Қатағон қурбонлари ҳақидаги нодир ҳужжатлар, тарихий манбалар ўрганиляпти
#Сана: 31 август - Қатағон қурбонлари хотирасини ёд этиш куни
2001 йилдан буён мамлакатимизда 31 август – Қатағон қурбонлари хотирасини ёд этиш куни сифатида кенг нишонланади. Вилоятимизда ҳам ушбу сана муносабати билан қатор тадбирлар ўтказилмоқда.
Жумладан, Самарқанд давлат университети тузилмасидаги вилоят Қатағон қурбонлари хотираси музейида учрашув ўтказилди. Унда вилоятимиздан қатағон қилинган ватанпарвар, маърифатпарварларнинг фарзандлари, набиралари, қариндош-уруғлари, тарихчи олимлар, ёш тадқиқотчилар, ижодкорлар иштирок этди.
Таъкидландики, музей ташкил этилгандан буён қисқа давр ичида вилоятимизда 4153 нафар қатағон қурбонлари аниқланиб, “Ўзбекистон” нашриёти томонидан нашр этиладиган “Хотира китоби”нинг 1-жилдига киритилди. Ҳали бу борада жамоатчилик билан ҳамкорликда изланишлар давом этмоқда. Зарафшон воҳасидан қатағон қилинган ота-боболаримизнинг табаррук номларини тиклаш, улар ҳақидаги нодир ҳужжатларни, тарихий манбаларни излаб топиш борасида амалга оширилаётган ишларда Вазирлар Маҳкамаси томонидан жорий йил 9 июнда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ва ҳудудлардаги олий таълим муассасалари тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейлари ҳамда “Шаҳидлар хотираси” жамоат фондини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги қарори қўл келмоқда.
Шаҳризод Шодиев,
СамДУ тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси вилоят музейи ходими.