочмасликка, ташаббускор бўлишга, ваъдага содиқ қолишга ўргатиш лозим.
Ойниса РАШИДОВА,
СамДЧТИ ўқитувчиси.