Ўқитувчини айблашдан тўхтанг!
Мактаб нафақат билим маскани, балки инсон характери шаклланадиган, маънавий камол топадиган муқаддас даргоҳ.
Мен бир неча йиллик танаффусдан сўнг, яна ўз касбимга – жонажон мактабимга қайтдим. Бу муқаддас масканда иш бошлар эканман, бугунги таълим тизимидаги ютуқлар билан бирга, ижтимоий тармоқларда ўқитувчи шаънига айтилаётган турли танқидлар ва ота-оналар билан юзага келаётган тушунмовчиликлар мени бефарқ қолдирмади. Ўқитувчи сифатида қалбимдаги оғриқларни қоғозга туширишга, жамиятга мурожаат қилишга қарор қилдим.
Ўтмишнинг "ширин" жазолари ва бугунги воқелик
"Бола бўлсанг шўх бўл" дейди халқимиз. Болаликда ҳаммамиз бироз бебош, шўх бўлганмиз. Устозлардан дакки эшитганмиз, балки кичик жазолар ҳам олганмиз. Қизиғи шундаки, ўша дамларни эслаганда дилимизда нафрат эмас, ширин табассум уйғонади. Нега? Чунки биз устознинг танбеҳи ортида шахсиятимизни таҳқирлаш эмас, балки келажагимизга бўлган кучли масъулият ва оталарча меҳр борлигини ҳис қилардик. Устоз олдидаги ҳайиқиш қўрқув эмас, юксак ҳурмат эди.
Илгари 3 ёки 4 баҳо олсак, уйга боришга ботинолмасдик. Ота-онамиз кундаликни текшириб, паст баҳо учун танбеҳ беришарди. Чироқ ўчганини баҳона қилиб, уй вазифасини бажармасак, устоз чизғич билан қўлимизга урарди. Буни уйдагиларга айтишни "айб" ҳисоблардик. Айтган тақдиримизда ҳам: "Бу сенга кам, аслида юзингга шапалоқ тортиши керак эди, дўппослаш керак эди! Вазифани вақтида қилганингда, ҳатто чироқ ўчган тақдирда ҳам шам ёруғида дарс тайёрлаганингда устозинг сени мақтарди" деган қатъий жавобни олардик. Бу ота-онанинг устозга бўлган чексиз ишончи ва таълимга бўлган эҳтироми эди.
Бугунги кун ўқитувчисининг дарди
Бугун эса манзара бутунлай бошқача. Ҳозирги ўқитувчи учун болани уриш у ёқда турсин, сал қаттиқроқ гапириш ҳам катта муаммога айланиши мумкин. Болага бироз қаттиққўллик қилинса ёки паст баҳо қўйилса, ота-она мактабга югуриб келади.
Бироқ танганинг иккинчи томони ҳам бор: агар ўқитувчи "тинчгина ишлаб юрай" деб индамаса, талабни сусайтириб, баҳоларни шунчаки "чиройли" қилиб қўйиб берса-ю, бола йил якунида ҳеч нарсани ўрганмаса – барибир ўқитувчи айбдор бўлиб қолаверади. Йил охирида натижа ва сифат сўралганда, раҳбарият томонидан: "Нега кўрсаткич паст? Йил давомида нима иш қилдингиз?" деган қатъий ва оғир саволлар яна муаллимга қаратилиши табиий. Натижада ўқитувчи икки ўт орасида қолади: бир томондан ота-онанинг асоссиз эътирозлари, иккинчи томондан раҳбариятнинг сифат ва натижа борасидаги талаби. Бу ҳақиқий "боши берк кўча"дир.
Қадрли ота-оналар, бизнинг мақсадимиз ягона!
Биз болангизни койисак ёки қаттиқ гапирсак, бу уни ёмон кўрганимиздан эмас, балки унинг эртасига бефарқ бўла олмаганимиздандир. Фарзандингизнинг ютуғи – бизнинг энг катта мукофотимиз. Аслида, улар муваффақият қозонса, биз сиздан кўра кўпроқ қувонамиз, чунки бунда меҳнатимиз мевасини кўрамиз.
Тўғри, мен ҳам боланинг аёвсиз калтакланишига ёки шахсиятини камситувчи сўзлар билан ҳақоратланишига мутлақо қаршиман. Таълимда зўравонликка ўрин йўқ. Лекин "маърифий ҳайиқиш" бўлмаса, бола устозни ҳурмат қилмай қўяди. Ҳурмат йўқ жойда эса илм юқмайди, барака бўлмайди.
Миллат келажаги йўлидаги иттифоқ
"Устознинг заҳри – отанинг меҳридан афзал" деган нақл бежиз айтилмаган. Бугун давлатимиз ўқитувчининг қаддини ва қадрини тиклаш учун барча имкониятларни яратмоқда. Бироқ, фақатгина моддий рағбат билан натижага эришиб бўлмайди. Ҳақиқий таълим – бу ўқитувчи, ўқувчи ва ота-она ўртасидаги самимий ишонч кўпригидир.
Агар бола устозидан ҳайиқмаса, унинг ўгитларини қулоғига илмаса, бу фақатгина бир синфнинг эмас, балки бутун бир миллатнинг фожиасига айланади. Келинг, фарзандларимизга мактабга фақат баҳо учун эмас, балки ҳақиқий билим ва одоб олиш учун боришни ўргатайлик. Устозни айблашдан тўхтаб, унинг атрофида бирлашайлик. Зеро, келажак авлод тарбиясида биз бир-биримизга халақит эмас, энг яқин кўмакчи бўлишимиз шарт. Шундагина биз орзу қилган кучли ва маърифатли жамият қад ростлайди.
Заҳро Иброҳимова.