Самарқанддан Малайзияга тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилади(ми?)

Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев Малайзиянинг Саравак штати туризм, креатив саноат ва санъат вазири Дато Сри Ҳожи Абдул Карим Раҳмон Ҳамза раҳбарлигидаги делегация вакиллари билан учрашди.
Учрашув давомида туризм соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди. Сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш ва туристик йўналишларни тарғиб қилишда тажриба алмашишга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш масаласи алоҳида муҳокама этилди. Ушбу йўналиш эса сайёҳлар оқимини янада оширишга хизмат қилади.
Ҳожи Абдул Карим Раҳмон Ҳамза Самарқанднинг меъморий ва тарихий мероси катта таассуротлар қолдирганини билдириб, ҳудуд туристик салоҳиятининг ўзига хослигига урғу берди. У Саравак штатининг ҳамкорликни фаол ривожлантиришга, тажриба алмашиш ва икки ҳудуднинг туристик жозибадорлигини оширишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини таъкидлади.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга келишиб олдилар.