“SIUT Students Girls Club”: Фан ва технология соҳасида талаба қизлар учун янги имкониятлар
Самарқанд халқаро технология университетида талаба қизларни илм-фан ва технологиялар соҳасида ривожлантиришга қаратилган янги ташаббус – “SIUT Students Girls Club”(Талаба қизлар клуби) ташкил этилди.
Ушбу клубнинг асосий мақсади – талаба қизларни касбий маҳоратини ошириш, уларга муҳандислик, тадбиркорлик ва илмий соҳаларда янги имкониятлар яратиш. Клуб фаолиятининг асосий йўналишлари орасида инновацион фикрлаш, замонавий технологияларни ўзлаштириш ва жамиятда гендер тенглигини таъминлаш муҳим ўрин эгаллайди.
SIUTда «Талаба қизлар клуби»нинг ташкил этилиши тадбиркорлик, муҳандислик ва бошқа соҳаларда талаба қизлар учун янги касбий уфқларни очишга қаратилган. Мазкур клубнинг очилишига бағишланган тадбирда «Ишбилармон аёллар: мақсадлар ва юксак натижалар» мавзусида маҳорат дарси ташкил этилди. Унда вилоят ҳокимининг ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Зебинисо Раҳмонова, "Тадбиркор аёл" халқаро ассоцацияси вилоят бўлими раҳбари Феруза Хонкелдиева иштирок этди.
Улар гендер тенглигини таъминловчи ташаббуслар муҳимлигини таъкидлаб, хусусан, «Миллий кадрлар захираси», «Қизларжон клуби» фаолияти ҳамда «Ўзбекистон-2030» стратегиясининг айнан хотин-қизларга оид бандларига алоҳида тўхталиб ўтди.
- Бугунги кунда касблар ўртасидаги гендер чегаралари йўқолиб бормоқда, - деди З.Раҳмонова. - Илгари муҳандислик ва тадбиркорлик соҳалари асосан «эркакларга хос» деб қаралар эди. Ҳозирда бу стереотиплар аста-секинлик билан йўқолиб, хотин-қизларга берилаётган кенг имкониятлардан оқилона фойдаланиб, ўзларининг кучли ирода ва қатъиятлари билан муваффақиятга эришаётган муҳандис, тадбиркор ва раҳбар опа-сингилларимиз ёш авлод учун ҳақиқий ўрнак бўлмоқда.
Тадбирда клуб доирасида талаба-қизлар учун инновацион фикрлашни ривожлантириш, технологияларни ўзлаштириш ва муваффақиятли карьера қуришга қаратилган маҳорат дарслари ва амалий анжуманлар ташкил этиш режалаштирилаётгани маълум қилинди.
Асила Ибрагимова.