Покистонлик олим Абдул Қодир Хон Ўзбекистонни ядровий реактор ҳалокатидан қандай сақлаб қолган эди?
Ислом оламининг ҳар бир ижодкори – шоир, ёзувчи ёки журналист бу инсонни фахр ва ғурур билан тилга олади, унга нисбатан алоҳида миннатдорлик ҳиссини туяди. У ота-боболарини асли Туркистон элидан, аниқроғи Қашқадарёдан, барлос уруғидан, деб ҳисобларди.
Математика, физика, кимё, металлургия соҳалари бўйича йирик олим, конструктор, давлат ва жамоат арбоби сифатида ном қозонган бу шахсни ХХI аср мусулмон дунёсининг халоскори, ифтихори деб билишади. У ўтган асрда дунё қудратли қуролга эга бўлиб, давлатлар йирик ҳарбий блокларга бўлиниб, ислом олами нисбатан четга чиқиб қолган бир даврда мусулмон олимлари нималарга қодирлигини дунёга намойиш этди. Гап, эҳтимол бизда камроқ тилга олинадиган, бутун дунё эса йирик мутахассис сифатида тан олиб, эътироф этадиган покистонлик физик-олим Абдул Қодир Хон ҳақида кетяпти.
У атом қуролига эга ягона мусулмон давлати – Покистон Ислом Республикаси ядро тадқиқотлари лойиҳаси, шу номдаги дастур раҳбари, Америка Қўшма Штатларида “атом бомбасининг отаси” сифатида тан олинадиган машҳур назариётчи физик-олим Роберт Оппенгеймер, собиқ совет атом бомбаси асосчиси”, дея эътироф этиладиган Игорь Курчатовлар қаторида турадиган ихтирочи.
Абдул Қодир Хон машҳур авлодларимизга хос энциклопедик билимга эга шахс: физик, муҳандис, металлург, ядро қуроли соҳасидаги биринчи йирик мусулмон олими. Покистон, Буюк Британия, Германия, Бельгия, Нидерландия университетарида таҳсил олган.
Ўзбекистонлик қардошлари билан учрашганда ўзини “Мен Соҳибқирон Амир Темур, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур авлодиданман”, дея таништирадиган Абдул Қодир Хон 1936 йил 1 апрелда ўша пайт Буюк Британия империяси тасарруфидаги Ҳиндистоннинг Бхопал шаҳрида дунёга келган. Унинг киндик қони тўкилган ҳудудда Исломга эътиқод қиладиганлар жуда кўп.
Қисқа тарихий маълумот: Британия Ҳиндистони, деб юритиладиган Ҳинд Иттифоқи 1947 йил Ҳиндистон Республикаси ва Покистон Доминионига ажралган. Покистон Доминиони негизида Покистон билан Бангладеш Республикалари пайдо бўлди. Шу тариқа жаҳон харитасида яна бир мустақил мусулмон давлати – Покистон Ислом Республикаси қарор топди. Бу пайт 11 ёшли Абдул Қодир Хон ўрта мактабда таҳсил оларди. Ер юзида халқаро вазият таранг, алғов-далғов йиллари бу оила Ҳиндистондан асосан мусулмонлар истиқомат қиладиган Покистонга кўчиб ўтади. Бугун қарийб 260 миллион киши яшайдиган мазкур давлат аҳоли сони бўйича дунёда бешинчи, мусулмон давлатлари орасида Индонезиядан кейин иккинчи ўринни эгаллаган.
Ҳаракатчан, истеъдодли, ёшлигидан олдига қўйган мақсадига қатъий интиладиган Абдул Қодир Хон хорижда ўқиди. 1961 йил Ғарбий Берлин техника университетида металлшунослик фани бўйича таълим олди. 1965 йили ўқишини Нидерландиядаги Дельфт техника унверситетига кўчирди. Икки йилдан сўнг муҳандис мутахассислигини олиб, Бельгиядаги Лёвн католик университети докторантурасида ўз йўналиши бўйича ўқишни давом эттирди. 1972 йил илмий ишини муваффақиятли тамомлаб, металлургия соҳасида фан доктори унвонини олди.

