Ногиронлик имконсизлик эмас
Ногиронлиги бўлган шахслар алоҳида гуруҳ эмас, балки жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоларидир. Улар кучли ирода, меҳнатсеварлик ва ҳаётга бўлган ижобий қарашлари билан кўпчиликка ўрнак бўлади.
Янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямизнинг 57-моддасида “Меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тоифаларининг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир”, дея қайд этилган.

3 декабрь — Халқаро ногиронлиги бўлган шахслар куни муносабати билан вилоят ҳокимлиги томонидан ўтказилган хайрия марафонида қатнашган Дин ишлари бўйича қўмита вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Соҳибназар Боймуродов, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Фармон Тошев, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Шерали Йўлдошев, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи Исроил Жабборов, Ўзбекистон Ногиронлар жамияти вилоят бўлими раиси Дилмурод Пардаев ва бошқалар юртимизда ижтимоий ҳимоя тизимини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга алоҳида тўхталиб ўтди. Аҳолининг ушбу қатлами ўзининг фидойилиги билан юрт тараққиёти йўлида ташаббускорлардан бўлаётганлиги алоҳида аҳамият касб этиши қайд этилди.

- Жорий йилнинг ўтган даврида ногиронлиги бўлган шахсларнинг 5 минг 864 нафарининг доимий бандлиги таъминланди, 6009 нафари ўзини-ўзи банд қилиш фаолият турлари бўйича иш бошлаган бўлса, 3672 нафари параспортга жалб қилинди, 3086 нафари эса имконияти чекланган болаларга тегишли таълим турлари бўйича ўқишга йўлланмалар берилди ва 12 минг 448 нафари реабилитация воситалари ва протез-ортопедия маҳсулотлари билан таъминланди, - дейди Олий Мажлис ҳузуридаги фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди вилоят бўлими бошлиғи Достон Маликов. - Энг муҳими, ногирон бўлиб қолган юртдошимиз халқимизнинг, давлат идораларининг меҳр-эътиборидан четда қолмасдан, ўзининг меҳнати ва қобилияти билан нафақат ҳаётда ўз ўрнини эгаллаб келмоқда, балки азму матонати, сабр-бардоши ва шукроналик фазилатлари билан кўпчиликка ибрат бўлмоқда. Бугунги кунда вилоятда 111 мингдан ортиқ ногиронлиги бўлган юртдошларимиз ҳеч кимдан кам бўлмасдан истиқомат қилиб келмоқда. Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ўзларини жамиятнинг тўлақонли аъзоси эканликларини ҳис этишлари учун давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан тизимли ишлар олиб борилмоқда. Сана муносабати билан ўтказилган хайрия марафони ҳам халқимизга хос саховат ва меҳр-мурувват анъаналарини ўзида намоён этди. Хайрия давомида тушган маблағлар ўзгалар кўмагига муҳтож ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоясига йўналтирилади.
Тадбир доирасида иштирокчиларнинг Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойларига саёҳати уюштирилди.
- Ногиронлик имконсизлик эмас, - дейди Паст Дарғом туманидаги 2-спорт мактаби бандминтон бўйича мураббийи, 1-гуруҳ ногирони Умар Шодиев. – Бахтсиз ҳодиса туфайли ногиронлик аравачасига михландим. Аммо, умидсизликка тушмадим. Мана, беш йилдирки бадминтон бўйича мураббийлик фаолиятини олиб боряпман. Айни пайтда тўққиз нафар ногиронлиги бўлган болалар билан парабадминтон бўйича машғулотлар олиб бормоқдаман. Шогирдларимга биринчи навбатда жисмоний имкониятнинг чекланганлиги ҳаёт тугади, дегани эмаслигини уқтираман. Ҳаёт ҳаракатдан иборат эканлигига ишонтириб, бор имконият билан максимал ҳаракат қилишга ундайман. Мақсадимиз халқаро майдонларда ҳам чекланган имкониятимиз билан чекланмаган орзуларимизни амалга оширишдан иборат.
Сана муносабати билан ўтказилган тадбир дастурхон атрофида давом этди. Вилоят санъаткорлари томонидан тузилган концерт дастури тадбирга кўтаринкилик улашди.
Алишер Исроилов.