Гул парваришлаб бойлик яратган йигит: Биргина “Виола”дан 400 миллион сўм даромад
Самарқанд тумани Навобод маҳалласида яшовчи Фозил Гадоев тўрт йилдан буён гулчилик билан шуғулланиб келади.
Ҳозирда у 25 сотихли иссиқхонада турли хил гул кўчатларини етиштирмоқда ва бу орқали оиласи билан барқарор даромад топмоқда.
— Бу ерда оилавий меҳнат қиламиз, — дейди Фозил. — Йил бўйи гул кўчатларини парваришлаймиз. Қиш ойларида “Виола” гулларини етиштириш билан шуғулланамиз. Бу гулнинг афзаллиги шундаки, у совуққа жуда чидамли: +15 даражадан −35 даражагача бўлган ҳароратда ҳам яхши ўсади. Аммо иссиққа чидамсиз. Энг муҳими, иссиқхонани иситишнинг ҳам ҳожати йўқ.
Айни пайтда 10 сотих ерда 3 минг туп “Виола” кўчати тайёр бўлган. Ҳар бир кўчат учун уруғ, идиш, биогумус ва ўғитларга ўртача минг сўм сарф бўлади. Тайёр кўчатлар эса ўртача 3 минг сўмдан сотилади. Демак, ҳар бир кўчатдан 2 минг сўм соф фойда қолади. Бу ҳисоб билан Фозил бир мавсумда тахминан 400 миллион сўм даромад кўриши мумкин.

Бундан ташқари, баҳор, ёз ва куз мавсумларига мўлжаллаб ҳам турли хил гул кўчатлари етиштирилади. Яқинда хризантема гулларини сотиб тугатган Фозил энди қиш мавсумида уч марта “Виола” кўчатларини, баҳорда эса райҳон, салвия ва питуния каби гул кўчатлари етиштиради. Унинг сўзларига кўра, йилдан-йилга харидорлар сони кўпаймоқда ва бу уни янада фаолликка чорлаяпти. Фозил келгусида иссиқхоналар сонини кўпайтириш ҳамда гулчиликни кенг миқёсда йўлга қўйиш ниятида.

Фозил Гадоев каби меҳнатсевар, ишбилармон ёшларимиз меҳнати билан нафақат рўзғорини обод қиляпти, балки юрт кўркамлигига, Ватан тараққиётига ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.

Тўлқин СИДДИҚОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ (фото+видео).