Абдул Қодир Хон кўп йиллар чет элда ўқиди, хорижий илмий-тадқиқот марказларида ишлади ва 1975 йил охирида ватани Покистонга қайтиб келди. Бу пайт минтақада аҳвол нотинч эди. Ихтиёрида ядро қуроли мавжуд бўлган қўшни давлат билан тез-тез чегара можаролари чиқиб турар, бошқа қудратли салтанатлар ҳам Покистонга ўзларининг ҳақ-ноҳақ талабларини қўйиб, таъсир-у тазйиқ ўтказишарди. Ўша мураккаб йилларда қандай олим ватанига қайтиб келганидан хабар топган Покистоннинг ўша пайтдаги Бош вазири Зулфиқор Али Бҳутто олимни ҳузурига таклиф қилади. Бўлиб ўтган узоқ ва сермазмун мулоқот давомида давлат раҳбари суҳбатдошига ён-атрофдаги халқаро вазиятни, мамлакат билан боғлиқ муаммоларни тушунтиради ва ниҳоят, Абдул Қодир Хоннинг қўлидан келадиган иш – бойитилган уран асосида ядровий қурол яратишдек жиддий вазифани илгари суради.
Абдул Қодир Хон Европанинг не-не давлатларида олиб борган ишини Покистонда давом эттириб, энди фаолиятини ўз халқи, давлати, миллатини ҳимоя қилишга бағишлайди. Кейинчалик ўз номи билан аталган Ядро тадқиқотлари лабораториясини ихтиёрига олади.
Покистонда атом қуроли яратиш бўйича иш аввал ҳам олиб борилган. Абдул Қодир Хон ўша ишни давом эттириб, физик олим, кейинчалик тарихга Покистон ядро қуроли яратувчиларидан бири сифатида кирган Мунир Аҳмад Хон билан бирга ядро бомбасини яратиш устида иш бошлайди. Ва ислом олами тарихида биринчи бўлиб бунга эришади. Икки мутахассиснинг лойиҳа-ю дастурлари мамлакат миқёсида бирлаштирилади ва натижада 1998 йил 28 май куни дунёда биринчи бўлиб мусулмон олимлари томонидан бойитилган уран асосида яратилган Покистон ядро бомбаси синовдан ўтказилди.
Тўғри, атом қуроли билан боғлиқ ядро технологияси ҳар доим ҳам яхши ният ила кўзланган мақсадни ифодаламаслиги мумкин, лекин на илож, ўша пайт ва ҳатто, ҳозир ҳам бундай чора-тадбирлар муайян мамлакат, халқ тинчлигини асраш, мустақиллигини сақлаб қолиш йўли, имконияти сифатида талқин қилиниши ҳам бор гап.
– Ҳозир бизда ҳам ядровий қурол борлигини қўни-қўшни, рақиб-у душманларимиз яхши билишади, – деган эди ядро синови ўтказилгандан сўнг доктор Абдул Қодир Хон. – Энди улар бизга юриш қилишдан аввал ўн марта ўйлаб кўради.
Машҳур авлодларимиздан бизгача етиб келган, қалбларни эзувчи бир хотира бор. Самарқандни тарк этиб, Афғонистоннинг Кобулида машҳур боғ яратган, Ҳиндистонда дунёвий империяга асос солган Заҳириддин Муҳаммад Бобур Андижондан келтирилган қовунни ер экан, бармоқларидан томчилаётган қовун ширасига қовоқлари остидан чак-чак томган, юрт соғинчи билан қоришган иссиқ кўз ёшлари қўшилиб оққан. Ватандан айрилиқ дилни вайрон қилиб юборадиган бу лавҳани бежиз эсламадим.
Таниқли ўзбек адиби, раҳматли қўшним Дадахон Нурий Абдул Қодир Хоннинг Ўзбекистондаги энг яқин дўстларидан бири эди. Бир куни, айни олтин куз пайти кўп қаватли уйимиз олд ҳовлисида у киши қаергадир ошиқиб кетаётганини кўриб, “Дадахон ака, йўл бўлсин?” дея сўрадим.
