Индонезияга сафар: Самарқанд ва Индонезия ўртасида ҳамкорлик кенгаймоқда

Адиз Бобоев бошчилигидаги вилоятимиз делегацияси айни пайтда Индонезияда бўлиб турибди.

Бугун А.Бобоев Шарқий Ява провинцияси губернатори Хофифа Индар билан учрашув ўтказди.

Мулоқот давомида икки ҳудуд ўртасида савдо-иқтисодий, маданий, таълим ва туризм соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Губернатор Хофифа Индар Индонезия халқи Ўзбекистонни муқаддас замин сифатида қадрлашини таъкидлаб, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасининг қайта таъмирланиб очилгани мусулмонлар учун муҳим воқеа бўлганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, Самарқанд билан яқин алоқалар ўрнатиш Шарқий Ява учун устувор йўналиш эканини билдирди.

Томонлар туризмни ҳамкорликнинг асосий драйвери сифатида баҳолаб, ҳудудлараро тўғридан-тўғри авиақатновни йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлашди. Бундан ташқари, келгусида Шарқий Ява уламолари делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш юзасидан тегишлу чоралар кўрилиши маълум қилинди.

Учрашув якунида Самарқанд вилояти ва Шарқий Ява провинцияси ўртасида ҳамкорликни ривожлантишга келишиб олинди.

Шунингдек, Адиз Бобоев Индонезия Дин ишлари вазири Насаруддин Умар билан учрашув ўтказди.

Унда томонлар, аввало, Самарқандни Индонезиядан келувчи сайёҳлар ва зиёратчилар учун муҳим марказга айлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар. Бу борада Имом Бухорий мажмуасининг аҳамияти катта эканлиги алоҳида таъкидланди. Айнан шу маскан атрофида зиёрат туризмини ривожлантириш, янги йўналишлар яратиш ва инфратузилмани яхшилаш устувор вазифалардан бири сифатида қайд этилди.

Учрашув давомида махсус туризм йўналишларини ишлаб чиқиш, транспорт ва логистика тизимини такомиллаштириш, шунингдек, икки давлат илмий-тадқиқот муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам кун тартибидан ўрин олди. Насаруддин Умар Самарқанднинг бой тарихий ва маънавий мероси нафақат Ўзбекистон, балки бутун ислом олами учун умумий қадрият эканини таъкидлаб, индонезиялик зиёратчиларнинг бу масканга бўлган қизиқиши янада ортишига ишонч билдирди.

Томонлар, шунингдек, маърифий ислом қадриятларини биргаликда тарғиб қилиш, йирик халқаро форум ва анжуманлар ташкил этиш бўйича ҳам келишувга эришдилар. Мутахассислар фикрича, мазкур ташриф якунлари яқин истиқболда туристик алмашинувни сезиларли даражада фаоллаштиради ҳамда Самарқанд ва Индонезия ўртасида янги қўшма лойиҳаларнинг йўлга қўйилишига замин яратади.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.