Самарқандда энергия тежамкорлигига қаратилган ойлик эълон қилинди
2026 йил 1 майдан 30 майга қадар вилоятимиз ҳудудида “Энергия тежамкорлиги ойлиги”ни ўтказилади.
Мазкур ташаббус Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгилаб берилган энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, уларни ноқонуний сарфлашнинг олдини олиш ҳамда энергия самарадорлигини оширишга қаратилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда.
Ойлик доирасида қуйидаги йўналишларда кенг қамровли ишлар ташкил этилади:
- электр энергияси ва табиий газдан тежамкор фойдаланишни тарғиб этувчи тушунтириш ишларини кучайтириш;
- аҳоли ва ташкилотларда энергиядан самарали ва онгли фойдаланиш маданиятини шакллантириш;
- ноқонуний уланишлар ва исрофгарчилик ҳолатларининг олдини олиш;
- энергия тежамкор ва замонавий технологияларни жорий этиш;
- маҳаллалар кесимида назорат ва амалий чора-тадбирларни янада кучайтириш.
Шу билан бирга, туман ва шаҳар ҳокимликларига масъул ходимлар бириктирилиб, ҳар бир ҳудудда энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича аниқ режалар асосида иш олиб борилади.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қонунбузилишларнинг олдини олиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва профилактик чора-тадбирларни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Маҳалла тизими вакиллари эса аҳоли ўртасида кенг қамровли тушунтириш ишларини олиб бориш, энергия тежамкор қурилмалардан фойдаланишни тарғиб қилиш ҳамда реал истеъмол устидан жамоатчилик назоратини таъминлашда фаол иштирок этадилар.
Ушбу ойлик нафақат иқтисодий тежамкорликка эришиш, балки ҳар бир фуқаронинг шахсий масъулияти ва онгли муносабатини оширишга хизмат қилувчи муҳим ташаббусдир.