– Абдул Қодир Хоннинг олдига, Покистонга кетяпман, қовунни соғиниб қолди, ватандошимиз, – деганди ўшанда машҳур адиб.
Дадахон ака дилкаш дўст, йирик публицист, ёзувчи, яхшигина ранг-тасвир устаси – рассом эди. Ҳамқишлоғи, яқин дўсти Эркин Воҳидовнинг 80 йиллигига атаб, ҳассос шоиримизнинг қўпчиликка манзур бўлган ажойиб портретини ҳам чизган.
Бир куни Дадахон акани безовтароқ ҳолда кўриб, “Тинчликми, ака, нима гап?” дедим. У киши эса куйиб-пишиб жавоб берди:
– Кўрмайсизми буларни, таваллуд топган кунига атаб, Абдул Қодир Хоннинг портретини чиздим, боряпман, дея хабар ҳам бериб қўйганман. Аэропортдаги божхона ходими “Ўзим чизганман, шахсий мулким, ёзувчи, журналист, рассомман”, десам ҳам, “Йўқ! Йўқ, мумкин эмас. Қўлда чизилган тасвирий санъат асарини хорижга олиб чиқиб бўлмайди, махсус рухсатнома керак”, дея қайтариб юборди.
Абдул Қодир Хон докторлик диссертациясини ёқлаганда устози, профессор Мартин Браберс тавсияси билан Амстердамдаги “Physics Dynamics Research Laboratory” (FDO) фирмасида фаолият юритган. Бу тузилма ўша пайтдаги Ғарбий Германия, Буюк Британия ва Голландия ҳамкорлигида ташкил этилган “Уренсо гуруҳи” компаниясининг ядровий ёнилғи билан боғлиқ ўта махфий ишларини амалга оширадиган кичик пудратчи эди. Профессор Уренcо ҳам тадбиркор, бизнесмен, йирик олим. У Нидерландиядаги уранни бойитиш заводи оператори вазифасида ишлаб туриб, атом электр станцияларини ядровий ёнилғи билан таъминлаш учун газ центрифугаларидан фойдаланиш тизимини ишлаб чиққан.
Кўп ўтмай, компания раҳбари Уренcо Абдул Қодир Хонга уран металлургияси бўйича тадқиқот олиб борадиган компаниядаги юқори раҳбарлик лавозимини таклиф этади. Шу тариқа покистонлик ёш олим ўша пайтдаги ўта махфий, ўта мураккаб, бугунги кунда давлат мустақиллиги, мамлакат тинчлигини сақлаб қолишнинг бирдан-бир йўли, деб ҳисобланаётган ядро қуроли сир-асрорлари марказида фаолият кўрсата бошлайди. Кўплаб машҳур олимлар билан бирга ишлаб, улар билан яқин мулоқотда бўлади. Докторантурада Абдул Қодир Хон илмий раҳбари, бельгиялик Браберс ёрдамида 1972 йил диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилади ва металлургия соҳасида фан доктори илмий даражасини олади.
Таъкидлаш жоиз, Абдул Қодир Хоннинг диссертацияси илмий тил билан айтганда, Мартенсит соҳасидаги ягона фундаментал тадқиқот эди. Металлургияда Мартенсит усули физик, кимёвий ва бошқа таъсир йўллари билан пўлатни фавқулодда юқори ҳароратга, оловга чидамли қилади. Масалан, автомобиль, ракета ёки фазовий кема двигатели механизми мутлақ тез ҳаракатланадиган, кучли ишқаланишда ҳам емирилмайдиган металлга айлантиради. Оддий тилда тушунтириш қийин бўлган бу амалиёт ҳақиқатан жаҳон миқёсидаги улкан ихтиро, кашфиёт, ютуқ эди.

