Қурилиш бозори: солиқ интизоми ва тизимли муаммолар таҳлили

Уй-жойларнинг сунъий равишда паст нархларда расмийлаштирилиши. Таҳлилларга кўра, расмийлаштирилган уй-жойларнинг ўртача нархи бозор баҳосидан анча паст кўрсатилган. Масалан, шаҳар ҳудудида 1 квадрат метр уй-жой ўртача 4 миллион сўмдан расмийлаштирилган бўлса, туманларда бу рақам 2 миллион сўмга ҳам бормаган.

Кейинги йилларда Ўзбекистонда, хусусан, вилоятимизда қурилиш соҳаси иқтисодиётнинг энг жадал ривожланаётган тармоқларидан бирига айланди. Янги турар-жой массивлари, замонавий кўп қаватли уйлар ва инфратузилма объектларининг барпо этилиши аҳоли турмуш даражасини оширишга хизмат қилмоқда. Бироқ соҳадаги ўсиш суръатлари билан бир қаторда тизимли муаммолар, хусусан, солиқ интизомининг бузилиши ҳолатлари ҳам кўпайиб бормоқда.

Ўтказилган таҳлиллар қурилиш корхоналари фаолиятида жиддий камчиликлар мавжудлигини кўрсатди. Кўп қаватли уй жой қурувчи 142 та корхона фаолияти ўрганилиб, уларнинг 50 тасида 2023-2025 йиллар давомида бюджетга тўланиши лозим бўлган 294 миллиард сўмлик солиқлар яширилгани аниқланди. Бу рақам нафақат иқтисодий, балки ижтимоий жиҳатдан ҳам катта аҳамиятга эга.

Аввало, яширилган солиқлар таркибига эътибор қаратадиган бўлсак, асосий улуш қўшилган қиймат солиғига (170 миллиард сўм) тўғри келади. Шунингдек, 60 миллиард сўм фойда солиғи, 24 миллиард сўм иш ҳақидан ушланадиган даромад солиғи ҳамда қурилиш объектларини ўз вақтида топширмаслик натижасида 26 миллиард сўм мол-мулк ва ер солиғи қўшимча ҳисобланган. Бу ҳолатлар қурилиш соҳасида молиявий шаффофлик етарли эмаслигини кўрсатади.

Биринчи муҳим муаммо – иш ҳақи жамғармасини сунъий равишда камайтириш орқали солиқдан қочиш ҳолатларидир. Таҳлиллар 41 та корхонада айнан шу схема қўлланилганини кўрсатди. Натижада 48 миллиард сўм миқдорида даромад солиғи ва ижтимоий солиқлар тўланмаган. Қурилиш соҳасида белгиланган минимал талабларга кўра, бир штатда ишловчи шахсга энг кам иш ҳақининг тўрт бараваридан кам маблағ ёзилиши мумкин эмас. Аммо амалиётда бу талабларга риоя этилмаган. Бу каби ҳолатлар нафақат давлат бюджетига, балки ишчиларнинг ижтимоий ҳимоясига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Чунки расмий равишда кам иш ҳақи кўрсатилиши келажакда пенсия таъминоти ва бошқа ижтимоий кафолатларнинг камайишига олиб келади.

Иккинчи йирик муаммо – қурилган уй-жойларнинг реал сотуви билан ҳисоботларда акс эттирилган маълумотлар ўртасидаги тафовутдир. 29 та корхона томонидан 597 минг квадрат метр уй-жой фойдаланишга топширилган бўлса, шундан 279 минг квадрат метри расмий равишда сотилмаган, деб кўрсатилган. Аслида эса бу уйлар амалда харидорларга сотилган ва тўловлари ҳам олинган. Бу орқали қурувчилар қўшилган қиймат солиғини тўлашдан қочиб, маблағларни ўз айланмасига йўналтирган. Оқибатда 97,5 миллиард сўм қўшимча қиймат солиғи бюджетга тушмай қолган. Бу ҳолат бозорда ноқонуний рақобатни ҳам келтириб чиқаради, чунки ҳалол ишлаётган корхоналар солиқ юкини тўлиқ кўтаришга мажбур бўлади.

