Адиз Бобоев 103 ёшли онахонга “Шуҳрат” медалини топширди

Давлатимиз раҳбарининг "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллиги муносабати билан давлат хизматчилари ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан бир гуруҳ 100 ёшдан ошганлар “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.

Улар орасида Нарпай тумани “Тепақўрғон” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Хатича ая Гаданова ҳам бор.

Онахон узоқ йиллар қишлоқ хўжалигида ишлади. Тепақўрғонликларнинг айтишича, яқин йилларгача хўжалик раислари, фермерлар ғалла ёки пахтачиликда қайси агротехник тадбирни қачон амалга оширишни, йил фаслларига қараб деҳқончилик мавсумининг қандай келишини Хатича момодан сўраб, кейин ишларга киришар экан.

Айни пайтда момонинг фарзандлари орасида ўзи каби пенсияда бўлганлари ҳам, турли соҳаларда ишлаётганлари ҳам бор. 40 нафардан ортиқ невара, чевара ва эваралари эса катта сулоланинг муносиб давомчилари бўлиб камолга етмоқда.

Давлат мукофотларига сазовор бўлган самарқандликларга унвон, орден ва медалларини тантанали топшириш маросимини эртага ўтказиш режалаштирилган. Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев ушбу тадбир олдидан бугун Нарпай туманига, Хатича Гаданова хонадонига бориб, онахонга “Шуҳрат” медалини Президентимиз номидан топширди ҳамда вилоят ҳокимлигининг совғаларини берди.

Ўз навбатида Хатича ая кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган эътибор ҳамда ғамхўрлиги учун Президентимизга миннатдорлик билдирди. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, дастурхонимиз тўкин, фарзандларимиз бахтли бўлишини тилаб, дуо қилди.