Шундай ихтиролар бўладики, муаллифнинг ўзи эгалик қила олмайди. Оғир, машаққатли меҳнат самараси кўролмайди. Бундай кашфиёт-у ихтиролар давлат сирига айланиб, махсус хизматлар ихтиёрига ўтади. Абдул Қодир Хон билан ҳам шундай ҳодиса юз берди. Айрим халқаро ташкилотлар, айниқса, АҚШнинг ўша пайтдаги Президенти тазйиқи остида Абдул Қодир Хон хатти-ҳаракати назорат остига олинади. Тарихдан маълумки, бир давлат раҳбарининг бошқа давлат фуқаросига таъсири чегараланган бўлса-да, улкан салтанатнинг ўзга юртга сиёсий, иқтисодий ва бошқа турдаги таъсири, маълум маънода, ҳамон мавжуд.
Шу боис бўлса керак, Покистоннинг ўша пайтдаги Президенти Парвиз Мушарраф билан учрашувдан сўнг Абдул Қодир Хон Покистон миллий телевидениесида сўзга чиқиб, ядро материаллари ва ускуналарини қўлида сақлаб қололмаганини бўйнига олади. Уй қамоғига ҳукм қилинган Абдул Қодир Хон халқаро жанжалдан кейин берган интервьюларининг бирида ядро қуроллари ва ускуналарининг бошқа давлатга ўтиб кетиши фақат ўзининг ихтиёри билан бўлмагани, бу жараёнда ўзбошимчалик қилмагани тўғрисида гапиради. Покистон ҳукумати ўз фуқаросини ҳимоя қилади ва жазо чораларини ўзимиз кўрамиз, дея турли текширув комиссияларини Покистонга киритмайди, фуқаросини сўроқ қилишга рухсат бермайди.
Ўзбекистон энди мустақилликка эришган йиллари Республика Фанлар академиясига қарашли Қибрайдаги ядро физикаси институтидаги атом реакторида бир носозлик рўй берган. Ядро технологияси эмасми, ҳолатдан хавотирга тушган мутахассис, мулозимлар зудлик билан Москвага – Тошкент реакторини яратган институтга етиб боришади. Шимолий ҳамкорларимиз ҳам фавқулодда вазият юз берганини сезиб, ўз раҳбарларига мурожаат қилади.
– Ўзбекистондаги ядро реакторида авария бўлибдими, қанча муддат ва маблағ кетишини ҳисобланг, кейин ҳал қиламиз, – дейди мутасадди мулозим гапни қисқа қилиб.
– Вақт ҳам, реактор ҳам, бор жонзотни емирувчи рентген нури ҳам кутиб ўтирмайди, зудлик билан ёрдам керак, тушунинглар, – дейди вакилларимиз.
– Энди мустақил давлатсиз, биз айтган 6 миллион долларни топмас экансиз, ёрдам кўрсата олмаймиз, – дейди қатъий оҳангда шимоллик дўстларимиз.
Бу воқеа мол-жонимиз шўролар давлатидан энди ажратиб олинган даврда содир бўлган. Жон чиқар он гаров тариқасида ҳеч ким пулни аямайди, лекин на илож?! Ҳали миллий валюта йўқ, давлат банклари-ю ғазнада доллар тугул, ўша вақт муомалада бўлган рус рубли ҳам ўта чегараланган, халқнинг чўнтаги ҳам бўм-бўш. Реактор дарз кетган, нур таралиб ётибди. Эҳтиёткорлик чораси кўрилиб чор-атроф ўраб олинган. Шафқатсиз вақт ўтяпти. Ҳамма саросимада.
Шунда бутун дунё газеталари ёзаётган, радио, телевизор орқали ўзга давлатга ядро технологиясини сотди, дея бонг урилаётган пайт масофаси шимолий давлат пойтахтидан яқинроқ Покистондаги атом технологияси мутахассиси Абдул Қодир Хон ёдга тушади. Дипломатик каналлар орқали дам очиқ, дам пинҳон олиб борилган музокаралар аввал натижа бермайди. Вақт кам, бир иложини топиш керак. Шунда Дадахон Нурий жонга оро киради: Абдул Қодир Хон билан гаплашиб, вазиятни тушунтиради.
