НКВД таъқиби остида...

ҚАРОР

(ҳибсга олиш чорасини қўллаш ҳақида)

1938 йил 27 февраль, Самарқанд шаҳри

Мен, ЎзССР НКВДнинг Каттақўрғон тумани бўлими бошлиғи, Давлат хавфсизлиги хизмати катта лейтенанти Булатов, қўлимда бўлган Қўчқоров, Муҳаммадқулов, Абдурашитов, Ширдонаев ва бошқаларни айблаш бўйича 11432-жиноий ишни кўриб чиқдим. Тўпланган материаллардан шу нарса маълум бўлдики, “Каттақўрғон ҳақиқати” газетасининг собиқ муҳаррири, ҳозирги пайтда Тошкент радио тармоғида ишлаётган Сайфулла Камолов ҳам Каттақўрғон туманидаги “Аксилинқилобий миллатчилар” гуруҳининг фаол аъзоларидан бўлган. У 1907 йилда Сурхондарё вилояти Шеробод тумани, Зарабак қишлоғида туғилган. С.Камолов “Аксилинқилобий миллатчилар” гуруҳи топшириғи билан қўзғолончилар отрядларини шакллантириш, қишлоқ хўжалигида зараркунандалик билан шуғулланиш, одамларда совет ҳукуматига нисбатан норозилик туғдириш каби ишлар билан шуғулланган. ЎзССР Жиноят кодексининг 67-58-моддаларида кўзда тутилган жиноятларни содир этган.

ҚАРОР ҚИЛДИМ:

Камолов Сайфулла ҳибсга олинсин ва ЎзССР Жиноят кодексининг 67-58-моддалари билан жавобгарликка тортилсин. У ЎзССР НКВДси тергов секторининг ҳибсхонасига жойлаштирилсин.

НКВД Каттақўрғон туман

бўлими бошлиғи, Давлат

хавфсизлиги катта лейтенанти                            /Булатов/

 

“Розиман”  ЎзССР НКВДси тергов сектори бошлиғи ёрдамчиси, Давлат хавфсизлиги катта лейтенанти                            /Смирнов/

Ана шу Булатов 1938 йил 18 мартда уни энди ЎзССР ЖКнинг 57-моддаси 1-қисми, 67-58-моддалари билан айблаб, жавобгарликка тортиш ҳақида қарор чиқаряпти.

Биринчи марта С.Камолов 1938 йил 5 мартда сўроқ қилинади. Бу сўроқда у “Газета муҳаррири бўлиб ишлаган даврингизда туманда кимлар билан муносабатда бўлгансиз?”, деган саволга “Хизмат юзасидан райком котиблари, райижроқўм раҳбарияти ва бошқа ўнлаб ташкилотлар, колхоз, совхоз раҳбарлари билан учрашиб турган”лигини айтади. “Ўзингизнинг аксилинқилобий фаолиятингиз ҳақида ҳам гапириб беринг”, деган саволга “Мен ҳеч қачон аксилинқилобий фаолият билан шуғулланмаганман”, дея жавоб беради.

Лекин 1938 йил 14 мартда ўтказилган терговда эса негадир ўзининг аксилинқилобий гуруҳ аъзоси эканлигини тан ола бошлайди. Орада ўтган 9-10 кун ичида қанчалик жисмоний ва руҳий азобларга дуч қилинганини унинг жавобларидан ҳам билса бўлади. Қолаверса, бундай сўроқ протоколлари терговчилар томонидан аввалдан тайёрланиб, уларга имзо чектиришга ҳибсга олинганларга жисмоний азоб бериш – аввал калтаклаб, кейин бир неча кеча-кундуз давомида тик оёқда туришга мажбурлаш орқали эришилгани маълум. Чунки 1956-1957 йилларда ўтказилган қайта текширишлар давомида юзлаб кишилар айнан шундай гувоҳлик беришган. Бундай даҳшатларни бошидан кечирган кўплаб одамлар туҳмату ёлғонлардан иборат “сўроқ далолатномалари”га қўл қўйиб беришга мажбур бўлишарди. Сайфулла Камоловнинг бошига ҳам айнан шундай кунларни солишган.

Тергов олиб борган Булатов ва Сайфулла Камолов ўртасидаги савол-жавобга эътибор беринг:

Савол: - Сиз аксилинқилобий-миллатчилик гуруҳи раҳбари Муҳаммадқулов (у Каттақўрғон тумани партия қўмитасининг биринчи котиби бўлган) топшириғи билан қишлоқ хўжалиги соҳасида қандай бузғунчилик ва зараркунандалик ишларини олиб боргансиз? Аҳоли ўртасида совет ҳукуматидан норозилик кайфиятини шакллантириш учун нималар қилгансиз?

Жавоб: - 1936 йилда Каттақўрғон туманидаги аксилинқилобий-миллатчилик гуруҳи раҳбари топшириғи билан пахта йиғим-терим пайтида “Ўзбекистон беш йиллиги” ва “Октябрнинг 13 йиллиги” колхозларида вакил сифатида бўлиб, уларга ҳўл ва ҳали пишиб етилмаган пахтани териб топширишга кўрсатма бердим. Сифатсиз пахта тайёрлов пунктларига топширилар эди. Худди ана шундай  зараркунандалик ишларини ғалла ўрим-йиғими пайтида ҳам олиб бордим...

Бундан ташқари, аҳолини нон ва бошқа егулик нарсалар билан таъминлашда узилишлар пайдо бўлганда, мен одамларга совет давлатида нон ҳам, турли озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам кўп. Лекин Москва уни бизга бердирмаётир, деб ташвиқ қилдим. Асосий мақсад кишилар кўнглида совет тузумига қарши душманлик кайфиятини уйғотиш эди...

Хуллас, Сайфулла Камолов бундай жавоблар билан терговчиларни аҳмоқ қилган ёки уни қийноқлар остида шу даражага олиб келишганки, ҳар қандай қоғозга имзо чекишга тайёр бўлган.

Ахир НКВДнинг ҳар бир қишлоқда бир-иккита хуфяси иш олиб борган ўша йилларда С.Камолов бундай гапнинг учини чиқарган куниёқ унинг оёғини ерга теккизмай олиб кетишмасмиди?

Энди яна тергов ҳужжатларига қайтайлик.

Савол: - Айтинг-чи, “Каттақўрғон ҳақиқати” газетаси таҳририятида қандай аксилинқилобий бузғунчилик ишларини амалга оширгансиз?

Жавоб: - Мен туман газетасининг муҳаррири бўлиб ишлаган пайтимда Каттақўрғондаги аксилинқилобий-миллатчилар гуруҳи раҳбарияти топшириғи билан таҳририятга партия аъзолари томонидан ёзилган ва жамоа хўжаликларидаги зараркунандаликлар ҳақида хабар берувчи кўплаб мақолаларни чоп эттирмадим. Улар аксилинқилобий-миллатчилар гуруҳи аъзоси бўлган таҳририят ходимлари Қобил Узоқов ва Умар Раҳимов томонидан йўқ қилинарди.

Газетада асосан одамларнинг эътиборини тортмайдиган, кўзбўяш учун бериладиган, биринчи котиб Муҳаммадқулов ва ижроқўм раиси Қўчқоровга ёқадиган, улар мақталган мақолалар чоп этиларди.

Савол: - Сиз ўзингиз аксилинқилобчилар ташкилотига кимларни жалб қилгансиз?

Жавоб: - Узоқов Қобил газетанинг масъул котиби бўлиб ишларди. Унинг миллатчилик руҳидаги қарашлари менга маълум эди. 1936 йил апрель ойи эди. Унинг хонадонида ўтирганимизда Каттақўрғонда аксилинқилобий-миллатчилик ташкилоти мавжудлигини, унга Муҳаммадқулов раҳбарлик қилишини айтиб, аъзо бўлишни таклиф қилдим. Рози бўлди. Кейин “Каттақўрғон ҳақиқати” ходимлари Тоир Каримов, Умар Раҳимовларни ҳам шу тариқа бу ишга тортдим. Улар ҳам ташкилот аъзоси бўлишди.

Каттақўрғон туман партия қўмитаси биринчи котиби бир неча ой давомида НКВД ертўлаларида барча қийинчиликларни кўрган (айрим у билан юзлаштирилган кишиларнинг кейинчалик берган гувоҳликларига қараганда у зўрға гапирган ва юз-кўзлари шишиб кетган ҳолда бўлган).

Т.Муҳаммадқуловнинг 1938 йил 3 январдаги сўроқда берган жавобларидан: “Район партия қўмитаси томонидан жойларга вакил қилиб юборилган кишилар – Қўчқоров, Жданов, Насруллаев, Эгамбердиев, Исаев, Камолов, Узоқов, Мўминов ва бошқаларга пахта йиғим-терим пайтида колхозларда бу борадаги ишларни издан чиқариш, иложи борича кўпроқ зараркунандалик билан шуғулланиш, давлатга сифатсиз ва ҳўл пахта топшириш ҳақида буйруқ берганман”.