Учинчи муаммо – қурилиш муддатларига риоя этилмаслиги билан боғлиқ. Амалдаги қонунчиликка кўра, қурилиш 24 ой ичида якунланмаса, мол-мулк ва ер солиғи икки баравар ставкада ҳисобланиши лозим. Бироқ 36 та корхонада ушбу талаб бажарилмаган ва 16,4 миллиард сўм солиқ ҳисобланмай қолган. Бу ҳолат шаҳарсозлик сиёсатига ҳам таъсир кўрсатади. Чала қурилиш объектлари шаҳар кўринишига салбий таъсир ўтказади, инфратузилма режалаштирилишини издан чиқаради ва аҳоли учун қўшимча ноқулайликлар туғдиради.

Тўртинчи жиҳат, уй-жойларнинг сунъий равишда паст нархларда расмийлаштирилиши. Таҳлилларга кўра, расмийлаштирилган уй-жойларнинг ўртача нархи бозор баҳосидан анча паст кўрсатилган. Масалан, шаҳар ҳудудида 1 квадрат метр уй-жой ўртача 4 миллион сўмдан расмийлаштирилган бўлса, туманларда бу рақам 2 миллион сўмга ҳам бормаган.

Оқибатда 24 та корхона томонидан 38 миллиард сўм ҚҚС тўланмаган. Бу ҳолат солиқ базасини сунъий равишда камайтириш орқали амалга оширилган бўлиб, давлат буджетига жиддий зарар етказган.

Бешинчидан, ҳужжатсиз товар ва хизматлардан фойдаланиш ҳолатлари қайд этилди. Айрим корхоналар қурилиш материалларини расмий кирим қилмасдан ишлатган ёки ҳужжатларда кўрсатилган материаллар амалда ишлатилмаган. Бу эса солиқ ҳисоб-китоблари да бузилишларга олиб келган ва 30 миллиард сўм ҚҚС ҳисобланмай қолган.

Олтинчи жиҳат – рентабелликни сунъий пасайтириш орқали фойда солиғидан қочишдир. 30 та корхонада харажатлар асоссиз равишда ошириб кўрсатилган ва натижада 11,5 миллиард сўм фойда солиғи яширилган. Шунингдек, транспорт хизматларидан ҳужжатсиз фойдаланиш ҳолатлари ҳам аниқланган бўлиб, қўшимча равишда 18,8 миллиард сўм солиқ ундириш имконияти мавжуд.

Яна бир эътиборли ҳолат – айрим қурилиш компанияларининг бошқа ҳудудларда рўйхатдан ўтиб, Самарқандда фаолият юритишидир. Бу эса солиқ текширувларидан қочиш ва назоратни сусайтиришга хизмат қилмоқда.

Юқорида қайд этилган ҳолатлар қурилиш соҳасидаги муаммолар тизимли характерга эга эканини кўрсатади. Бу ерда фақат алоҳида корхоналар эмас, балки умумий бошқарув ва назорат механизмларини такомиллаштириш зарур.

Муаммоларни бартараф этиш учун бир қатор чора тадбирлар белгилаб берилган. Жумладан, аниқланган 294 миллиард сўмлик солиқ қарздорлигини ундириш, ҳудудларда солиқ қонунчилигига риоя этилишини кучайтириш, назорат органлари ходимларини бодикамералар билан таъминлаш ва қурилиш объектларида онлайн кузатув тизимларини жорий этиш каби вазифалар белгиланган.

Айниқса, қурилиш объектларига камералар ўрнатиш ташаббуси шаффофликни таъминлашда муҳим қадам бўлиши мумкин. Бу орқали ишчилар сони, иш жараёнлари ва қурилиш босқичларини реал вақт режимида кузатиш имкони пайдо бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, вилоят қурилиш соҳасида аниқланган солиқ қонунбузарликлари нафақат молиявий интизом муаммоси, балки иқтисодий адолат ва бозор шаффофлиги масаласи эканини кўрсатади. Агар мазкур муаммолар ўз вақтида бартараф этилмаса, бу келажакда янада катта иқтисодий йўқотишларга олиб келиши мумкин.

Шу боис, давлат органлари, маҳаллий ҳокимликлар ва жамоатчилик ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, рақамли назорат тизимларини жорий этиш ва қонун устуворлигини таъминлаш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда.

Камолбек Норбеков,

вилоят солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи.