“Қай бир жойдан бир ғишт олсам, ўрнига ўн ғишт қўйдирдим, бир дарахт кестирсам, ўрнига ўнта кўчат эктирдим”
Амир Темур ўз давлатининг шон-шуҳрати учун унинг марказий қисми бўлган Мовароуннаҳр, айниқса, пойтахт Самарқанднинг ободончилигига алоҳида аҳамият берган.
Унинг ҳар бир зафарли воқеани, севинчли ҳодисани муҳташам меъморлик обидасини барпо этиш билан нишонлаш одати бўлган. Шу мақсадда ҳиндистонлик юзларча моҳир ғишт терувчилар, Шероз, Исфахон ва Дамашқнинг машҳур уста-ҳунармандлари қаторида ерли усталар мамлакатда улуғвор, серҳашам иморату иншоотлар бино қиладилар.
Соҳибқирон Табризда жоме масжиди, Шерозда сарой, Бағдодда мадраса, Туркистонда машҳур шайх Аҳмад Яссавий қабри устига мақбара бино қилдирди. У ўзининг саховати ва ҳимматини, хусусан, Шаҳрисабз ва Самарқандда олий иморатлар қурдиришда кўрсатди. Шаҳрисабзда отаси ва ўғли Жаҳонгирнинг қабрлари устига мақбара барпо этиб, жоме масжиди қурдирди. Шаҳрисабзда машҳур Оқсарой қад кўтарди. Бу муҳташам олий иморат пештоқи, тоқу равоқлари, гумбазу деворлари зангори ва олтин рангдаги нақшли кошинлар, гулдор ўймакор парчинлар эса ояту турли мазмундаги битиклар билан зийнатланди. Шаҳрисабздаги қароргоҳ – Оқсаройнинг кошинкор ва парчинкор пештоқи гулдор нақшлари орасига “Агар бизнинг қувват ва қудратимизга ишонмасанг қурган иморатларимизга боқ” деган хитобнома битилган. Туркистон шаҳрида Аҳмад Яссавий мақбарасини бино қилишда ҳам шундай мақсад назарда тутилган.
Бу кўҳна дунё тарихида қатор жаҳонгирлар ҳукмронлик қилиб ўтган. Уларнинг аксарияти ўзидан фақат култепага айланган вайроналарнигина қолдирган. Улардан фарқли ўлароқ, Амир Темур умр бўйи бунёдкорлик билан машғул бўлган. Унинг “Қай бир жойдан бир ғишт олсам, ўрнига ўн ғишт қўйдирдим, бир дарахт кестирсам, ўрнига ўнта кўчат эктирдим”, деган сўзлари бунинг ёрқин исботидир.
Чингизхон босқини давомида бутунлай вайрон этилган Самарқанд шаҳри Соҳибқирон даврида ўзининг қадимги ўрнидан бирмунча жануброқда бошдан оёқ янгидан қайта қурилди. Шаҳар тевараги Оханин, Чорсу, Шайхзода, Коризгоҳ, Сўзангарон ва Феруза каби номлар билан юритилувчи олтита дарвозали мустаҳкам янги қалъа девори билан ўраб чиқилди. Шаҳар аркида Амир Темурнинг қароргоҳи – Кўксарой ва Бўстонсаройлар бино қилинди. Аркда Кўктош деб юритилган тахт курси ўрнатилган улкан миёнсарой (зал)дан ташқари, давлат девонхонаси, қурол-яроғлар ясайдиган устахона ва аслаҳахона, тангалар сўқиладиган зарбхона, қамоқхона каби иморатлар жойлашган эди. Самарқандда масжид, мадраса ва мақбаралар билан бир қаторда кўприк ва ҳаммомлар қурилган, шаҳар ташқарисида эса қўриқхона ва боғ-роғлар барпо этилган. 1403–1404 йилларда Самарқандда бўлган Испания элчиси Клавихо Амир Темур фармони билан олиб борилаётган бунёдкорлик ишларини кузатиб ҳайратда қолган эди. Ҳозирда Бибихоним номи билан машҳур жоме масжиди ва бошқа кўпгина бинолар айнан ўша даврда қад кўтарган эди.
Бу даврда Самарқандда кўркам ва муҳташам иморатлардан ташқари турли касбдаги ҳунармандчилик маҳаллалари барпо этилиб, ҳунармандчилик устахоналарининг омилкор эгалари учун шарт-шароитлар яратиб берилган эди.
Соҳибқирон Самарқанд атрофида кўпгина гўзал боғлар бунёд эттирди. Моҳир меъмор, тажрибали соҳибкорларнинг ақл-заковати, меҳнатию маҳорати билан барпо этилган Боғи Дилкушо, Боғи Чинор, Боғи Биҳишт, Боғи Баланд, Давлатобод, Боғи Нав, Боғи Шамол, Боғи Жаҳоннамо, Боғи Майдон каби чорбоғлар ва улардаги гўзал кўшклар ўша давр боғдорчилик санъатининг намуналаридандир.
