Вилоятимизни янада ривожлантиришда ҳар биримиз фидойилик ва фаоллик кўрсатайлик!
Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев аҳолига мурожаат йўллади
Азиз самарқандликлар!
Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг эътибори туфайли вилоятимиз кейинги йилларда мамлакатимизнинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳаётида муҳим ўрин тутадиган ҳудудлардан бирига айланди. Илм-у ирфон, маданият ва санъат бешигининг тимсоли сифатида мавқеи тобора мустаҳкамланиб бормоқда.
Хусусан, ўтган йили 928,5 млн. доллар миқдорида хорижий инвестиция маблағлари жалб этилиб, 147 та лойиҳа ишга туширилди.
Бундан ташқари, 2024 йилда 166 та қўшма корхона ташкил этилди ва уларнинг сони 926 тага етди. Вилоятнинг ташқи савдо айланмаси 2,8 млрд. долларни ташкил этди ва экспорт ҳажми 2023 йилга нисбатан 127 фоизга ошди.
Бу кўрсаткичлар вилоятимизнинг иқтисодий-ижтимоий тараққиётида ҳам намоён бўлмоқда. Хусусан, 2024 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот 6,9 фоиз ўсгани шундан далолат беради.
Давлатимиз раҳбари яратиб берган имконият ва имтиёзлар туфайли вилоятимиз аҳолиси ҳам кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида ҳам муҳим натижаларга эришиб келмоқда. Айни пайтда вилоятда мазкур соҳанинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 73 фоиздан ошгани ва меҳнат билан банд аҳолининг 87 фоиздан зиёди шу соҳада фаолият кўрсатаётгани фикримизнинг яққол мисолидир.
Шу билан бирга, 16 та туман (шаҳар) ва 1126 та маҳалланинг ҳар бирини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, уларни камбағаллик, ишсизлик ва жиноятдан холи ҳудудга айлантириш, “Обод маҳалла – обод кўча – обод хонадон” мезонларини жорий этиш каби муҳим соҳаларда ҳурматли Президентимиз белгилаб берган вазифалар вилоятимизнинг яқин истиқболдаги ривожланиш стратегиясини ўзида мужассам этади.
Дарҳақиқат, тарихи бир неча минг йилликларга бориб тақаладиган, илм-фан, маданият ва маънавият ривожланган, буюк алломалар етишиб чиққан азим ва кўҳна заминимиз жаҳон цивилизациясига муносиб ҳисса қўшган ҳамда бугунги кунда ҳам тарихий давр билан бугунги Учинчи Ренессанс даври ўртасида муносиб кўприк вазифасини бажариб келмоқда.
Бу эса “Ер юзининг сайқали”, “Шарқ гавҳари”, “Шарқ ва Ғарб тамаддунини боғлаб турувчи марказ” деб эътироф этилган вилоятимиз аҳолиси учун ҳам шараф, ҳам масъулият ҳисобланган.
Шу нуқтаи назардан, ҳурматли Президентимиз белгилаб берган соҳалар ва йўналишлар бўйича “Ер юзининг сайқали” бўлган вилоятимизни ҳар томонлама ривожлантиришда нафақат масъул раҳбарлар, балки барча самарқандликлар бир ёқадан бош чиқариб, фидойилик ва фаоллик кўрсатиши инсоний бурчимиздир.
Қадрли ватандошлар!
Рақамларга мурожаат этадиган бўлсак, вилоятда расман 40,9 минг нафар фуқаро ишсиз деб қайд этилган бўлса, жорий йилда яна 82,1 минг битирувчи меҳнат бозорига кириб келади.
2025 йил бошида ҳудудимиздаги 324 минг нафар аҳолининг даромади паст бўлиб, камбағаллик даражаси 7,7 фоизни ташкил этган.
Хусусан, 2024 йил бошида 98 мингдан зиёд камбағал оила рўйхатга олинган бўлиб, шу даврга қадар амалга оширилган комплекс чора-тадбирлар натижасида 23 мингга яқин оилани камбағаллик даражасидан чиқаришга эришилди.
