Самарқандда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича янги вазифалар белгилаб берилди
Давлатимиз раҳбарининг 25 ноябрь куни Самарқандга ташрифи чоғида вилоятда хотин-қизлар бандлигини ошириш, ишсизликни камайтириш ва ташқи миграциядан қайтган аёлларга кўмак бериш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилган эди.
Ушбу топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимлигида видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Вилоят ҳокими Адиз Бобоев раҳбарлик қилган йиғилишда Хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссияси аъзолари, вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси ходимлари, шунингдек, тегишли корхона ва ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Дастлаб Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси раиси ўринбосари Бахтиёр Маҳмадалиев хотин-қизларни ишга жойлаштириш, ишсизликни камайтириш ва миграциядан қайтган аёлларга амалий ёрдам кўрсатиш бўйича бугун амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар ҳақида сўз юритди.
Таъкидланганидек, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва уларни миграциядан ватанга қайтариб, шу ернинг ўзида бандлигини таъминлаш мақсадида вилоят, шаҳар ва туман штаблари тузилган ва штаб аъзолари олдига бир қатор вазифалар белгилаб берилган. Шу асосда ҳудудларда хотин-қизлар учун янги иш ўринларини яратиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш, ташқи миграцияда юрган хотин-қизларни қайтариш ҳамда уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича амалий чораларни кўриш, хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари учун яратилган имкониятлар тўғрисида тарғибот тадбирларини олиб бориш зарурлиги айтилди.
Йиғилиш якунида вилоят ҳокими Адиз Бобоев масъулларга топшириқларни ўз вақтида ва самарали бажаришни қатъий талаб қилди. Шунингдек, хорижда бўлиб турган 89 минг нафар самарқандлик хотин-қизлар билан суҳбатлар ўтказиб, улар учун муносиб иш ўринлари яратиш бўйича аниқ вазифалар юклатилди.