Тошкентдан Самарқандга янада тез: янги темир йўл лойиҳаси тайёр
Транспорт вазирлиги маълум қилишича, “Тошкент – Самарқанд” йўналишида юқори тезликдаги алоҳида йўловчи ташиш темир йўлини қуриш лойиҳасининг техник-иқтисодий асослари (ТИА) бўйича якуний ҳисобот тақдим этилди.
Мазкур лойиҳа бўйича ТИА ишлаб чиқиш жараёнларига 2025 йил 14 февраль куни старт берилган эди. Ушбу ишларни амалга ошириш учун Корея Экспорт-импорт банки томонидан 3 млн АҚШ доллари миқдорида грант маблағлари ажратилган.

Қайд этилишича, якуний ҳисобот Жанубий Кореянинг “Saman Engineering”, “Dong Myeong Engineering Consultants & Architecture Co., Ltd”, “Korea Railroad Corporation” ва “Korea National Railway” компанияларидан иборат консорциум томонидан тайёрланган.
Тақдимот маросимида транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев, Жанубий Кореянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Вон До Ён, Корея Эксимбанкнинг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари Сангжин Канг, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бош муҳандиси Шарофиддин Қодиров, шунингдек халқаро молия институтлари ва тегишли вазирлик-идоралар вакиллари иштирок этди.