Бу борада “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида қолган 75 мингдан ортиқ эҳтиёжманд оилаларни ҳам камбағалликдан чиқариш вилоятимизни камбағалликдан холи ҳудудга айлантиришга хизмат қилиши барчамизга маълум.
Бунинг учун камбағал оилаларга бириктирилган раҳбарлар мутасадди ташкилотлар, “маҳалла еттиликлари”, банк тизими ходимлари, тадбиркор ва фермерлар билан биргаликда ҳар бир оиланинг эҳтиёжи ва даромадларини ошириш имкониятларини чуқур ўрганган ҳолда манзилли режалар асосида қонунчиликда белгиланган хизматлар мажмуининг ўз вақтида ва тўлиқ кўрсатилишини ташкил этишлари уларни камбағалликдан чиқаришга хизмат қилади.
Бу эса “Самарқанд тажрибаси” бўлади, албатта.
Бинобарин, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағал оилаларни қўллаб-қувватлаш учун бор куч ва имкониятларни сафарбар этиш, шунингдек, “жонажон Ватанимизнинг ривожига ҳисса қўшаман”, деган ҳар бир юртдошимизнинг олдида турган муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Негаки, киши қачон барқарор иш фаолияти билан шуғулланса, оиласи фаровон бўлса, шундагина унинг ўзига нисбатан ишончи ортади, давлатимизнинг тараққий этишига умид билан қарайди, жамиятимиздаги кечаётган жараёнларга, ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини туяди.
Қолаверса, бандлиги ортидан келган даромадига оиласини боқади, турмуши фаровон бўлади, орзу-ҳавасларига эришади.
Бу борада вилоятда 320 мингта янги иш ўринларини яратиш бўйича тасдиқланган режаларнинг ижросини таъминлаш долзарб аҳамиятга эга.
Шу билан бирга, вилоятимиздаги 1126 та маҳалланинг драйверидан келиб чиқиб, шакллантирилган 45 мингдан зиёд лойиҳаларни ишга тушириш, “Туризм маҳаллалари” ва “Туризм қишлоқлари”ни кўпайтириш, экспортни ҳозирги 716 млн. доллардан 850 млн. долларга ошириш устувор вазифамиздир.
Ўйлаймизки, ҳурматли Президентимиз ташаббуслари асосида аҳоли даромадларини ошириш бўйича яратилган “Сайхунобод, Уйчи, Зарбдор, Ғиждувон тажрибалари”ни жорий этишда бандлик ва банк тизими ходимлари, ҳар бир маҳалланинг “еттилиги”, тадбиркорлар, агрокластерлар раҳбарлари ва фермерлар жонбозлик кўрсатадилар.
Ҳурматли маҳалла фаоллари, кўпни кўрган нуронийлар, депутатлар ва жамоатчилик вакиллари!
Ўтган йили вилоятимизда доимий яшаш манзилларидан 261 мингдан зиёд юртдошимиз узоқ муддатга хорижий давлатларга кетган бўлиб, сизларнинг секторлар раҳбарлари, прокуратура ва ички ишлар идоралари ходимлари ҳамда касаба уюшмалари билан яқин ҳамкорликда олиб борилган кенг кўламли тарғибот ишларингиз натижасида уларнинг 129 мингга яқини ўз оилалари бағрига қайтиб келди.
Шу билан бирга, секторлар раҳбарлари 1126 та маҳалла “эттилиги” томонидан мутасаддилар билан биргаликда хориждан қайтиб келган 7 мингга яқин ватандошимизнинг бандлигини таъминлаш, ташқи миграцияда юрган 174 мингдан ортиқ маҳалладошимиз билан доимий тарзда мулоқотлар ўтказиб бориш ва бунда кам даромадлиларни қайтариш устувор вазифалардан ҳисобланади.
Қолаверса, халқимизнинг “Боланинг бегонаси бўлмайди!”, “Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она” каби пурмаъно мақоллари ва даъватларни амалий ҳаракатга айлантиришимиз керак.
