Истеъмолчилар фойдасига қарийб 11 миллиард сўм маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинган

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан ўтказилган навбатдаги матбуот анжуманида 2025 йилда амалга оширилган ишлар ҳамда 2026 йил учун белгиланган асосий мақсад ва вазифалар юзасидан ахборот берилди.

Анжуманда таъкидланганидек, ҳудудий бошқарма томонидан, энг аввало, бюджет ва корпоратив буюртмачилар иштирокида ўтказилаётган электрон тендер ва танлов савдоларида рақобат қонунчилиги талабларига риоя этилиши юзасидан тизимли ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу жараёнларда иштирокчилар ўртасида келишиб олинган ҳаракатларни аниқлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2025 йил давомида вилоятда жами 1384 та танлов савдолари ўрганиб чиқилиб, 1373 тасида турли камчиликлар аниқланган. Натижада 83 та кўрсатма берилган, 85 нафар мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилган ҳамда 713 миллион сўм миқдорида молиявий жарималар қўлланилган.

- Шунингдек, бозор иштирокчилари учун юқори ликвидли товарлар, ишлар ва хизматлардан тенг фойдаланиш шарт-шароитларини яратиш мақсадида маҳсулотларни биржа савдоларига қўйиш графикларининг кунлик тенг тақсимланиши, белгиланган муддат ва ҳажмларга риоя қилиниши қатъий назорат қилинмоқда, - дейди бошқарма бошлиғи Бобохон Тойиров. - Бу орқали маҳсулот нархларининг асоссиз ошишига йўл қўймаслик чоралари кўрилмоқда. 2025 йилда 22 та корхона фаолияти белгиланган тартибда текширилиб, 2 млрд 543 млн сўм миқдорида асоссиз олинган даромадлар ва молиявий жарималар ундирилиши таъминланди.

Анжуманда товар ва молия бозорларида рақобат муҳити ҳолати, устун мавқега эга корхоналар ҳамда табиий монополия субъектлари фаолиятини таҳлил қилиш ишлари доимий равишда олиб борилаётгани қайд этилди. Хусусан, чиқиндиларни олиб чиқиш хизматлари соҳасида 5 та хўжалик юритувчи субъект устун музокара кучига эга корхоналар сифатида эътироф этилди.

Бундан ташқари, ички бозорнинг тўйинганлиги, маҳсулотларга бўлган эҳтиёж ҳажми ва нархлар динамикаси ҳудуд ва тармоқлар кесимида таҳлил қилиб борилмоқда. Жорий йил давомида болалар тагликлари, гигиеник маҳсулотлар, тиш пастаси, синтетик иплар, пенополистирол, полиуретан пена, кабел, гул қоғоз ва картошка каби 9 та товар бозори бўйича тегишли маълумотлар қўмитага тақдим этилган.

Ҳудудий бошқарма томонидан маҳаллий ҳокимликлар ва давлат бошқарув органларида рақобат тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши бўйича комплекс ўрганиш ишлари ҳам амалга оширилмоқда. 2025 йил натижаларига кўра, қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан шаҳар ва туман ҳокимликларига ҳамда давлат органларига 18 та тақдимнома киритилган.

Инсофсиз рақобат ҳолатлари бўйича 5 та корхонага нисбатан иш қўзғатилган. Шунингдек, Пайариқ туманида газ тўлдириш компрессор шохобчалари томонидан газ нархларини келишиб асоссиз ошириш ҳолатлари аниқланиб, айбдорларга нисбатан молиявий ва маъмурий чоралар кўрилган.

Анжуманда дори воситалари нархларини асоссиз ошириш ҳолатлари бўйича ҳам маълумот берилди. Ўтказилган ўрганишлар натижасида 494,0 млн сўм истеъмолчиларга қайтарилган, 737 млн сўм эса бюджетга ундирилган.

Шу билан бирга, ички бозорда сотилаётган озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва хавфсизлиги бўйича 119 та назорат хариди ўтказилиб, 76 тасида аниқланган камчиликлар юзасидан тегишли чоралар кўрилган.

Реклама соҳасида ҳам доимий мониторинг ишлари олиб борилиб, 2890 та реклама ўрганилганда 115 ҳолатда қонунбузилишлар ўз вақтида бартараф этилмагани учун реклама эгаларига нисбатан 2 млрд 460 млн сўм миқдорида молиявий санкциялар қўлланилган.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналишида келиб тушган 6712 та мурожаатнинг 95,2 фоизи ижобий ҳал этилган бўлиб, 10 млрд 750 миллион сўм маблағ истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинган.

Анжуман якунида ҳудудий бошқарма олдига қўйилган барча вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш 2026 йилда ҳам асосий устувор йўналиш бўлиб қолиши таъкидланди.