Кўнгилга борар йўллар...

Бу дунёда турфа-турфа

йўллар ичида сарсон,

Гоҳ йиқилиб, гоҳо туриб

борадир мудом инсон.

Қабул айлаб ҳаётнинг бахт,

дард тўла хатларини,

Кечар экан токи умр

гўзал бекатларини.

Манзил томон элтгувчи бу

нурли йиллар бор бўлсин,

Кўнгиллардан кўнгилларга

борар йўллар бор бўлсин!

 

Ҳамжиҳатлик илмин бунда

ўқиб борса уйғоқ қалб,

Боғланадир кўнгиллардай

бунда яна Шарқу Ғарб.

Дийдор сабаб руҳ ўсадир,

шодлик, севинч жонланар,

Ҳар юракда умидларнинг

байрами нишонланар.

Тинч давронга зеб бергувчи

ўнгу сўллар бор бўлсин,

Кўнгиллардан кўнгилларга

борар йўллар бор бўлсин!

 

Кўрдим ойдин оқшомларда,

сездим оппоқ саҳарлар,

Юртим аро очар чирой

қишлоқлару шаҳарлар.

Бир нафаслик йўлга дўнди

олис масофалар хуш,

Ахир унда елиб борар

замонавий учқур қуш.

Шу қушларга қанот берган

ажиб қўллар бор бўлсин,

Кўнгиллардан кўнгилларга

борар йўллар бор бўлсин!

 

Эзгуликни байроқ қилиб,

яхши ният айлаб жо,

Миллат келар, қучоғингни

кенгроқ очгин, эй дунё!

Кўҳна тарих нафасидан

олиб яна зўр илҳом,

Истагидир бу йўлларни

йўлларга қўшмоқ мудом.

Орзуларни ушалтирган

чин сурурлар бор бўлсин,

Кўнгиллардан кўнгилларга

борар йўллар бор бўлсин!

 

Аждодлардан анъанадир

унутилмас бу сабоқ:

Йўл қурмоқ, дил боғламоқ,

бирлашмоқ, Ватан бўлмоқ.

Минг эъзозга лойиқ ахир

шу йўриқни уқса ким,

Заҳматкаш халқ оғирини

олиб олға чиқса ким.

Бу улкан бахт кимга ёрдир,

ёр ғурурлар бор бўлсин,

Кўнгиллардан кўнгилларга

борар йўллар бор бўлсин!

 

Бепоён кенгликларга

тикилдим бугун мағрур,

Бир ҳис бағишлади қалбим,

кўксимга сўнмас ҳовур.

Йўллар кетар бунда гулгун

тоғ-адир оша яна,

Самарқанддан Тошкент қадар,

Нукусдан то Фарғона.

Дедим, шу йўлларга умр

сочган гуллар бор бўлсин,

Кўнгиллардан кўнгилларга

борар йўллар бор бўлсин!

 

Қалқиб турган оламда не

қолгай инсон изидан,

Қилган яхши амалидан,

айтган илиқ сўзидан?!

Шараф эрур ортида гар

Она замин, эл қолса,

Меҳр билан, шодлик билан

боғлаган бир йўл қолса.

Шу тилакни англаган ул

ёруғ диллар бор бўлсин,

Кўнгиллардан кўнгилларга

борар йўллар бор бўлсин!

Ўткир РАҲМАТ.