Номлари келтирилган одамларга бундай кўрсатма берилишининг ўзи ақлга сиғмайдиган гап. Ахир улар туманнинг юқори лавозимли кишилари – бири райкомнинг иккинчи котиби, бошқаси райижроқўм раиси, банк бошқарувчиси, газета муҳаррири, мактаб директори кабилар эди. Бундай гапни сўроқда Т.Муҳаммадқулов айтмаганлиги аниқ. Унга тайёр сўроқ протоколларига мажбурлаб қўл қўйдиришган.

Орадан кўп ўтмай ана шундай ёлғон-яшиқ айбловлар билан “Каттақўрғон ҳақиқати” газетасининг ходимлари Тоҳир Каримов, Умар Раҳимов ҳибсга олинди. Газетанинг масъул котиби Қобил Узоқов Наманган шаҳрига кетиб қолгани учун унга оид материаллар ўша ернинг НКВДсига жўнатилди. Бундан ташқари, газета ходими бўлган Муқим Элмуродов, Каттақўрғон педагогика техникумининг собиқ талабаси, 1938 йилда ЎзДУда (ҳозирги СамДУда) таҳсил олаётган Бурхон Турсуновнинг номи ҳам тергов материалларида пайдо бўла бошлади. Лекин қандайдир тасодиф билан улар НКВД таъқибидан омон қолдилар.

Каттақўрғон туманидаги “Аксилинқилобий миллатчилар” гуруҳи раҳбарлари ва аъзолари деб жами 60 киши НКВД томонидан ҳибсга олинган бўлса, 1938 йил 4-15 октябрь кунлари оралиғида СССР Олий суди ҳарбий коллегиясининг бригада ҳарбий юристи Алексеев раислигида Тошкентда ўтган сайёр сессиясида уларнинг 9 нафари отишга ҳукм қилинди. Булар туман партия қўмитасининг биринчи котиби Т.Муҳаммадқулов, иккинчи котиби Г.Жданов, райижроқўм раиси Н.Қўчқоров, “Каттақўрғон ҳақиқати” газетаси муҳаррири С.Камолов, туман партия қўмитаси умумий бўлими мудири А.Утешев, туман партия қўмитаси йўриқчиси У.Абдурашитов, туман комсомол қўмитаси биринчи котиби Я.Эгамбердиев, Каттақўрғон шаҳар Кенгаши раиси Д.Мўминов, Қишлоқ хўжалик банкининг Каттақўрғон бўлими бошқарувчиси А.Насруллаев эди.

Туман раҳбар ташкилотлари бошлиқларидан фақат икки киши – ер-сув бўлими бошлиғи Олмос Жуманов ва Давлат банки туман бўлими раҳбари Раҳмонберди Эгамбердиев отувдан омон қолди. Бу иккаласи қанчалик қийноқларни бошидан ўтказмасин, ҳеч қандай “аксилинқилобий” ташкилотга аъзо бўлмаганмиз, деган гапда собит туришди. Уларнинг ҳар бирига ўн йилдан қамоқ жазосини беришди. Олмос Жуманов 1942 йилда Магадан қамоқхоналаридан бирида ҳалок бўлди. Раҳмонберди Эгамбердиев 20 йил олис шимолда қамоқ ва сургун азобларини тортиб, 1957 йилда озодликка чиқди.

“Каттақўрғон ҳақиқати” газетасининг ҳибсга олинган Тоир Каримов, Раҳим Умаров каби ходимларининг тақдири қандай кечди? Тоир Каримовнинг 1957 йил 25 мартда бу иш бўйича қайта текшириш ўтказган Давлат хавфсизлиги қўмитасининг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси катта терговчиси майор Бобилев саволларига жавобларидан парчалар:

“1938 йилда “Каттақўрғон ҳақиқати” газетасида оммавий ишлар бўлими мудири бўлиб хизмат қилардим. Газета муҳаррири, шерободлик Сайфулла Камолов деган киши эди. 1938 йил май ойида хонадонимга Қаттақўрғон тумани НКВДси ходимлари келиб, мени ҳибсга олишди ва Каттақўрғон қамоқхонасига олиб келишди. У ерда 2-3 кун сақлашганидан кейин биринчи марта сўроққа чақиришди. Мени аллақандай “аксилинқилобий ташкилот аъзоси” бўлганликда айблашаётган экан.

