Таътил бекор қилинадими? Чипталар қиммат, рейслар тўхтатилмоқда
Эрон атрофидаги можаро сабаб жаҳон авиацияси инқирозга юз тутди: авиачипталар нархи ошмоқда, авиакомпаниялар рейсларни қисқартирмоқда. Баъзи йўналишлар эса Ҳормуз бўғози орқали ёнилғи етказиб беришдаги узилишлар ва ҳаво маконининг ёпилиши туфайли ўзгармоқда.
Йирик авиакомпаниялар — Германия, Франция, Буюк Британия, АҚШ, Канада, Финляндия, Туркия ва бошқа давлатлар рейсларни бекор қилиш ва қисқартиришлар ҳақида огоҳлантирмоқда. Чекловлар биринчи навбатда БАА, Қатар, Саудия Арабистони, Исроил ва Ливан йўналишларига таъсир қилди.
Экспертларнинг огоҳлантиришича, оқибатлар барча халқаро йўналишларга тарқалиши мумкин. Энг кўп зарар кам талабга эга рейсларга тегмоқда, машҳур йўналишларда эса авиакомпаниялар харажатларнинг ошиши, рейсларнинг камайиши сабаб нархларни кўтармоқда.
Инқироз қисман Ўзбекистонга ҳам таъсир қилди. Айрим Яқин Шарқ давлатларига рейслар вақтинча бекор қилинди ёки ўзгартирилди. Жумладан, БАА, Қатар ва Саудия Арабистони йўналишлари, баъзи йўналишлар эса ҳавфли ҳудудларни айланиб ўтиб, амалга оширилди. Айни пайтда энг барқарор йўналишлар: Туркия, Россия, Марказий Осиё, ўртача барқарорлик - БАА, Саудия Арабистони, Қатарда. Муаммолар доимий эмас, балки вақтинча бекор қилиш ёки йўналишларни ўзгартириш кўринишида бўлиши айтилмоқда.
Шунга қарамай, саёҳат мавсуми авжида. Саёҳатчилар бундай вазиятда қандай йўл тутиши керак? Бу ҳақида мутахассислар қуйидагича таклифлар беришмоқда:
• Саёҳатни олдиндан брон қилиш. Чунки нархлар ошишда давом этмоқда;
• Таътилни ёз охирига ёки кейинроққа кўчириш;
• Чипта нархи хариддан кейин ҳам ўзгариши мумкинлигини ҳисобга олиш;
• Багаж ва қўшимча хизматлардан воз кечиш;
• Мавсумдан ташқари йўналишларни танлаш;
• Номаълум қўшимча харажатлар ва рейс ўзгаришларига тайёр бўлиш.
Ҳукуматлар ва авиация ташкилотлари томонидан чоралар кўрилаётганига қарамай, бозор ҳали ҳам беқарор қолмоқда. Экспертлар тармоқ тўлиқ тикланиши учун вақт керак деб ҳисоблашади. Геосиёсий вазият барқарорлашмаса, бу 2027 йилгача чўзилиши мумкин.