Айни пайтда азиз дилбандларимизнинг камолоти, уларнинг яхши ўқиб, оиласига ва халқимизга нафи тегадиган касб-ҳунарларнинг эгалари бўлиб вояга етишлари ҳар бир ота-она, маҳалла ва бутун жамиятимиз учун олий мақсадлардан бири эканлигини яхши тушунамиз.
Бу борада фарзандларимизни ўқувчилик давридаёқ мустақил равишда ўзи қизиққан касб-ҳунарнинг ҳақиқий эгаси бўлишини таъминлашга кўмаклашиш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир.
Бугунги кунда мамлакатимизда қабул қилинган қонунчилик ҳужжатлари, дастурлар ва “Йўл хариталари” ижросини таъминлаш, давлат идоралари фаолияти, мутасаддилар томонидан аҳоли муаммоларининг ўз вақтида ҳал этилиши устидан самарали депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш долзарб аҳамият касб этмоқда.
Бунда депутатлик ва жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмларини жорий этиш “Инсон қадри учун” тамойилини амалда қарор топтириш билан бир қаторда, жойларда қонун бузилиши ҳолатлари ва бошқа салбий иллатларнинг олдини олишга, очиқлик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилади.
Барчамизга маълумки, ҳар қандай жиноят, зўравонлик – бу адолатнинг бузилиши, ҳақиқатнинг синишига олиб келади.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоятимиздаги 1126 та маҳалланинг 756 тасида жиноят содир этилганлиги, 156 тасида эса жиноят ошганлиги барчамизни чуқур ташвишга солиши табиий.
Жиноятчиликнинг асл илдизи кўп ҳолларда бекорчиликдан келиб чиқади.
Агар барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, ҳаракат қилсак ҳамда “Менинг маҳаллам, менинг кўчам тинч ва тоза, жиноятчиликдан холи маҳалла, кўча!”, “Мен маҳалламга бефарқ эмасман!” деган эзгу ғояларни амалда татбиқ қилсак, шундагина вилоятимизни жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантиришга эришамиз.
Азиз самарқандликлар!
Барчангизни жонажон Ватанимизнинг, маҳалламизнинг гуллаб-яшнашига ҳисса қўшишни мажбурият эмас, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган қадрият сифатида қабул қилишга чақирамиз.
Қолаверса, юртимизда улкан янгиланишлар ва бунёдкорликлар шиддати кечаётган ушбу дамларда ҳар биримиз ўз хонадонимизни, маҳалламизни обод қилишимиз нафақат қут-барака, балки фарзандларимиз ва невараларимизнинг дунёқараши, маънавияти ва маърифатига ижобий таъсир қилишини унутмайлик!
Ҳар биримиз “Ер юзининг сайқали” дея ном қозонган ҳудудда яшаётганлигимизнинг масъулиятини чуқур ҳис қилган ҳолда вилоятимизни “Обод Самарқанд”га айлантиришни, унинг “Шарқ гавҳари” эканлигини намоён қилишни эзгу мақсад сифатида амалда намоён этайлик!
Шундагина кўзланган буюк мақсадга – Янги Ўзбекистонимиз, Самарқандимизнинг янада гуллаб-яшнашига эришамиз.
Бежиз буюк бобокалонимиз Амир Темур ўзининг ўгитларида “Давлат ишларининг тўққиз улуши кенгаш, тадбир ва машварат билан бажо келтирилур”, деб таъкидламаган.
Юқорида таъкидлаб ўтилган устувор вазифалар ижросини таъминлашда барчамиз бирлашишимиз, “бир тан-у бир жон бўлиб” ҳаракат қилишимиз ва ҳар биримиз муносиб ҳисса қўшишишимизни тақозо этади.
Ҳар доим ёдда тутинг, сизнинг биргина ижобий ҳаракатингиз – бу оилангиз, маҳаллангиз ва бутун вилоятимиз аҳолисининг фаровонлиги учун хизмат қилади.