Беларусь билан инвестициявий ҳамкорлик: Самарқанд учун янги имкониятлар
Шу кунларда Адиз Бобоев бошчилигидаги вилоятимиз делегацияси расмий ташриф билан Беларусь Республикасида бўлиб турибди.
Ташриф доирасида Минск шаҳрида «Белинвестбанк» ОАЖ Бошқаруви раиси Олег Козаредов билан учрашув ўтказилди. Унда инвестициявий ва ишбилармонлик ҳамкорлигини янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Учрашув давомида Вилоятимизда чорвачилик, тўқимачилик ва мебель саноати, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, туризм ҳамда соғлиқни сақлаш соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишнинг истиқболли йўналишлари тақдим этилди.
Шунингдек, «Белинвестбанк»нинг қўшма лойиҳаларни молиялаштириш, жумладан, имтиёзли кредитлар ажратиш, лизинг хизматларини кўрсатиш ҳамда ускуналар етказиб беришни молиялаштириш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш, шунингдек, қўшма инвестициявий ташаббусларни самарали амалга оширишдан манфаатдор эканликларини билдирди.