Индонезиянинг биринчи Президенти Сукарно ҳақида фильм яратиш ташаббуси муҳокама қилинди
Самарқанд вилояти делегациясининг Индонезияга ташрифи қатор муҳим учрашувлар билан давом этмоқда.
Вилоят ҳокими Адиз Бобоев Индонезия маданият вазири Фадли Зон билан музокаралар ўтказди.
Учрашувда маданий алоқаларни янада чуқурлаштириш ва туризм салоҳиятини кенгайтириш масалаларига эътибор қаратилди. Жумладан, томонлар йирик медиа лойиҳани амалга ошириш — Шайх Мавлоно Малик Иброҳим ҳамда Индонезиянинг биринчи Президенти Сукарно ҳаёти ва фаолияти ҳақида фильмлар яратиш ташаббуси муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, Сукарно Самарқанд яқинида жойлашган Имом ал-Бухорий мақбарасини зиёрат қилган илк хорижий давлат арбоби сифатида тарихда қолган. Ушбу тарихий факт икки халқ ўртасидаги маънавий ва маданий боғлиқликни намоён этади.
Келгусида суратга олинадиган фильмлар зиёрат туризмини ривожлантириш билан бирга Самарқанднинг Индонезия халқи учун муҳим маънавий марказ сифатидаги мавқеини янада оширади.
Учрашув давомида Самарқанд ва Жакарта шаҳарларида “Маданият ҳафталиги”ни ўтказиш ташаббуси ҳам илгари сурилди. Бу лойиҳа маданий алмашинувни фаоллаштириш, халқлар ўртасидаги дўстлик ва ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Ташриф доирасида Самарқанд делегацияси аъзолари Индонезия Маданият вазирлиги музейи экспозицияси билан ҳам танишдилар.
Тадбирлар якунида вазир Фадли Зон Самарқанд томонидан илгари сурилган барча ташаббусларни қўллаб-қувватлашини билдириб, бундай лойиҳалар маданий алоқаларни янги босқичга олиб чиқиши ва қадимий Самарқандга индонезиялик сайёҳлар оқимини сезиларли даражада оширишини таъкидлади.