Илк сўроқларда бундай айбларни қатъиян рад этдим. Шундан кейин улар кишини ҳолдан тойдирувчи усулларни қўллай бошлашди. Бир неча кун давомида терговчилар алмашиб, тинимсиз сўроқ қилишар, овқат беришмас, ухлашга қўйишмас, уриб-тепишар эди. Фақат озгина сув тутқазишарди. Шу қадар ҳолдан тойдимки, ҳатто гапиришга ҳам кучим қолмади. Шундан кейин бу азоблардан қутулиш учун терговчига “нима деб ёзсанглар ёзинглар, қўл қўйиб бераман”, дедим. Шу тариқа ўзимнинг “аксилинқилобий ташкилот аъзоси” эканлигимни тан олдим.

Сўроқ далолатномасида мени бу ташкилотга муҳарриримиз Сайфулла Камолов тортганлиги, “аксилинқилобчилар” йиғилишида қатнашганлигим, гўёки 1936-1937 йилларда колхозларда пахта етиштириш режаларини барбод қилиш учун зараркунандачилик ишларини олиб борганлигим ёзилган эди. Шунингдек, советларга нисбатан қуролли қаршилик ҳаракатини уюштиришда қатнашганлигим ҳам қўшимча қилинганди. Мен буларнинг бирорта гапи ҳақиқатга тўғри келмаслигини кўриб-билиб турсам ҳам унга имзо қўявердим. Мен билан бирга шу иш бўйича район партия қўмитаси ходимлари Ортиқ Тоиров, Тўхтаниёз Эргашев, туман ижроия қўмитаси масъул котиби Эгамберди Шеров, туман савдо бўлими бошлиғи Зуфар Содиқов ҳам жиноий жавобгарликка тортилди. Уларни ҳам менга ва Раҳимовга ўхшаб ўзларига ўзлари туҳмат қилишга мажбур этишган. Мени С.Камолов, У.Раҳимов, О.Тоиров билан юзлаштиришди. Улар ерга қараб  менинг “аксилинқилобий гуруҳ” аъзоси эканлигимни тасдиқлашди. Туман НКВД бўлими бошлиғи Булатов, унинг ўринбосари Пилев деганлар бизни бир-биримиз билан ўзбекча гапиртиришга қўйишмас, рус тилини чала билсак-да, шу тилда гапиришга мажбурлашарди.

Самарқанд вилоят суди махсус коллегияси бизнинг туҳматга қолганимиз ҳақида айтган сўзларимизни инобатга олмай, ҳар биримизни 25 йил қамоқ жазосига ҳукм қилди. Бу 1938 йилнинг октябрь ойи эди. Шундан кейин жазони ўташ учун Россиядаги қамоқхоналардан бирига юборилдим. У ерда бир ярим йилдан ортиқ бўлдим. Кейин ЎзССР Олий Суди бизнинг ишимизни қайта терговга юборганлиги ҳақида хабар келди. Фақат 1940 йил июнь ойида бу иш яна судда кўрилиб, барчамиз бутунлай оқландик”.

Шундан кейин Тоир Каримов яна кўп йиллар Каттақўрғон туман ва вилоят газеталарида меҳнат қилди.

Давлат банки Каттақўрғон туман бўлими бошлиғи Раҳмонберди Эгамбердиевнинг 1956 йил март-октябрь ойларида унинг иши бўйича ўтказилган қайта текширувда қўйилган саволларга берган жавобларидан: “1937 йил 30 декабрь куни мени НКВДнинг Каттақўрғон тумани бўлими бошлиғи Булатов ўз ишхонасига чақириб, қамоққа олинишим ҳақидаги ордерни кўрсатди. Шундан кейин кечқурун мени туман партия қўмитаси бюро мажлисига олиб келишди. НКВДнинг бўлим бошлиғи менинг халқ душмани сифатида ҳибсга олинганимни айтиб, партиядан ўчиришни таклиф қилди. Бу пайтда туман партия қўмитаси котиби бўлиб ишлаётган Букреев таклифни дарҳол қўллаб-қувватлаб овозга қўйди. Шу кунги бюро мажлисида 8 киши партиядан ўчирилди. Ҳаммамизни Самарқанддаги НКВД ҳибсхонасига олиб кетишди.

