Самарқандда мерос можароси: Ака-ука опасини ўлдириб, 15 йилга қамалди

Аввалроқ Самарқандда ака-ука қиморга берилган "жигар"ининг қотилига айлангани ҳақида хабар берилганди.

Бу галги ҳолат ота-онадан қолган меросни бўлишиш масаласида келиб чиққан. Низода ака-ука опасини ўлдирган.

Суд ҳужжатларига кўра, Ботир (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ва Бакир Содиқов опаси Хадича билан меросни сотиш масаласида бир неча йилдан бери низо қилган.

2025 йил 6 февраль куни соат 16:00 ларда улар Хадичага лом ва мих суғуриш асбоби билан бош, елка ва қўл соҳаларига бир неча зарба бериб, қасддан ўлдирган.

Марҳуманинг жасади гилам ва полиэтилен селлофанга ўралиб, автомашина орқали Янгиариқ канали ёқасидаги табиий чуқурликка кўмиб юборилган. Жиноят изларини яшириш мақсадида лом ва бошқа буюмлар ташландиқ жойга кўмилган, қон доғлари эса канализацияга оқизилган ва бетон билан ёпилган.

Суд жараёнида Шокир Содиқов (ака-уканинг акаси) опанинг бедарак йўқолгани ҳақида хабар қилган. Салкам икки ой давом этган қидирувдан сўнг жасад топилган.

Ака-укалар Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисмига (қасддан одам ўлдириш) мувофиқ айбли деб топилди.

Ҳар бирига 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони умумий тартибли колонияда ўтаб чиқишлари белгиланган.