Самарқандда Ўзбекистон ва Беларусь ижро органлари ўртасидаги тажрибалар муҳокама қилинди
Беларусь Республикаси адлия вазирлиги ҳузуридаги Мажбурий ижро бош бошқармаси бошлиғи (Беларусь Республикасиниг Бош суд ижрочиси) С.Никель бошчилигидаги делегация Самарқанд шаҳрига келди.
Дастлаб делегация вакиллари Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармасининг туманлараро ва Самарқанд шаҳар бўлими фаолияти билан танишди. Ижро этиш соҳасидаги янгиликлар тўғрисида ўзаро фикр алмашди.
Делегация вакилларида ижро ҳужжатларини электрон шаклда бериш, юбориш ва тақдим этиш тартиби жорий этилганлиги ҳамда яратилаётган бошқа янгиликларни реализация қилиш борасида олиб борилаётган ишлар катта қизиқиш уйғотди.
Беларусь Республикаси делегация аъзолари томонидан Ўзбекистонда охирги йилларда мажбурий ижро соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли эришилаётган натижалар юксак баҳоланди. Шунингдек, идоралар ўртасида ҳамкорлик ўзаро амалий хусусиятга эга эканлиги таъкидланди. Ҳамкорлик дастури доирасида келгусида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш чоралари муҳокама қилинди.
Делегация аъзоларига Ўзбекистонда ижро ишларини юритиш соҳасида амалга оширилаётган, тизимнинг самарадорлиги, очиқлиги ва технологик қулайлигини ошириш, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун қулай шароитлар яратишга қаратилган ислоҳотлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Томонлар ўзаро ҳамкорликнинг юқори даражада ташкил этилгани, мулоқотнинг конструктив хусусияти ва шериклик муносабатларини янада ривожлантиришдан ўзаро манфаатдор эканини қайд этдилар. Меморандум имзоланиши ҳамкорликни институционаллаштириш, тажриба алмашинувни кенгайтириш ва икки мамлакат мажбурий ижро органлари фаолиятига илғор тажрибаларни жорий этиш йўлидаги муҳим қадам сифатида муҳимлиги таъкидланди.