Депутатлар жиноятчилик ва ҳудудлар ривожи масалаларини муҳокама қилди

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг йигирма олтинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессия ишини Кенгаш раиси Шуҳрат Негматов бошқарди.

Кун тартибига кўра, дастлаб вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Тоҳир Арипов вилоятда жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида 2025 йилда амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот берди.

Қайд этилишича, щтган йилда вилоят ҳудудида 15998 та жиноят қайд этилиб, 2024 йилга нисбатан 6596 тага ошган. Бу жиноятларнинг 5156 таси ёки 32 фоизи олдини олиш мумкин бўлган, 3241 таси ёки 20 фоизи аниқланган, 7601 таси ёки 47 фоизи ахборот технологиялари ёрдамида содир этилган жиноятларни ташкил қилган. Жиноят турларидан қотиллик 3 фоизга, босқинчилик 30 фоизга камайган.

- 2025 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб, Самарқанд тажрибаси сифатида вилоят ҳудудида жиноятларнинг барвақт олдини олиш ва профилактикасини таъминлаш мақсадида белгилаб олинган йўналишлар ўз самарасини берди, - деди вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Т.Арипов. - Яъни, ҳодиса жойига 5 дақиқада етиб бориш тизими йўлга қўйилди. "112 тизими" бўйича келиб тушган жами 110266 та хабарнинг 109079 тасига 8 дақиқагача, 971 тасига 8-15 дақиқагача, 216 тасига 15-30 дақиқагача бўлган вақт оралиғида етиб борилди.

Шунингдек, “112 тизими” орқали фуқаролардан келиб тушган хабарлар кунлик таҳлил қилиниб, энг кўп мурожаат тушаётган шаҳар, туман, маҳалла, кўча ва хонадонлар аниқланиб, хабарларнинг турлари бўйича бошқарманинг тегишли соҳавий хизматларидан масъуллар бириктирилган ҳолда муаммолар ўз вақтида ҳал этилмоқда. Натижада, оғир оқибатларга олиб келувчи 2 мингга яқин жиноятнинг олди олинди. Такрорий мурожаатларнинг камайиши ҳисобига умумий мурожаатлар сони кескин қисқарди, ички ишлар органлари ходимлари устидан келиб тушаётган мурожаатлар икки бараварга камайди. 

Сессияда депутатлар вилоятда жиноят содир этилишига олиб келиши мумкин бўлган маъмурий ҳуқуқбузарликларни аниқлаш бўйича кўрилаётган чоралар натижалари, шунингдек тан жароҳати етказиш, кибержиноят, йўл-транспорт ҳодисалари, жамоат жойларидаги ва оилавий жанжалларнинг таҳлиллари, жиноят ва ҳуқуқбузарликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерлари берилиши билан боғлиқ саволларига жавоб олишди.

Шундан сўнг Нарпай тумани ҳокими Анвар Болиев туманни 2025 йилда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар ва 2026 йилги режалар юзасидан ҳисобот берди.

Ҳисоботда келтирилишича, 2025 йилда туманга 156 млрд сўм маблағ ажратилган. Шунингдек, йил якунида саноат ҳажми 1 трлн 280 млрд сўмни, хизматлар ҳажми

1 трлн 453 млрд сўмни, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми

2 трлн 929 млрд сўмни, қурилиш-пудрат ишлари ҳажми 221,9 млрд сўмни ташкил этган. 20,9 минг нафар фуқаронинг бандлиги таъминланиб, ишсизлик даражаси йил бошидаги 5,6 фоиздан 5,1 фоизга тушган, 3,7 мингта оила камбағалликдан чиқарилиб, камбағаллик даражаси 7,6 фоиздан 5,3 фоизга қисқартирилган.

- 2026-2027 йилларда туманимиз маҳаллалари инфратузилмавий лойиҳалари учун 304,3 миллиард сўм йўналтирилади, - деди А.Болиев. - Масалан, инвестиция дастури доирасида 2 та мактаб, 2 та боғча, 2 та тиббиёт маскани қурилади, Халқобод маҳалласи ичимлик сувини яхшилаш ҳамда М-37 автомагистраль йўлининг 139-километрини таъмирлаш учун 71,3 миллиард сўм, "Қишлоқ инфратузилмаси" ва "Ўрта шаҳарлар" лойиҳаси доирасида Сарбозор, Истиқлол, Наврўз ва Ноғорахона маҳаллаларини ривожлантириш учун 75,3 миллиард сўм маблағ ажратилади.

Сессияда халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги доимий комиссиялар аъзоларининг Нарпай туманида олиб борган ўрганишлари натижалари ҳамда кузатилган камчиликлар таҳлил этилди. Мавжуд муаммоларнинг ечими бўйича келгусида қилиниши лозим бўлган вазифалар белгиланди.

Сессия ишида Каттақўрғон шаҳри, Пайариқ, Каттақўрғон, Булунғур туманларидаги самарасиз кичик саноат зоналарини тугатиш тўғрисидаги, вилоятда 2025 йил “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида танланган маҳаллаларда электр энергияси барқарор етказиб берилишини яхшилаш ва ички йўлларни таъмирлаш бўйича дастурга киритилган таклифларни кўриб чиқиш тўғрисидаги, “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман ва маҳалла мақоми берилган туманлар ва маҳаллаларда “Тараққиёт ва етакчилик маскани” дастурининг асосий йўналишлари, инфратузилма лойиҳалари манзилли дастурини тасдиқлаш тўғрисидаги ва Кенгаш ваколатига доир бошқа масалалар кўриб чиқилиб, қарорлар қабул қилинди.