Зулфия мукофоти: йўналишлар кўпайган, иқтидорлилар ҳам

Бундан бир неча йил Зулфия номидаги Давлат мукофотига ҳужжат топширганлар орасида зўрма-зўраки китоб чиқариб, уч-тўртта фахрий ёрлиқ ёки вилоят, республика миқёсидаги тўрт-бешта танловда иштироки билан шу мукофотни олмасам бўлмайди, дея мутасадди ташкилотлар эшигини қоққанлар кўп эди...

Бу йил Зулфия номидаги Давлат мукофотига танловнинг вилоят босқичида иштирок этаётган қизлар билан суҳбатлашар эканмиз, тамоман ўзгача манзарага гувоҳ бўлдик. Сабаби оддий, иқтидорли ёшлар сафи ошяпти, ўз билими, иқтидори билан катта натижага эришаётганлар кўпаймоқда. Фарзандлари, қизларининг ҳам таълимига инвестиция киритаётган ота-оналар сафи кенгаймоқда.

Самарқандда Зулфия номидаги Давлат мукофотига танловнинг вилоят босқичида унинг қуйи саралашларида ғолиб бўлган 130 нафар хотин-қизлар иштирок этди.

- Мукофот берилаётган қизлар сони ўсиши баробарида, иштирокчи қизлар орасида хориж тилларида ўз китобларини нашр қилган, халқаро миқёсдаги танловларда яхши натижаларни қўлга киритаётган ёшлар ҳам кўпаймоқда, - дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Зебо Саидова. – Шу кунга қадар вилоят миқёсида 34 нафар қизлар ушбу нуфузли мукофот соҳибаси бўлишга эришди. Ўтган йилдан бошлаб танлов иштирокчилари учун рақамли технологиялар йўналиши ҳам киритилиб, эндиликда қизлар 7 йўналишда ўз билим ва тажрибаларини синовдан ўтказишмоқда.

Танловда иштирок этаётган Райҳона Жамолова Ургут туманидаги мактабнинг 10 -синфида таҳсил олади. Ҳали мактаб ёшида бўлишига қарамай, Туркия, Ҳиндистонда бўлиб ўтган қатор халқаро конференцияларда иштирок этиб, хориж тилларида мақолалар чоп эттиришга улгурган. Иштихонлик Хуршида Раҳмонова эса таълимнинг магистратура босқичида ўқиш билан бир қаторда тадбиркорлик билан ҳам шуғулланади, шунингдек, қатор ижтимоий лойиҳаларда қатнашиб, кўнгилли сифатида ҳам жамиятнинг фаол ёшларидан бирига айланган.

Ёш чегараси ўзгаргани ҳам танловга ўз таъсирини ўтказган. Иштирокчилар орасида турли ташкилотларда фаолият юритиб, аллақачон ўз соҳасида натижага эришаётганлар ҳам талайгина.

Гулруҳ Мўминова.