Тузилишига кўра боғлар икки турда бўлган. Биринчи турдаги боғлар ҳар томони тахминан бир километр масофага чўзилган тўртбурчак шаклдаги чорбоғлар бўлиб, иккинчи турдагилари эса табиий дарахтзор, бутазор ва ўтлоқ майсазорларда барпо этилган қўриқхоналардир. Бундай қўриқхоналар ҳукмдорларнинг ов (шикор) қилиши учун мўлжалланган. Қўриқхонанинг ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, шубҳасиз, ниҳоятда бой бўлган.
Шаҳарнинг шарқ томонида Боғи Дилкушо жойлашган. Унинг ташқи ҳовлисида ҳашаматли сарой бўлиб, уни қуролланган аскарлар қўриқлаган. Ички ҳовлида эса туғлар билан безатилган олтин фил ҳайкаллари сафга терилган. Учинчи ҳовли Амир Темурнинг чет эллардан келган меҳмонларни қабул қиладиган олтин тахтли қароргоҳи бўлган. Соҳибқирон испан элчиси Клавихони ана шу боғдаги қароргоҳида тантана билан қабул қилган.
Амир Темур мамлакатни бошқарган даврда Мовароуннаҳрнинг деҳқончилик воҳаларида, хусусан, Зарафшон водийсида қатор суғориш тармоқлари қазилиб, суғорма деҳқончилик майдонлари кенгайтирилди. Янги-янги қишлоқлар барпо этилди. Соҳибқирон давлат пойтахти Самарқанд атрофида қад кўтарган бир қанча қишлоқларни Шарқнинг машҳур шаҳарлари Димишқ (Дамашқ), Миср (Қоҳира), Бағдод, Султония ва Шероз номлари билан атади. Зеро, Самарқанд ўзининг катта ва янги шаҳар эканлиги, беқиёс гўзаллиги ҳамда теварак-атрофининг обод этилганлиги жиҳатидан жаҳондаги энг йирик шаҳарлардан ҳам устунроқ турмоғи лозим эди.
Мамлакат шаҳарларида, айниқса, унинг пойтахтида савдо ва ҳунармандчилик ғоятда ривожланади. Янги бозорлар, савдо расталари барпо этилади. Шаҳар билан деҳқончилик воҳалари, чорвадор кўчманчи ва ярим кўчманчи аҳоли ўртасида айирбошлаш, савдо алоқалари кенгаяди. Ўзаро савдони кенгайтиришда шаҳар аҳолиси алоҳида аҳамият касб этади. Мамлакатнинг ички ва ташқи савдоси кенгайиб, тараққий этишида Самарқанд катта ўрин тутарди. Клавихонинг таърифлашича, Самарқанд бозорида буғдой, гуруч мўл ва арзон бўлган. Унда ҳунармандчилик маҳсулотлари: атлас кимхоб, ип ва жун тўқима моллари, мўйнали ва ипакли пўстинликлар, атторлик маҳсулотлари, зиравор ва дориворлар, зарҳал ва ложувардлар ва ўзга моллар сотилган. Пойтахтга чет эл мамлакатларидан, хусусан, Хуросондан маъданлар, Ҳинд ва Синддан ёқут ва олмос, Хитойдан атлас, яшим (яшма) тоши, мушк ва бошқа моллар, ўзга ерлардан олтин ва кумуш олиб келинарди. Клавихо Хитой пойтахти Хонбалиқ (Пекин)дан 800 туялик савдо карвони келганини ўз кундалигида қайд этган.
Бу даврда Амир Темур ва унинг маҳаллий ноиблари Хитой ва Ҳиндистондан Ўрта Осиё орқали Яқин Шарқ ва Европа мамлакатларига томон йўналган халқаро карвон йўли – Буюк ипак йўли ва унинг тармоқларини қатъий назорат остига олади. Савдо карвонлари қатновининг хавфсизлигини таъминлаш ва уларга қулайликлар яратиб бериш мақсадида жиддий чора-тадбирлар кўрилади. Шаҳарларда карвонсарой, ипак йўли бўйлаб работлар, қалъалар ва кўприклар қурилади. Натижада Шарқ билан Ғарб мамлакатлари ўртасида савдо-сотиқ ва элчилик алоқалари кенгаяди. Булар эса, шубҳасиз, Амир Темур давлатининг ташқи иқтисодий ва элчилик алоқалари барқарорлигини таъминлашга хизмат қилган эди.
Қаҳрамон Ражабов,
тарих фанлари доктори, профессор.