Бу ерда 30 киши ўтирган бир хонага олиб келишди. У бинонинг ертўласида жойлашган эди. Ўн беш кундан кейин НКВДнинг Каттақўрғон бўлими терговчиси мени сўроқ қила бошлади. Қандайдир “аксилинқилобий гуруҳ аъзоси” бўлганлигимда айблашар эди. Бурчакка тик турғазиб қўйиб сўроқ қилишди. Мен прокурорни чақиришларини талаб қилдим. Бир хонага олиб боришди. Мен бу одамни прокурор деб ўйлаб, ноҳақдан жабрлашаётгани ҳақида шикоят қила бошладим. У ёнимга келиб, жағимга мушт туширди. Энди шикоят қилмайсанми, деб сўради. Кейин билсам, у НКВДнинг Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи Калмиков экан. Хуллас, бу воқеадан кейин баттар азоблай бошладилар. Мен ҳеч нарсани тан олмас эдим. Ертўладаги ичи тиззагача келадиган сув солинган хонага олиб келиб ечинтиришди. Яланғоч ҳолимда шу хонага саккиз соат қўйиб қўйишди. Бу ерда қаттиқ шамоллаб, икки ой қамоқхона касалхонасида ётиб қолдим. Кейин яна жисмоний азоблар, ҳолдан тойдирадиган сўроқлар давом этди. Баъзан ақлдан озиб қоламанми, деб чўчирдим. Лекин чидадим. Майли, ўлдирсалар ҳам бу туҳматларни тан олмасликка қарор қилдим.

Мен уларни лақиллатишга интилиб “кимларни аксилинқилобий гуруҳ сафига тортганларингни ёзиб кўрсат” деган буйруғини бажариш учун хонада кўзим тушган нарсалардан фамилия тўқиб ёзардим. Тагига ўзбекча “Туҳмат” деб имзо қўярдим.

Районда бундай одамларни тополмадик, деб яна уришарди. 1938 йил 15 октябрда Тошкентга олиб боришди. Аҳволим шу даражада эдики, саволларни ҳам, уларга берган жавобимни ҳам ангамасдим. Ҳарбий трибунал коллегияси аъзолари олдида ҳушимдан кетиб йиқилибман. Шу аҳволда қанча ётганимни билмайман. Бир неча кундан кейин менга ўн йил қамоқ жазосини бериб, озод бўлганимдан сўнг беш йилга барча ҳуқуқлардан маҳрум қилинишимни айтишди. Ўн йил қамоқ муддатини Россиянинг Олис шимолидаги қамоқхоналарда ўтадим. 1947 йил охирида яна ўн йилга Колимага сургун қилинишимни, Давлат хавфсизлиги вазирлиги коллегияси қарори шундай эканлигини айтишди. Шундан буён Якутия АССРнинг Оймиякон қўрғонидаман. Олий маълумотли иқтисодчи бўлганим учун ўз мутахассислигим бўйича ишлаяпман”.

Раҳмонберди Эгамбердиев иши 1957 йил апрелда СССР Олий судининг ҳарбий коллегиясида қайта кўрилиб, унинг бўйнига мажбуран тақалган барча айбловлар асоссиз, деб топилди. У тўла оқланди. Йигирма йиллик умри олис шимолнинг изғиринларида соврилган бу инсонга охирги икки ойлик маоши миқдорида “товон пули” тўлаш ҳақида қарор қабул қилинган эди...

1957-1958 йиллар давомида Каттақўрғондаги “аксилинқилобий гуруҳ” аъзоси деб жавобгарликка тортилган барча кишилар иши қайта кўрилиб, улар айбсиз, деб топилди. Тўққиз нафар отувга ҳукм қилинганлар ҳам. Бу ҳақдаги хабар барчасининг тирик бўлган оила аъзоларига, баъзиларнинг яқин қариндошларига етказилди. Фақат “Каттақўрғон ҳақиқати” газетаси муҳаррири бўлиб ишлаган ва 36 ёшида отувга ҳукм қилинган Сайфулла Камоловнинг на хотини Ғолия, на қизи Раянинг изи топилмади. Унинг тўла оқланганлиги ҳақидаги хабар ёзилган хат ҳамон архив ҳужжатлари орасида сарғайиб турибди...

1957 йилда Каттақўрғон туманидаги “аксилинқилобий гуруҳ” иши бўйича ўтказилган қайта текширув жараёнида 1936-1937 йилларда давлатга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари топшириш режаларининг бажарилиши ҳақидаги маълумотлар ҳам олинган. Улардан маълум бўлишича, тумандаги ташкилотлар раҳбарлари фақат “қишлоқ хўжалигига зарар етказиш билан машғул бўлган” 1936-1937 йилларда давлатга пахта топшириш режаси мутаносиб равишда 160,8 фоиз ҳамда 103,9 фоизга бажарилган экан...

М. МУҚИМОВ,

Шароф Рашидов номли СамДУ тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси вилоят музейи директори.