Дарвоқе, бундан бироз аввал Дадахон ака ташаббуси билан Эркин Воҳидовнинг “Олтин девор” комедияси асосида Ҳамза театрида қўйилган спектакль Покистонда ҳам намойиш этилган, асар маҳаллий жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинган эди. Эркин Воҳидов, Дадахон Нурий ва спектакль режиссёри, асосий ролларни ижро этган актёрларни Маданият вазири, ҳукумат раҳбарлари қабул қилади. Дадахон Нурий истеъдодли ёзувчи, айниқса табиатни жон-дили билан яхши кўрадиган, атроф-муҳитни қўриқлашга доимо тайёр турган фидокор эколог-журналист ҳам эди. Шарқшунослик институтини битирган, ҳинд, урду, пуштий тилларини яхши биларди. Театр намойиши чоғи турли даражадаги раҳбарлар билан уларнинг тилларида мулоқот қилиб, китобларини тақдим этиб, яқиндан танишиб олган эди.
Ўзбекистондан борган чопарлар ҳукумат раҳбарлари олдидан ўтиб, кейин шахсан Абдул Қодир Хоннинг ўзига мурожаат қилишади. Қибрайдаги ядро реактори носозлиги бўйича Покистонга атай борган ватандошимиз орқали Ўзбекистондаги вазиятдан хабар топган Абдул Қодир Хон гап-сўзларни диққат билан эшитиб турадида, чуқур ўйга толиб, шундай дейди:
– Афсуски, мен очиқча юртингизга бора олмайман, санкциядаман.
Шу билан бирга “Ахир, Ўзбекистон ота-боболарим ватани-ку”, дея ич-ичидан чиқаётган фикр айни пайт унга тинчлик бермаётганди.
Покистонлик олим реактор қай аҳволдалиги, нурланиш кўрсаткичи қанчалиги, зудлик билан қандай чоралар кўрилганини синчиклаб сўрайди-да, бироз сукутдан кейин, гўё қасам ичаётгандек, паст овозда, бироқ қатъий оҳангда лаблари пичирлаб, сўзини давом эттиради:
– Мен ота-боболарим ватани бошига тушган кулфатдан четда тура олмайман. Нима бўлмасин, қардошларим олдига бораман. Ватандошларимга ёрдам бераман. Фақат бир илтимосим бор, менинг борганим ҳақидаги маълумот матбуотда чиқиб кетиши мумкин эмас.
Бу кескин шарт эди.
Хуллас, ўшанда Абдул Қодир Хон бошчилигидаги махсус мутахассислар гуруҳи Тошкентга келиб, жаннатмонанд Қибрайни, ядровий институт ҳудудини ҳимоя қилиб, олийгоҳнинг ноёб асбоб-ускуналарини асраб қолган. Реактор таъмирланиб, заҳар тарқалишининг олди олиниб, рентген нури бор-йўқлигини билдирадиган электрон сезгич сигнали ўчган. Енгил тортган мутахассис-у мулозимларимиз санкциядалигини унутмаган ва вақти-вақти билан соатига кўз қирини ташлаб турган Абдул Қодир Хонга мурожаат қилган:
– Жаноб Абдуқодир ака, сизга ҳаммамиз номимиздан самимий, чексиз миннатдорлик билдирамиз. Илтимос, хизматингиз ҳақини айтсангиз.
Меҳмоннинг юзида қандайдир ҳайрат, хафахонлик аломатини сезган мезбонлар яна сўзини давом эттиради:
– Сиз бизни бало-қазолардан асраб қолдингиз, тортинмай айтаверинг!
Шунда Абдул Қодир Хон ерга қараб бироз сукут сақлайдида, жавоб беради:
– Мен оғир вазиятга тушиб қолган ҳамюртларимга ёрдамга келдим, ўз вазифамнигина бажардим, холос. Бундай ишга ҳақ олиш одатларимизга тўғри келмайди, маъзур тутасизлар.
Бу гап эътирозга ўрин қолдирмайдиган оҳангда янграган.
Мақоламиз якунида “Шарқ мусулмонлари қалқони, халоскори” дея аталадиган Абдул Қодир Хон раҳбарлигида ўтказилган ядровий синовлар тўғрисидаги матбуот хабарлари тартибига назар ташлайлик. Дунё ахборот агентликлари ёзишича, ҳиндларнинг ядро синовидан бирмунча вақт ўтиб, 1998 йил 28 майда Ислом уммати тарихида илк бор Покистон Ислом Республикасида ядро синови ўтказилди. Бу амалиёт манзил номи билан “Чагай-1” деб аталди. Икки кундан сўнг “Чагай-2” синови ташкил қилинди. Шунда Абдул Қодир Хон Покистон ядроси уран билан бойитилганини бутун дунёга эълон қилди. Зеро, авваллари эски технология асосида плутоний ёнилғиси қўлланган.

Абдул Қодир Хон журналистларга қарата “агар сиёсий ҳукм чиқарилса, Ҳатф-5 (Ғурий-1) баллистик ракеталари қисқа муддатда тайёрланиши”ни билдирган.
Бу Абдул Қодир Хон ташаббуси билан унинг лабораториясида ясалган, 1500 чақиримга учиб бора оладиган баллистик ракета эди. Яъни, йирик шаҳарларни ҳам нишонга оларди. Абдул Қодир Хон узоқ масофадаги манзилни ҳам мўлжаллай оладиган ракетага “Ҳатф”, яъни араб тилида чиқадиган газеталар таъкидлашича, Расулуллоҳ с.а.в. қиличининг номи берилган. “Ғурий” эса XII асрда чиққан мусулмон баҳодири Шаҳобиддин Муҳаммад Ғурий номи билан боғлиқ. Маълумки, Шаҳобиддин Ғурий ўз даврида Покистон озодлиги учун курашган, улкан қўшин тўплаб, душманлар иттифоқини тор-мор этган, ғанимнинг ўн минглаб аскари ва шаҳаншоҳини қатл қилган, сўнгра мусулмонларни бирлаштириб, Ғурийлар давлатига асос солган жасоратли қаҳрамон.
Ядро қуроли муваффақиятли синовдан ўтган, аҳоли бирмунча ором топган кунни уруш, низо, нотинчлик ва жанжаллардан чарчаган Покистон байрам сифатида нишонлайди. Мамлакатини бошқа қудратли салтанатлар билан тенглаб қўйган Абдул Қодир Хон Ислом уммати қаҳрамонига айланди.
Баъзан хаёлга толаман... “Абдул Қодир Хон воқеаси, бу дунё савдолари хусусида ёзинг”, дея Дадахон акани қистаганимда, у киши шундай жавоб берган:
– Ирисмат ака, мен кўп бор ёзмоқчи бўлдим, Абдул Қодир Хондан рухсат ҳам сўрадим. Фақат у киши “Ҳозир эмас”, дея узун сукут сақлаб, хўрсинганча “Фақат мендан кейин”, деганди.
Ўша суҳбатимизга ҳам тўрт йил бўлди.
Дадахон Нурий диёримизда олтин куз ҳукм сурган, айни қовун пишиғи мавсумларида, Қибрай воқеаларидан сўнг эса алоҳида кўтаринки руҳ билан Абдул Қодир Хонга ва бошқа покистонлик дўстларга икки давлатдаги элчихоналар ёки Исломободга учаётган таниш-билишлар орқали сара Андижон қовуни, Паркент ҳусайни узуми, ширин Қува анори жўнатар, вақти-вақти билан ўзи ҳам олиб борар эди.
Тақдир тақозосини кўринг: Икки хон – бири Бобур авлоди Абдул Қодир Хон, иккинчиси Бобораҳим Машраб авлоди, таниқли ёзувчи Дадахон Нурий тўрт ойгина фарқ билан, бири Тошкентда, иккинчиси Исломободда Аллоҳга омонатини топширди. Дадахон Нурий 2021 йил 12 июль куни вафот этди, ядро физикаси олими Абдул Қодир Хон ҳам ўша йил, фақат октябрда 85 ёшида қазо қилди.
Ирисмат АБДУХОЛИҚОВ.